The Guardian: Замонавий ҳаёт ва технологиялар қандай одоб қоидаларини талаб қилмоқда?
Смартфонлар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, уларсиз кундалик мулоқотимизни тасаввур қилиш қийин. Энди одамлар нафақат юзма-юз суҳбатлашади, балки бир-бирига овозли хабар юборади, гуруҳларга қўшади, видеоқўнғироқ қилади, сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларда бўлишади. Бу имкониятлар мулоқотни осонлаштиргани рост, аммо шу билан бирга одоб-ахлоқнинг янги меъёрларига риоя қилишни ҳам талаб қилади.
The Guardian нашри 2026 йилда кундалик ҳаёт ва рақамли мулоқотда пайдо бўлган ана шундай янги одоб қоидаларини мутахассислар билан муҳокама қилди. Уларнинг фикрлари замонавий технологиялар нафақат мулоқот шаклини, балки бир-биримиздан нимани кутишимиз ва ўзаро ҳурматни қандай намоён этишимизни ҳам ўзгартираётганини кўрсатади.
Ҳамкасбларга иш вақтидан ташқари электрон хат юбориш
Truth Consulting компаниясининг маданий таҳлил бўйича мутахассиси Брижит Далтоннинг айтишича, илгари одобсизлик ҳақидаги қоидалар қисман жамиятдаги мавқе ва лавозимлар иерархиясида юқори турган кишиларга ҳурмат кўрсатиш билан боғлиқ эди.
«Бир вақтлар қуйи лавозимдаги ходимнинг юқори лавозимдаги ҳамкасби билан мулоқотда шахсий чегаралар ўрнатиши одобсизлик деб ҳисобланган. Бугун эса ўзингиздан қуйи лавозимдаги ходимларнинг шахсий вақтига аралашиш ҳурматсизлик саналади», — дейди у.
Бир сўз билан жавоб бериш...
«Ҳа», «Йўқ», «Тушунарли», «Ок.» — иш пайтида чатлар орқали мулоқот асносида бундай ўта қисқа жавоблар суҳбатдошга нисбатан бепарволик сифатида қабул қилиниши мумкин. Raven имидж консалтинг агентлиги ҳаммуассиси Софи Жуснинг фикрича, бундай жавоблар аслида жавоб эмас, балки елка қисишга ўхшайди.
«Яна биттагина қўшимча сўз ёзиш шунчалик қийинми?» — дейди у.
Юзма-юз сўраш мумкин бўлган нарсани мессенжер орқали ёзиш
Аслида, бир хонада ўтирган ҳамкасбингиздан бемалол сўраш мумкин бўлган масалаларни чат орқали ҳал қилишга одатланиш ҳам яхши эмас. Бундай мулоқот одамларга бир жойда ишлаётган ҳамкасблар сифатида эмас, балки экрандаги исмлар сифатида муносабатда бўлишга олиб келиши мумкин.
Zoom орқали иш учрашувларида қатнашиш
«Масалан кафеда zoom орқали тадбирда қатнашаяпсиз. Бунақа жойларда ҳар доим қаердадир ит ҳуради, кимдир орқасидан ўтишга ҳаракат қилади, бақир-чақир овозлар эшитилиб туради», — дейди The Polyester Book of (Bad) Taste журнали муҳаррири Айоун Гэмбл.
Унинг фикрича, бундай вазият суҳбатдошда гўёки сиз учун у билан гаплашишдан кўра муҳимроқ ишлар бор, деган тасаввурни уйғотади, наҳотки онлайн учрашув учун олдиндан уйда ёки иш жойингиздан қатнашиш қийин бўлса.
Доимий равишда «иш жойида йўқман» деган хабарни қолдириш
Муҳаррир Гэмбл электрон почтада «Фақат шу соатлар оралиғида хатларга жавоб бераман» ёки «Менинг ишим жуда кўп ва муҳим, шунинг учун тез жавоб беришимни кутманг» каби хабарларни қолдиришни ёқтирмайди.
Телефонда видеоларни баланд овозда кўриш
Жамоат транспортида, кафе, ресторан ва кутиш залларида TikTok видеолари ёки бошқа аудиоларни телефонда баланд овозда қўйиш одамларни энг кўп асабийлаштирадиган хатти-ҳаракатлардан биридир. Гэмблнинг фикрича, бу қоида таксиларга ҳам тааллуқли.
«Сиз ўз қулайлигингизни бошқаларнинг қулайлигидан устун қўяяпсиз. Менимча, бунинг ўзи айнан одобсизликдир», — дейди у.
Тўлов қилаётганда қулоқчинни ечмаслик
АҚШда 2000 нафар дўкон кассирлари иштирокида ўтказилган яна бир тадқиқотда ходимлар ҳисоб-китоб қилаётганда ҳам харидорлар қулоқчин орқали телефонда гаплашишади. Ва бу кўпчилик сотувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Илк учрашув одоби...
Red Lips номли бўйдоқлар учрашув кечалари лойиҳаси асосчиси, ёзувчи Оливия Петтернинг фикрича, учрашувдан олдинги энг катта одобсизликлардан бири — кимнидир учрашувга таклиф қилиб, аммо кейин ўзи бормасликдир.
Яна бир ножўя ҳолат, ҳиссий жиҳатдан янги муносабатга тайёр бўлмасангиз ҳам, учрашувга бориш.
«Агар сизга фақат ўзингизнинг қадрингизни ҳис қилиш учун эътибор керак бўлса, ундан кўра Instagramга жозибали суратингизни жойлаштиринг», — дейди у.
Рад жавобини хабар орқали юбориш
Бир вақтлар учрашувдан кейин жавоб бермай, изсиз йўқолиб қолиш танишувдаги энг ёмон одат ҳисобланган. Аммо бу борадаги қарашлар ўзгарган, дейди The Guardian нашрининг Blind Date лойиҳаси совчилик қилувчиси Китти Дрейк. Энди рад жавоби шахсий почта орқали юборилади.
Самимий хабарни СИ ёрдамида ёзиш
Брижит Далтоннинг фикрича, самимий хабарни сунъий интеллект ёрдамида ёзиш инсоннинг ҳис-туйғуларини ифода этишда қийналиши, бироқ уларни чин дилдан билдиришни исташини англатиши мумкин.
Шунга қарамай, бундай хабарни қабул қилган одам уни самимий эмас, балки бепарволик белгиси сифатида қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас.
«Сиз ўз ҳис-туйғуларингизни бошқа бировга топширяпсиз», — дейди мутахассис.
Матнли хабарга овозли хабар билан жавоб бериш
«Бу жуда одобсизлик!» — дейди Гэмбл.
Унинг фикрича, бундай хабар юборган одам суҳбатдоши ўз ишини тўхтатиб, унинг овозини тинглашга вақт ажрата олади, деб ҳисоблайди.
«Қисқа овозли хабарлар ҳам одобсизлик, чунки уларни ҳарф териб ёзишдан кўра, гапириб қўя қолиш осонроқ. Узун овозли хабарлар эса янада ноқулай: сиз суҳбатдошингиздан кундалик ишларини тўхтатиб, гапларингизни тинглашни, барча тафсилотларни эслаб қолишни ва кейин жавоб беришни талаб қиласиз», — дейди у.
Бирор кишининг розилигисиз гуруҳларга қўшиш
Lo Studio PR-консалтинг компаниясининг коммуникация бўйича мутахассиси Ивана Жакино бундай ҳолатни шахсий ҳаёт дахлсизлигига аралашиш деб ҳисоблайди.
«Тўсатдан ўзингиз ҳатто танимайдиган одамлардан келаётган хабарлар оқимига тушиб қоласиз», — дейди у.
Дўстлар таклиф қилган режаларга муносабат билдирмаслик
Internet Anthropology номли маданий таҳлил лойиҳаси мутахассиси Каррера Курникнинг айтишича, гуруҳли ёзишмада кимдир биргаликда бирор жойга бориш ёки учрашишни таклиф қилса-ю, бошқалар ҳатто рад жавобини ҳам бермаса, бу одобсизлик сифатида қабул қилинади.
«Бирор инсоннининг хабарини жавобсиз қолдириш унинг ижтимоий мавқеига путур етказади ва унинг мулоқот ўрнатишга бўлган уринишига жавоб қайтарилмаганини англатади», — дейди у.
Гуруҳдан огоҳлантирмасдан чиқиб кетиш
Оливия Петтернинг фикрича, гуруҳдан огоҳлантирмасдан чиқиб кетиш фақат бир ҳолатда оқланиши мумкин: агар гуруҳ аъзоларидан бири жуда ёмон иш қилган бўлса...
Бегона одамлар ҳақида контент яратиш
«Биринчи учрашув ҳақида контент тайёрлаб, уни TikTokга жойлаштириш одобсизликми? Инфлюенсерларнинг жамоат жойларида видеога олишлари-чи?» — деб савол қўяди мутахассис Каррера Курник.
«Ижтимоий тармоқларда ғазаб ва баҳс уйғотиш орқали кўпроқ эътибор жалб қилиш урф бўлган бу даврда одобсизлик ҳам фойда келтириши мумкин. Чунки одамлар бундай контентга кўпроқ муносабат билдиради ва у кўпроқ кўришлар тўплайди», — дейди у.
Ижтимоий тадбирларни контент тайёрлаш имкониятига айлантириш
Тўй ташкилотчиси Сара Хейвуднинг айтишича, бугунги кунда тўйлар айрим меҳмонлар учун ижтимоий тармоқларга контент тайёрлаш майдонига айланиб қолмоқда.
«Меҳмонлар тўйнинг ҳар бир тафсилотини видеога олишади. Қудаларнинг учрашуви, маросимдаги ҳар бир лаҳза, ўзларининг суратлари ва бошқа тафсилотларни ҳатто келин-куёвнинг ўзи бу ҳақда бирор нарса эълон қилишга улгурмасидан олдин ижтимоий тармоқларга жойлаштиришади.
Тўйда ўзини яхши тутадиган меҳмон бу ерга контент яратиш гуруҳи аъзоси сифатида эмас, балки муҳим воқеага гувоҳ бўлиш, келин-куёвни қўллаб-қувватлаш ва байрамга илиқлик бағишлаш учун таклиф қилинганини унутмаслиги керак», — дейди у.
Дўстларнинг омадсиз чиққан сурат ва видеоларини жойлаштириш
Ошпаз ва таомлар ҳақида ёзувчи Александра Дадли таътил ёки дўстлар даврасидаги байрамдан олинган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришда уларнинг овозини ўчириб қўйишни тавсия қилади.
«Чунки суҳбатлар давомида жуда шахсий ёки сир сақланиши керак бўлган гаплар айтилган бўлиши мумкин», — дейди у.
«Шунингдек, агар ўзингиз шундай суратда тушганингизда уни ижтимоий тармоққа жойлаштиришни истамаган бўлсангиз, дўстларингизнинг ҳам бундай суратларини эълон қилманг».
Дўстларингизнинг болалари суратларини жойлаштириш
Мутахассис Ивана Жакинонинг фикрича, кўплаб катталар дўстларининг фарзандларини интернетда суратга олиш ва уларнинг тасвирларини жойлаштиришга жуда енгил қарашмоқда. Бунда болаларнинг ўзи суратга олинишни хоҳлайдими-йўқми, деган савол эътибордан четда қолмоқда.
«Болалар суратга олиниб, худди кўргазмада намойиш этилаётган отлардек кўрсатилишни мутлақо ёқтирмайди. Биз буни қизиқарли деб ўйлаймиз, улар эса буни жуда ёмон кўришади», — дейди у.
Таклифномага умуман жавоб бермаслик
Тўй ташкилотчиси Сара Хейвуднинг айтишича, таклифномаларга жавоб беришни унутиш ҳақиқий эпидемияга айланган.
«Таклифномага жавоб бердим, деб ўйлайдиган меҳмонлар бор. Аслида эса улар фақат жавоб бериш ҳақида ўйлашган, холос. Бу рақамли ҳаётнинг жуда ўзига хос белгисидир», — дейди у.
Учрашувдан воз кечишни умумий гуруҳда эълон қилиш
Тадқиқотчи Брижит Далтоннинг айтишича, умумий гуруҳда бир киши учрашувга кела олмаслигини ёзса, бошқалар ҳам шу йўлдан бориши мумкин.
«Бундай вазиятда сиз бошланган мулоқотни давом эттира олмайсиз, чунки бу бошқаларга ҳам учрашувни бекор қилишга рухсат бергандек бўлади», — дейди у.
Телефонни стол устига экранини юқорига қаратиб қўйиш
«Бизнинг ижтимоий ҳаётимиз реал ҳаётдаги воқеалар билан бир вақтда виртуал оламда ҳам давом этмоқда. Шунинг учун бу икки муҳит ўртасидаги чегарани сақлай билиш жуда муҳим», — дейди Брижит Далтон.
Унинг фикрича, даврада ўтирганда телефонни экран томонини пастга қаратиб қўйиш одоблилик белгисидир.
Тадбир тугамасидан чекиш учун даврани тарк этиш...
Александра Дадлининг айтишича, муаммо чекишнинг ўзида эмас, балки унинг дастурхон атрофидаги муҳитга таъсирида.
«Овқат ҳали тугамасидан даврадаги одамларнинг ярми ўрнидан туриб кетиши жуда одобсизлик. Бу даврадаги ҳамжиҳатликни бузади», — дейди у.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter