Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вануату қирғоқлари яқинида кучли ер силкинишлари содир бўлди

Вануату қирғоқлари яқинида кучли ер силкинишлари содир бўлди

Бугун, 24 октябр санасида Вануату қирғоқлари яқинида кучли ер силкинишлари содир бўлди. АҚШ Геология хизмати (USGS) дастлаб энг кучли зилзила магнитудасини 7,2 деб баҳолади.

Кейинроқ USGS асосий ер силкиниши кўрсаткичларни қайта ҳисоблаб чиқиб, унинг магнитудасини 7,2 дан 6,9 гача пасайтирди.

Биринчи зилзиладан бир неча дақиқа ўтиб, худди шу ҳудудда магнитудаси 6,3 га тенг иккинчи кучли силкиниш қайд этилди.

Зилзила ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган (бу ер юзасига яқин ва хавфли ҳисобланади). Эпицентр денгизда, Сола шаҳридан (Торба вилояти маркази) тахминан 200 км ғарбда ва Порт-Олри шаҳридан шимолроқда жойлашган.

Зилзиладан сўнг дарҳол Тинч океани цунамидан огоҳлантириш маркази (PTWC) эпицентрдан 300 км радиусда хавфли тўлқинлар юзага келиши мумкинлигини эълон қилди. Маҳаллий геохавфлар департаменти қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи аҳолини зудлик билан баландликларга эвакуация бўлишга чақирди. Кейинроқ цунами хавфи бекор қилинди.

Айни пайтгача оролларда жиддий вайронагарчиликлар кузатилгани ёки жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмади. Вануату Тинч океанининг «Оловли ҳалқа» деб аталувчи ҳудудида жойлашгани сабабли, бу ерда кучли сейсмик фаоллик тез-тез кузатилиб туради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг