Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода 22 ёшли қиз тўққиз нафар фуқарони чув туширди

Бухорода 22 ёшли қиз тўққиз нафар фуқарони чув туширди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, икки ҳолатда аёллар томонидан кибер жиноятга қўл урилган.

Таъкидланишича, О.Г. исмли 23 ёшли аёл Когон шаҳрида яшовчи фуқароларнинг соддалигидан фойдаланиб, турли алдов йўллари билан пластик карталаридан жами 4.040.000 сўм пулларни ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ечиб олган.

«Уни илгари кўрмаганман. Якшанба куни банкоматлар ишламагани боис, қўлимдаги пулимга рўзғорга етарли бозор-ўчар қилолмай, бозордан ҳафсалам пир бўлиб қайтдим. Кўчабошидаги ўриндиқда хаёлга берилиб ўтирган эдим. Бир нотаниш аёл дардимга шерик бўлдими, ташвишимни енгиллатмоқчи бўлдими, билмадим, шахсий пластик картам билан нималардир қилишим кераклигини тушунтирди. Қайсидир операцияларни бажардим ҳам. Ҳатто, унинг кимлигини ҳам сўрамабман. Билимсизлик оқибати-да... Уйга келсам, бир миллиондан ортиқ пулим ечиб олинган. Ҳушим баттар бошимдан ошди. Кейин ички ишлар идораларига мурожаат қилдим. Аёллардан ҳам фирибгар чиқар экан-да...»,— дейди когонлик 42 ёшли аёл С.Ч.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Когон шаҳар ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида О.Г. нинг ҳатти-ҳаракатлари фош этилган.

Худди шундай фирибгарлик  ҳолати Олот тумани ИИБ томонидан ҳам аниқланган. Унга кўра, номаълум шахс компьютер тизимларига рухсатсиз кириб, «Миллийбанк» АТБ томонидан расмийлаштириб берилган пластик картадан 9 нафар фуқароларнинг картасидан жами 12.511.000 сўм пулларни ечиб олган.

«Ҳолат 22 ёшли қиз Ш.Г. томонидан содир этилган. Ҳозирги кунда ушбу шахсларнинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорликлари, шунингдек, ушбу гумон қилинувчилардан жабрланган фуқароларни аниқлаш юзасидан тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда»,—дейди Шуҳрат Жалолов.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг