Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи»

«Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи»

Мамлакат тараққиёти, миллий юксалиш ва жамият келажаги йўлида зиёлиларнинг ўрни беқиёс. Зеро, илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт ва маданият ривожи, аввало, ўз соҳасининг етук вакиллари, уларнинг билими, тажрибаси ва ташаббусларига боғлиқ.

Шу мақсадда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор 10–14 ноябр кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон зиёлилари кенгаши»нинг ҳудудий йиғилишлари ўтказилади.

«Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида ташкил этилаётган мазкур учрашувлар илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, маданият ва бошқа соҳалар вакилларини ягона мақсад атрофида бирлаштиришга қаратилган.

Йиғилишлардан кўзланган асосий мақсад — зиёлиларнинг билим ва бой тажрибасини мамлакат тараққиётига йўналтириш, ҳудудлардаги долзарб масалаларни кенг муҳокама қилиш ҳамда уларнинг ечими бўйича аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Эътиборлиси, бу жараёнда зиёлилар нафақат ўз соҳаларидаги муаммо ва вазифаларни муҳокама қилади, балки мамлакат ва жамият ривожига дахлдор масалалар юзасидан ҳам ўз қарашлари, ташаббус ва таклифларини илгари суради.

Ҳудудий йиғилишларда билдирилган ташаббуслар умумлаштирилиб, «Ўзбекистон зиёлилари кенгаши»нинг республика йиғилишида тақдим этилади.

Бу эса турли ҳудудлардаги илғор фикрлар, касбий тажриба ва амалий таклифларни ягона мулоқот майдонида жамлаш, уларни умуммиллий тараққиёт мақсадлари билан уйғунлаштириш имконини беради.

Зеро, миллий юксалиш фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки инфратузилмавий ўзгаришлар билан белгиланмайди. Унинг замирида илмли авлод, юксак маънавият, ижодий тафаккур ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этадиган зиёлилар туради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг