Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хориж ҳайдовчилик гувоҳномаси Ўзбекистонда ҳам ўтадими?

Хориж ҳайдовчилик гувоҳномаси Ўзбекистонда ҳам ўтадими?

Фото: «migrant.mob»

«Xabar.uz»га хорижда яшовчи юртдошимиздан хат келди. У чет элда олган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан Ўзбекистонда автотранспорт воситасини бошқаришнинг тартиб-қоидалари ҳақида савол йўллаган. Мактуб мазмуни қуйидагича:

«Мен Сирдарё вилоятида туғилганман. «Green card» лотереясида омадим келиб, оилам билан АҚШнинг Филадельфия штатида истиқомат қиламан. «Xabar.uz» сайтини мунтазам кузатиб бораман.

Сизларга бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Мен бу ерда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайман. Ҳайдовчилик гувоҳномамни ҳам шу ерда олганман. Саволим шундан иборат: АҚШда олган ҳайдовчилик гувоҳнома билан Ўзбекистонда транспорт воситасини бошқара оламанми? Ёки илова сифатида Ўзбекистонда транспорт бошқариш учун бирор бир ҳужжат олишим керакми?

Ушбу саволимга масъул идоралар орқали жавоб беришингизни сўрайман. Ж.Бозоров».

Юртдошимизнинг ушбу саволига жавоб олиш учун Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари  Бахтиёр Нигмановга мурожаат қилдик.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ва Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади, — деди Бахтиёр Нигманов. — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун мамлакатимиз ҳудудида фақат Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.

Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ваколатхоналари ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари бошлиқлари ва бошқа ходимларининг (дипломатик ва маъмурий-техник ходимларнинг), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб бермайдиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали ЙҲХББга мурожаат қилиш шарти билан Ўзбекистоннинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилади. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ҳайдовчилик гувоҳномалари имтиҳонлар топширилмасдан алмаштирилади.

Тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий ходимларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги орқали Ташқи ишлар вазирлигининг ЙҲХББга мурожаат қилиш ва тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан Ўзбекистоннинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш имтиҳонлар топширилгандан кейин амалга оширилади.

Бошқа хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштиришдан олдин улар ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади. Текшириш натижасида ҳайдовчилик гувоҳномалари тасдиқланган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг