Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сув танқислигидан қийналаётган Исроил амалий ишга ўтди

Сув танқислигидан қийналаётган Исроил амалий ишга ўтди

Фото: «РИА Новости»

Исроилда сув ресурслари умумий танқислиги 2,5 миллиард кубометрга етди. Бу ҳақда мамлакатнинг сув ресурслари бошқармасига асосланиб «РИА Новости» хабар бермоқда.

«Иқлим ўзгаришлари ҳатто ёмғирларга бой фаслларда ҳам сувни тежашни ҳаёт тарзимизга айлантиришни талаб этмоқда», — дейилади мазкур идора матбуот-релизида.

Сув танқислигининг бош сабаби — иқлим ўзгаришлари. Шу муносабат билан мамлакатда сувдан фойдаланишни чеклаш чоралари кўрилади. Бу биринчи навбатда экинларни суғоришга тааллуқли.

Сув ресурслари бошқармаси билдиришича, айниқса, мамлакатнинг шимолий қисмида сув етишмовчилиги жуда сезиляпти. Ҳисоб-китоблар Исроилдаги энг йирик Кинерет кўлининг сатҳи 2018 йил ёз фасли охирига бориб қора чизиққача, яъни денгиз сатҳидан 214,86 метргача пастга тушишини ва суткасига 1 сантиметрдан пасайишда давом этишини кўрсатмоқда.

Шунга қарамасдан, кўлдан йилига 100 миллион кубометр сув олиш давом этади — Кинеретдан олинган сувнинг катта қисмини Исроил тинчлик шартномаси доирасида Иорданияга етказиб беради.

Исроил ҳукумати сув хўжалигини замонавийлаштириш бўйича кенг миқёсли дастурни тасдиқлади. 2030 йилгача стратегик ривожланиш режасига кўра, сувни чучуклаштириб берувчи янги станциялар қурилиб, Кинерет сувга тўлдирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг