Маданий мерос: Тарихий обидалардан — Ислом цивилизацияси марказигача (фото)
Шаҳрисабз. Амир Темурнинг онаси Такинахотун хотирасига бунёд этилган Оқсаройнинг улкан пештоқига қараганимда ичимда ғалати бир бўшлиқни ҳис қилгандим. Болалигимда, тарих китобларида бу сарой ҳақида ўқиганимни, расмларини кўрганимни ҳатто эслай ҳам олмадим, вақт хотирамдаги бу саҳифаларни бутунлай ўчириб юборгандек эди. Ёки ўқувчилигимда Ўзбекистон тарихи фани қизиқарли эмас эдими? Эслашга ҳаракат қилдим аммо, мана шу Оқсаройга бағишланган бирор эсда қоладиган дарсни хотирлай олмадим.
Оқсарой асосий пештоқининг морпеч безагида кошинкор уста Муҳаммад Юсуф Табризийнинг номи икки марта такрорланганини бизга тарих муаллимаси айтганмиди ўзи, китобларда шу ҳақда ёзилганмиди? Йўқ эслолмадим.
Бизгача атиги бир қисми етиб келган бўлса-да, ўзининг хароброқ ҳолатида ҳам салобати билан ҳайратга соладиган бу муҳташам меъморчилик дурдонаси қаршисида ўша унутилган тарих билан юзма-юз келдим. 73 метр баландликка бўй чўзган, Хоразм ва Табриз усталари 20 йил давомида қурган, Тахтақорача довонидан қўрғошин қувурларда сув келтирилиб шаршаралар оқизилган ва деворларидаги кошинларда “Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиори“ ҳамда “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деган ҳикматлар битилган бу кошона қаршисида ўзликни айнан шундай жонли мулоқот орқали қайта кашф этиш мумкин эканлигини англадим.
35 йилдан буён нега биз ўзликни излаймиз?
Сабаби — бу йўқотилган номларни тиклаш, тарих китобларидаги сохта саҳифаларни йиртиб ташлаш чанқоғи эди. Биз ўзимизнинг кимлигимизни, илдизларимиз қаерга тақалишини қайтадан ўргана бошлаган эдик. Бугун эса бу жараён шунчаки тарихни эслашдан кўра чуқурроқ босқичга ўтганини ҳис қиламан.
Самарқанд. У ерга илк марта росмана тарих учун юзлашиш мақсадида борганимда кичик бир сополчилик устахонасида устанинг қўлидаги лой қандай қилиб нақшинкор идишга айланаётганини кузатгандим ва шунда маданий мероснинг чинакам маъносини тушунгандай бўлдим. Уста амаки менга сополдаги мовий ранг ҳақида гапириб бераркан, бу ранг шунчаки безак эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган фикрлаш тарзи, оламни англаш шакли эканини айтганди.
“Бу нақшни бобомдан ўрганганман, мен эса ўғлимга ўргатяпман,” — деган эди соддагина ҳунарманд, ранглар жилосидан кўз ололмай.
Айнан шу оддийликда катта бир маъно бор эди. Маданий меросни биз фақат маҳобатли обидалар ёки байрамларда кийиладиган либослардагина ҳис қилмаслигимиз керак. У кундалик қадриятларимизда, бир-биримизга бўлган муносабатимизда, ҳатто маҳалланинг эрталабки сукунати-ю, ошхонадан келаётган нон ҳидида англашилади.
Биз 35 йил давомида ўзлигимизни фақат ўтмишдан ахтардик. Аммо бугунги авлодга қараб миллийлик ўзгармаган ҳолда замонавий шакл олаётганини кўриш мумкин. Рақамли дунёда, телефон экранлари орқали оламни кузатаётган ёшларнинг санъатда, либосда, мусиқада яна ўша миллий мотивларга қайтаётгани бу шунчаки тренд ёки мода эмас, бу илдизларнинг табиий тортишиш кучи эҳтимол.
Миллий мерос бу маҳобатли иморатларда, тош кўчаларга айланган ўтмишда қолиб кетмаган, балки у биз билан бирга нафас олаётган, ҳар куни қайта яратилаётган тириклик экан. Бугун мен шу жараённинг ичида турганимни ва уни келажакка олиб ўтаётган авлоднинг бир қисми эканлигимдан фахрланяпман.
Аслида, бу англаш менга осонлик билан келгани йўқ. Яна хотирамни варақлайман, болалигимда Самарқанд мен учун шунчаки бозори бор шаҳар эди. Отамнинг қўлидан тутиб, гавжум расталар оралаб юрганмиз, тирикчилик ва харид ташвиши билан банд бўлганимиз ҳалигача ёдимда. Ўшанда на отамдан, на атрофимдаги одамлардан “Бухорога бориб тарихий обидаларни томоша қилдим” ёки “Хиванинг ҳар бир тошида бутун бир тарих яширинган экан”, деган гапни эшитганман. Шаҳарларга бўлган муносабат шунчаки кундалик эҳтиёжлар билан чекланган эди. Чунки ўша пайтларда менда ҳам, атрофимдагиларда ҳам “миллий ўзлик”, “маданий мерос” деган тушунчаларнинг ўзи йўқ эди.
Биз яшаган ўша тузумда маданий мерос музейлаштирилган, яъни ўтмишнинг жонсиз экспонати сифатида кўрсатилар эди. У одамларнинг реал ҳаётидан, қалбидан ва дунёқарашидан узиб қўйилган эди.
Айнан мустақилликка эришганимиздан кейингина ҳамма нарса аста-секин ўзгара бошлади. Биз Самарқандга энди шунчаки бозор ва харид учун эмас, оилавий зиёрат, томоша учун борадиган бўлдик.
Уч боқий шаҳар ва уч англаш
Хива. Бир йилнинг ичида Хивага икки марта бордим. Биринчи марта хизмат сафари билан ва ундан сўнг оилавий саёҳат қилдик, бу зиёрат менда бутунлай янги бир туйғуни уйғотди.
Хивага илк бор қадам қўйганимда кўнглимдан бир ўй ўтди: одам Хивани кўрмасдан ва унинг кўчаларига қадам босмасдан туриб ўзга юрт тарихига қизиқиши ёки бу қадимий тупроқни четлаб ўтиб бошқа мамлакатларга саёҳат қилиши ҳақида ўйлаш мумкин эмас экан.
Хиванинг Ичан-Қалъаси ичида юрарканман, Бухоронинг муҳташам меъморчилиги-ю, Самарқанднинг салобатли пештоқларини хаёлимда ёнма-ён қўйиб кўрдим. Бу шаҳарлардаги маданий мерос фақат суратга тушиладиган обидалар эмас, балки миллатнинг тирик хотираси эканини тушундим.
Аслида, бу шунчаки мен каби инсонларнинг оддийгина кечинмаси эмас. Бугун миллионлаб юртдошларимиз тарихий маконларда айнан шу маънавий эҳтиёжни ҳис қилмоқда. Жамиятдаги ушбу ички эҳтиёж ва маданий ўзгаришлар кўлами, ўз навбатида, давлат даражасидаги рақамларда ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда.
Рақамлардаги ўзлик ва интерактив маконлар
2019 йилда тасдиқланган миллий рўйхат асосида мамлакатда 8 210 та маданий мерос объекти қайд этилган бўлса, 2025 йил март ойига келиб, Маданий мерос агентлиги маълумотларига кўра, уларнинг сони 8 366 тага етди. Тарихий масканларнинг жамият ҳаётидаги ва одамлар онгидаги ўрни кескин ўзгарганини ташрифлар сони ҳам тасдиқлайди, охирги бир йил ичида тарихий объектларга беш миллиондан зиёд маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу эса одамларимизнинг ўз ўтмишига ва маданиятига бўлган муносабати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолатдир.
Шу билан бирга, меросни сақлашнинг замонавий ёндашувлари шаклланиб бормоқда. Биз ўрганган “шарпали ва сукунатли” музейлар даври ортда қолмоқда. Бугунги кунда 27 та музейда совға ва сувенир дўконлари, ҳунармандлар устахоналари, онлайн дўконлар ҳамда ижодкорлар, фольклор жамоалари учун махсус майдонлар ташкил этилди.
Инсон омили ва тенг имкониятлар ҳам асосий мақсадга айланди: 53 та музейда имконияти чекланган шахслар учун пандуслар ўрнатилди, айримларига кўтарилиш воситалари мослаштирилди, кўпгина музейлар замонавий аудиогидлар билан жиҳозланди.
Демак, музей энди фақат экспонат сақланадиган ёпиқ жой эмас, балки ҳар бир фуқаро ва меҳмон учун очиқ, жонли ва интерактив маданий маконга айланиб бормоқда.
Дунё бўйлаб сочилган мерос ва халқаро эътироф
Миллий ўзликни англашда маданий мероснинг илмий ўрганилиши ва уни дунёга танитиш ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга. Сабаби — Ўзбекистон маданий меросининг географияси фақат мамлакатимиз ҳудуди билан чекланиб қолмайди. Берлин, Боку, Флоренция, Венеция ва Лондон каби жаҳон марказларида ўзбек музейлари экспонатлари кўргазмага қўйилаётгани миллий меросни халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан юртимизда “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусида ўтказилган VIII халқаро конгресси ва унда эълон қилинган ташаббуслар алоҳида аҳамиятга эга. Дунёнинг 35 давлатидан олимлар ва ИРСИКА, ТУРКСОЙ каби нуфузли ташкилотлар раҳбарларини бирлаштирган ушбу анжуман иштирокчиларига Президент томонидан йўлланган мурожаатда таъкидланганидек: “Бу борада Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан ўтказилаётган халқаро анжуманлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Конгресснинг бу галги саккизинчи йиғилиши доирасида мамлакатимизда бунёд этилаётган, маданий-гуманитар йўналишдаги мегалойиҳа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг жорий ва келажакка мўлжалланган илмий дастур ва режалари муҳокама қилиниши айниқса диққатга сазовордир”.
Эътиборлиси, бундан икки йил муқаддам давлатимиз раҳбари томонидан катта ишонч билан тилга олинган ушбу улуғвор ғоя ва мегалойиҳа жорий йилнинг март ойида тўлиқ ишга туширилди. Бу нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон дунёси илмий-маънавий ҳаётида туб бурилиш ясаган тарихий воқеа бўлди.
Ўша анжуманда эътироф этилганидек, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик ноёб китоб-альбомлар нашр этилиб, дунёнинг энг нуфузли кутубхоналарига етказиб берилди. Шу билан бирга, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Туркия каби давлатларнинг фонд ва архивларида сақланаётган манбалар бўйича алоҳида илмий тадқиқотлар олиб борилди. Хорижий музейларда сақланаётган тарихимизга оид 300 дан ортиқ маданий бойликнинг илмий тавсифи тайёрланиб, буюк алломаларимиз меросига оид қўлёзмаларнинг электрон нусхалари юртимизга олиб келинди. Бундан ташқари, археологик меросни сақлашда янги ёндашув асосида Афросиёб, Ахсикент ва Учтепа каби масканлар очиқ осмон остидаги музейларга айлантирилмоқда ҳамда яна бошқа археология ёдгорликларида шундай йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда
***
Бу сарҳисоб бизга яна бир муҳим ҳақиқатни эслатади: 8 366 та объектнинг ҳар бири асраш ва муҳофаза қилиш керак бўлган бебаҳо мулкдир. Маданий меросни муҳофаза қилишни фақат таъмирлашга маблағ ажратиш ёки халқаро анжуманларда фахрланиш билан чеклаб бўлмайди. Яъни, объектларни рўйхатга олиш муҳим, лекин унинг ҳимоя ҳудудини қатъий назорат қилиш, ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва жамоатчилик масъулиятини кучайтириш энг устувор вазифа бўлиб турибди...
Болалигида Самарқандни катта бозори бор шаҳар деб ўйлаган, унинг бой тарихи ва “тирик музей” эканини хаёлига ҳам келтирмаган ўша ёш қизалоқ, мен вақт ўтиб фарзандларим билан Ичан-Қалъа бўйлаб саёҳатим давомида энг катта ўзгариш одамларнинг онгида юз берганини ҳис қиламан.

Маданий меросимиз ютуқларини сарҳисоб қилар эканман, юрагим тубида бир ажиб соғинч уйғонди — Самарқанд, Бухоро ва Хивага яна қайтгим, ўша кўҳна деворлар бўйлаб яна ва яна кезгим келаётганини ҳис қилдим. Маданий меросга шунчаки ўтмиш деб эмас, қалб риштаси билан боғланиш ва ҳар сафар унга интилишнинг ўзи аслида ўзликни англаш эмасми? Барча саволларнинг жавоби, барча изланишларимизнинг якуни айнан шу соғинчда яширингандек. Эҳтимол, бу бизни томиримиз ва илдизларимиз томон тортиб турган табиий, сирли бир кучдир...


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter