Тошкентда ноқонуний 50 млн долларлик криптовалюта айланмасини амалга оширганлар аниқланди
Наркотик ва психотроп моддалар ҳамда криптоактивларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноят фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан терговга қадар текшириш ўтказилди. Унда «HST»,«VEK» ва «RBMT» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар Telegram ижтимоий тармоғида наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи халқаро «TESLA SHOP» гуруҳига тегишли 58 та Telegram bot орқали сотилган наркотик ва психотроп воситалари учун келиб тушган 20,9 млрд сўм маблағни 14 нафар хорижий фуқаро номига Ўзбекистон банкларида очилган 90 та сохта (дроп-) картага, 8 млрд сўмини Paynet фаолияти билан шуғулланувчи «HST» ва «VEK» МЧЖларга ҳамда 4,7 млрд сўмини «CP» крипто-дўконига ўтказиб, кейинчалик ушбу ва бошқа маблағларни жамиятларнинг ҳисоб рақамларига ўтказишган.
Улар аҳолига 621,2 млрд сўмлик «Paynet» хизматларини кўрсатишиб, 90,3 млрд сўмлик солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари, шунингдек, ушбу фаолиятдан орттирилган маблағлар ҳисобидан 50,5 млн АҚШ доллари миқдорида ноқонуний криптоактивлар айланмасини амалга ошириб, шундан 2,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги криптоактивларни 14 нафар чет эл фуқаросининг валюта ҳисоб рақамларига ўтказиб, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштирганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter