Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Устамон абитуриентлар: қалбакилаштирилган паспорт, ноёб телефон ва бошқа «ноу-хау»лар (видео)

Устамон абитуриентлар: қалбакилаштирилган паспорт, ноёб телефон ва бошқа «ноу-хау»лар (видео)

Фото: «facebook.com/prokuraturauzb»

Имтиҳонларнинг биринчи куниданоқ, «уддабурон» абитуриентларнинг айрим хатти-ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг эътиборини тортди. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан тайёрланган лавҳада кўрсатиб ўтилди.

Маълум қилинишича, тест синовларининг биринчи кунида текширув ўтказиш мобайнида паспорт сохталаштирган шахслар ҳам аниқланган. 24 ёшли Ж.Ф. бир эмас, 3та олийгоҳга қалбаки ҳужжат топшириб, пул ишлаб олишни ният қилганди.

«Асл паспорт эгасининг юзига мослаб, дазмолдан фойдаланган ҳолда ўз суратимни жойлаштирдим. Бу ҳужжатлар имтиҳонга қадар тайёрлаб қўйилганди. Назорат кучли бўлишига қарамай, еттита текширувдан ўта олдим. Ҳар томонни ўйлаш зарур эди. Мабодо қўлга тушиб қолсам менга тегишли бўлган буюмлар мусодара бўлиб кетмаслиги учун, ҳаммасини бозорга олиб чиқиб, сотиб юбордим», — дейди қўлга тушган сохта абитуриент.

У 15 миллион эвазига фуқаро У.У.ни ўқишга киритиб қўйишга ваъда берганди. Сохта абитуриент С.Ф. ва унинг шерикларига Жиноят кодексининг 228 моддаси 2 қисм «б» банди ва 3 қисми, 211 моддасининг 1 қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Маълум бўлишича, у аввал ҳам фирибгарлик қилгани учун 2 маротаба судланган экан.

Шунингдек, тест жараёнларида ноёб телефон ва замонавий қулоқчинлардан фойдаланмоқчи бўлган абитуриентлар ҳам кузатув камералари орқали аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, тест синовларининг биринчи кунида 255 нафар, иккинчи кунида эса 486 нафар абитуриент ўзларининг қинғир ишлари оқибатида имтиҳонлардан четлатилди.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг