Самарқандда 4 киши каналга чўкиб кетиб, ҳалок бўлди
Пахтачи туманида 4 киши сувга чўкиш оқибатида ҳалок бўлди.
Жорий йилнинг 31 май куни соат 20:25 да Самарқанд вилояти ФВБга «112» тизими орқали юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида унда бўлган 8 нафар фуқаро билан Пахтачи тумани «Украч» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Нарпай» каналига тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан, ФВВ қутқарувчилари воқеа жойига етиб борган вақтда каналга тушиб кетган 8 нафар фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолинганлиги маълум бўлган.
Шундан сўнг зудлик билан сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Қутқарувчилар ва аҳоли ёрдамида олиб борилган сувда қидирув ишлари давомида қолган 4 нафар фуқаро ҳалок бўлганлиги аниқланиб, каналдан олиб чиқилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, Пахтачи тумани «Украч» МФЙда яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро ўз бошқарувидаги электромопедга жами 8 нафар шахсни – турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан 6 нафар вояга етмаган болаларни миндириб, сайр қилаётган бўлган.
Ҳозирда воқеа жойида Пахтачи тумани прокуратураси, ИИБ, ФВБ томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter