Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нарколаборатория ташкил этганлар 10 йилгача қамалади

Нарколаборатория ташкил этганлар 10 йилгача қамалади

Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжатга мувофиқ, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасидаги жавобгарлик чоралари такомиллаштирилди.

Жиноят кодексига киритилган янги нормаларга кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёки қайта ишлаш мақсадида ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш алоҳида жиноят сифатида белгиланди.

Мазкур қилмишни содир этган шахслар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонун билан бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш учун ҳам жазо чоралари аниқлаштирилди. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш мақсадида бундай жойларни ташкил этган шахслар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилиш учун ҳам алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бундай ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Ҳужжатда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўғирлик ёки фирибгарлик орқали қонунга хилоф равишда эгаллаш учун ҳам жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Бундай ҳолатларда айбдорларга 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг