Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХХ уюшма раиси, юристконсулт ва қамоқхона маҳкумини қўлга олди

ДХХ уюшма раиси, юристконсулт ва қамоқхона маҳкумини қўлга олди

Видеодан кадр.

ДХХ тезкор тадбирларда бир қанча шахсларни қўлга олди. Улар ичида қамоқхона маҳкуми, уюшма раиси ва юристконсулт ҳам бор. 

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1970 й.т. ва Жиззах шаҳрида яшовчи, 1971 й.т. 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда, қурилиш фирмаси раҳбарига, ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 72,5 млрд. сўмлик ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендер савдоларисиз, тўғридан-тўғри олиб беришни ваъда қилиб, эвазига объект қийматининг 6 фоизини, яъни 4 млрд. 350 млн. сўм талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағидан 29 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ноқонуний ишга Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган, ИИВ ҳузуридаги 44-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг алоқадорлиги аниқланиб, юқоридаги пул маблағидан 28500 АҚШ долларини олган вақтида у ҳам қўлга олинди.

Бошқа ҳолатда эса Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги боғдорчилик ва полизчиликка ихтисослашган уюшма раиси ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Учкўприк туман филиалининг собиқ мутахассиси ҳисобланган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун бир неча маротаба судланган шахс ўзаро келишган ҳолда, мазкур уюшма балансидаги 10 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 12600 АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қарши давлат университетининг юрисконсульти Косон туманида яшовчи, 1991 й.т. фуқаронинг Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқиётганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ўқишини Қарши давлат университетининг тиббиёт факультетига кўчириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Лекин, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг