Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тинчлик ҳам жанггоҳ. Уни асрашга жангчилардек жасорат керак!» – 98 ёшли Иккинчи  жаҳон уруши фахрийси

«Тинчлик ҳам жанггоҳ. Уни асрашга жангчилардек жасорат керак!» – 98 ёшли Иккинчи  жаҳон уруши фахрийси

Бошида рўмолини пешонабанд ўраб, белидаги ошхона фартугини ечасолиб, дарвозага шоша-пиша отилган ўрта ёшлардаги аёл бизга пешвоз чиқди.

«Ўргилайжонлар, отамни овқатлантираётгандим, сал ҳалладим. Хуш келибсизлар!», – деди ҳалиги аёл хижолатомуз меҳнатдан қабарган қўлларини кўксига қўяр экан.

«Қизларисиз, шекилли, отахонни?!» – сўраймиз.

«Келинлариман», – дея бизни ичкарига чорлаган аёлнинг «отамни овқатлантираяпман», – дегани бежизга эмас экан.

52 ёшли Мастура Тўхтаева тўрт йилдирки, тўшакка михланган «уруш қаҳрамони» бўлган қайнотасига қиздек меҳрибон.

«Отажоним Иккинчи жаҳон урушининг Пешку туманида ҳаёт бўлган ягона вакили. 98 ёшдалар. Уруш пайтларида оёқларидан олган оғир жароҳатлари туфайли охирги йилларда юролмай қолдилар. Икки оёқ, икки қўллари бўлиб юрибмиз. Умрлари узоқ бўлсин. Аллоҳга шукур, отам яхшигина суҳбатдош, хотиралари яхши», – дейди опахон кулиб.

Пешкў туманининг «Талисобун» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Талисобун қишлоғида яшовчи Назар ота Шеров 1925 йилда туғилган.

Отахон суҳбат аввалини:

«Бир пас «уруш»ни қўятур, болам. Биз-ку, жанггоҳда «қаҳрамон»лик қилдик. Ҳовлим ичидаги шу қизим ҳам чинакам қаҳрамон. Мани десанг, шуниям қоғозингда кўрсат», – дея келинига ишора қилиб бошлади.

Отахоннинг сўзига кўра, у турмуш ўртоғи Норжон Саидова билан 9 қиз, 1 ўғил фарзандни тарбиялаб, камолга етказган. Ўн фарзанд ҳам оилали, уйли-жойли бўлиб кетишган.

«Тўққиз эмас, ўн қизим бор, болам. Мастура келиним мани қаҳрамон қизим (кулиб). Раҳматли қайнонаси 8 йил тўшакда михланиб қолди-да, тушмагур. Келин-қизим оқ ювиб, оқ таради. Бошқа келинларга ўхшаб, бир марта ҳам «ээ» демаган. 8 йил ёстиқдан бош ололмаган қайнонасининг таг-тевига қаради-да, жони соғ бўлгур. 2016 йилда кампиримни тупроққа топширдик. Ҳайтовур, орадан кўп ўтмай, ўзим ҳам... оёғим панд берди, юролмай қолдим.  Қўл-оёғим шу келиним бўлди. Болаларини ҳузурини кўрсин. Мани қаҳрамон келинимниям ёз», – дея қайта-қайта кулимсираб таъкидлаган бўлди отахон.

Назар ота кўзларини хиёл узоқларга қадаб, чуқур хўрсиниқ билан ҳикоясини бошлади:

«1943 йилда,18 ёшимда урушга сафарбар қилиндим. Ўшанда мактабнинг битирувчиси эдим. «Военком» бўй-бастимга қараб: «Олдинги сафларда бўл. Бу армия - уруш ўчоғи, бу шунчаки қўлингга автомат олиб, «отаман», «ўлдираман», дегани эмас, ўзингни ҳам, сафдошларингни ҳам жанггоҳларда ҳимоя қилиш ҳам дегани» деди. Бир гуруҳ йигитлар Когон темир йўл вокзали орқали армияга жўнаб кетдик. Ортимизда уввос солган оналар, дуогўй оталар, сўзсиз йиғлаб кузатаётган севган қизлар қолди. 1945 йил апрель ойига қадар Украина фронтида бўлдим. Айнан шу вақтда жанг майдонида ўнг оёғимдан яраландим. Бироқ тўхташ ёки ортга қайтиш йўқ. Икки йил давомида ҳал қўлига автомат ушлаб кўрмаган йигитлар жасур жангчиларга айланиб, уруш майдонларида «пишиб», кўзларимиз қотиб кетди.  Бир муддат даволаниб, яна фронтга қайтдим  Украина, Польша давлатларини озод этиш жангларида қатнашдим. Уруш ўчоғидаги энгг даҳшатли тан олув нима биласанми, болам, бу – сенинг ўлимдан қўрқмай қолишинг, дайди ўқ қаршилигига тайёр туришинг!» – овози қалтираб чиқди Назар отанинг.

1945 йилнинг совуқ қишида бир гуруҳ жангчилар Россиянинг Пенза вилоятига жўнатилган. Улар орасида Назар Шеров ҳам бўлган. Махсус тайёргарликдан ўтган батальоннинг биринчи вазифаси душман тасарруфига ўтган Запарожец шаҳрини қўлга киритиш бўлган. Ушбу вазифани бажариш чоғида суҳбатдошимиз иккинчи бор яраланган

«20 кун давомида оёққа туриб, сафдошлари билан бир қаторда Украина, Киев, Польша, Варшава ҳудудларини душмандан озод этишда иштирок этган.

Шу кучда ортга чекинмай, Германиянинг Берлин шаҳригача бордик. Учинчи бор дайди ўқ яна ўнг оёғимни забт этди. 1945 йил май ойида эришилган ғалабани қўлтиқтаёқда қаршиладим. Ким кўзидан, ким қўлидан, ким оёғидан ажралган. Жароҳат оғриқлари жонимизни зирқирратса-да, ғалаба қувончидан сакраганмиз», – худди яна ғалаба кунига қайтгандек қўлларини тикка кўтариб, баланд товушда гўё ўрнидан сакраб туришга чоғланади отахон.

«Уруш тугагач, жанг майдонидан тирик қолганлар юрт-юртларига қайтарилди. Бироқ, мен хизмат қилган батальон яна 4 йил давомида Германия давлатида хизматга ушландик. 1949 йилнинг май ойида бир қанча имтиёзли тавсияномалар ва унвонлар билан Олмон ҳарбий хизматидан Она қишлоғимга қайтдим. Етти йиллик айрилиқдан кейин биринчи рўбарў келганим акам бўлди. Энди соғинч, кўз ёш, ўкирик йиғилар, дод-фарёдлар... жигарларини йўқотган, фарзандлари бедарак кетган ҳамқишлоқларимнинг ман билан бағирлашиб йиғлашлари... қирғинбарот уруш номига қайта-қайта лаънат бўлиб ёғиларди. Ах-хх, уруш кўрманглар-ай, болаларим-айй...», – дейди отахон елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаб.

Урушдан қайтган Назар Шеров, ўз қишлоғидаги мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаган.

«Муаллимлик қилдим. Турмуш ўртоғим билан тўққиз қиз, бир ўғилни тарбиялаб вояга етказдим. Адашмасам, икки юздан зиёд невара, эвара, чевараларим бор-ов, умрлари узоқ бўлсин. Бирваракайига келишса, Аллоҳга шукур, ҳовлимизда тўй бўлади. Гоҳида келину қизларим болаларга: «Қий-қувлашмаларинг, отамизни безовта қилмаларинг» деб қолишса, кўнглим оғрийди-да. Йўқ, тинчлик замонда болаларим қанча қий-чув қилиб, тўполон қилишса, яйрашса, баҳра оламан», – дейди суҳбатдош.

Айни суҳбат чоғида Пешкў тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров ҳам уруш қатнашчисини йўқлаб келди. Отахон чеҳраси бирдан ёришиб:

«Ҳа, ўғлим, яна овқатлантириб қўйгани келдингми?» – деди туман ҳокимига ҳазиломуз.

«Бу дунёда тинчликка етари йўқ. Сенлар учун ҳам шу тинчликнинг ўзи бир жанггоҳ. Уни асраш учун ҳам жангчилардек жасорат керак. Қанча ҳаракат қилиб, асраб-авайласанглар, тинчлик янаям бардавом бўлади. Элу-юртга хизматни худди жангчилардек адо этсаларинг, одамлар ҳам сизлардан шунча рози бўлади», – дейди Назар ота.

Барваста қадди чўккан, соч-соқоли оқарган, қўллари хиёл қалтираган, аммо овози жўшқин собиқ жангчининг кўзларига боқамиз: уруш асорати, окопларда қолган сафдошларининг оғриқли хотири, снаряду бомбаларнинг қулоқни қоматга келтирувчи ёқимсиз гумбирлаши садолари нигоҳларини тарк этмагандек. «Тинчликни асранг, уни қадрланг!», – дейди у такрор.

Маълум ўрнида, ҳозирда Бухоро вилоятида Иккинчи жаҳон урушида қатнашчилар сони жами 7 нафарни ташкил қилади.

Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг