Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Қайтар дунё дейдилар

Қайтар дунё дейдилар

10 миллиардлик Ер шари аҳолиси тенг иккига бўлиниб, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» учун мухлислик қиларди...

Фото: Pikabu

2037 йил, кузнинг сўнгги кунлари. А. шаҳрининг мэри (бу пайтга келиб «ҳоким» тушунчаси эскириб, унинг ўрнида аллақачон «мэр» қўллана бошлаганди) Чақмоқбек Тўра кечаси билан ухлолмади. Айниқса, кечаги оламшумул «Эл классиги» (Баъзи кексалар уни ўтмишдаги «Эл Классико» билан адаштириб туришарди) учрашувида «Пахтакор»нинг «Бунёдкор»га 3:0 ҳисобида енгилиши унинг кайфиятини тамомила расво қилганди (бу пайтга келиб, дунё футбол мухлислари «Барса», «Реал» сингари клубларни паққос эсдан чиқариб юборган, 10 миллиардлик Ер шари аҳолиси тенг иккига бўлиниб, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» учун мухлислик қиларди).

Мэр аламини кимдан олишни билмади. Йўқ, бунақаси кетмайди. Кимнидир яхшилаб сўкиб хумордан чиқиши шарт. Беихтиёр бугун эрталаб шаҳар фаоллари йиғилиши борлигини эслади. Демак, аламини тўкишнинг яхшигина йўли бор.

У ўзининг «Айфон 22» русумли кўзга кўринмас телефонининг чақирув хизматига хаёлий сигнал юборгач, орадан саноқли сониялар ўтиши билан уйининг олдига «Нексия-33» русумли ҳайдовчисиз юрадиган хизмат машинаси келиб тўхтади. Аслидаги ёш ходимлари билан алоҳида мажлис ўтказиш шарт эмас. Ҳаммасини замонавий технологиялар ёрдамида масофадан туриб ҳал қилиш мумкин. Лекин азалий урф-одатларга содиқ мэр акамиз юзма-юз тарзда ҳар ҳафта эрталаб шаҳар фаолларини тўплаб, йиғилиш ўтказмаса кўнгли жойига тушмайди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Чақмоқбек Тўра шаҳар мэриясининг улкан чиғаноқни эслатувчи 23 қаватли биносида (шаҳардаги ҳамма маъмурий идоралар шу ерда жойлашганди) шаҳар маҳалларининг раисларини бирма-бир турғизиб, бўралаб сўкмоқда эди.

Биз муҳтарам ўқувчиларга ҳурмат юзасидан Чақмоқбек Тўранинг чақмоқдек нутқидаги уятсиз сўзлар, сўкинишлар ўрнига фақат нуқталар ишлатдик:

– ....................................................................................................................................... Эшитдиларингми?! (Нутқда жузъий қисқартиришларга йўл қўйилди – таҳр.)

Чақмоқбек Тўра 33 дақиқалик нутқи давомида 1437 та уятли сўз ишлатиб, (биз уларнинг қайси сўз туркумига эга эканини аниқ ёзиб ўтирмадик – таҳр.) ўзини анча енгил ҳис қилди. (2034 йилги жаҳон чемпионати финалида Ўзбекистон термаси Бразилияга 2-1 ҳисобида ютқазиб қўйганида ҳам, муовинини роса сўкиб, шунақа енгил тортганди).

Мажлисдан чиққанида «Айфон 22» русумли кўзга кўринмас телефоннинг қулоққа эшитилмас сигналидан (бу телефонлар фақат ҳис қилинарди) сергак тортди. Жиноят ишлари бўйича А. шаҳар судидан СМС-хабар келганди. Зум ўтмай, битта сигнал билан хабарнинг моҳияти унинг миясига узатилди:

«Сизким, А. шаҳар мэри Чақмоқбек Тўра 33 дақиқаю 4 сония давомида мажлисдаги 38 нафар шахсга 1437 та уятсиз сўз ишлатганингиз учун (сўзларнинг лингвистик ва морфологик таҳлили илова қилинади) мажлис иштирокчиларининг 37 нафари устингиздан судга онлайн тарзда шикоят қилди ва барча нутқингиз ёзиб олинган файлни ҳам жўнатишди. Шу боис, сиз тегишли қонун моддаларига кўра, 37 нафар фуқаронинг ҳар бирига 1000 сўмдан компенсация, давлат хазинасига яна 8000 сўм жарима тўлайсиз (мажлис иштирокчиларининг пластик карточкалари рақамлари илова қилинади).

Бу СМСни англаши билан мэрнинг кўзлари косасидан чиққудек бўлди. «Минг лаънат, эртагаёқ ҳокимият биносига кирадиганларнинг аппаратини қоровул роботларга қолдириб чиқиш бўйича буйруқ чиқараман», деди.

Мэрнинг куйинганича бор эди. Чунки, нақ 45 минг сўмга тушиб ўтирибди. Бу пулни давлат курсига ҳисоблаганда (қора бозор тугатилганига 20 йил бўп қолганди) 90 минг долларга тенг. Бунча пулни қаердан топади? Ҳокимлар... узр мэрлар 15 йилдан бери бир тийин пора олмай қўйишган, тўрт минг сўм маошга қаноат қилиб келишади. Демак, бир йиллик маоши қулоғини ушлаб кетди...

«Тўхта, «оқсоқоллар»нинг фақат 37таси ўтирган жойидан судга шикоят юборибди. (Одамлар бу пайтга келиб ўз ҳуқуқларини пухта биладиган бўп қолишганди). Қайси инсофли маҳалла раиси унга «раҳм» қилиб, шикоят ёзмадийкин?

Мэр шу савол устида бош қотира бошлаган пайтда, Мурод Ражабов номидаги маҳалла раиси, 62 ёшли Элмурод Неъматуллаев ўз ҳужрасида худди савдойидек ўзига ўзи гапириб ўтирганди:

— Тавба, қайтар дунё деганлари шу экан-да? Йигирма йил илгари шу шаҳарда ҳоким бўлганимда, худди шу маҳалла (у пайтда маҳалла «Оқ олтин» деб аталарди – таҳр.)нинг раисини «...........ни ..... га ....аман» деб сўккандим. Энди болам тенги манави мишиқи худди шу сўзларни ўзимга қайтариб ўтирса-я? Майли, нима бўлгандаям, устидан шикоят қилмаганим тузук бўлди. Мен ҳам эдим сенингдек, сен ҳам бўласан менингдек...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг