Украина энергетика объектларига зарба беришдан тийилишга тайёр – Зеленский
Украина президенти мамлакат Трамп эълон қилган энергетик ўт очишни тўхтатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг таъкидлашича, Украина Россия энергетика инфратузилмасига зарба беришдан тийилишга тайёр ва Москвадан ҳам шундай қадам кутади.
«Бу барча учун яхши янгилик ва унинг ҳақиқатга айланиши муҳим», – деб ёзди Зеленский.
Украина раҳбари мамлакат ўт очишни тўхтатиш ва урушни якунлашга қаратилган барча ҳақиқий ҳамда ишончли ташаббусларни қўллаб-қувватлашини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Украина энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатишга тайёр, бироқ бу борада Россия ҳам худди шундай йўл тутиши керак.
Зеленский Украина аввал ҳам кескинликни пасайтиришга қаратилган кўплаб қадамларни таклиф қилганини, аммо Россия президенти уларни рад этиб келганини таъкидлади. У Путин энди АҚШ, Украина ва халқаро ҳамжамиятга қотиллик ва алдовдан фарқли, ҳақиқий ҳамда муносиб тинчликка олиб борадиган жавоб беришидан умид билдирди.
«Украина тинчликни истайди. Савол шундаки, Россия ҳам тинчликни истайдими?» – деди Украина президенти.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter