Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Зудлик билан 10 минг доллар юборинг, йўқса қизингиз қамалади...»

«Зудлик билан 10 минг доллар юборинг, йўқса қизингиз қамалади...»

Иллюстратив фото

Бухоро туманининг Галаосиё шаҳарчасида яшовчи фуқаро Р.Ч. қўл телефони орқали келган хабардан гангиб қолди. Оилада саросима бошланди. Аксига олиб, қизи М.Р.нинг ҳам қўл телефони ўчиқ. Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ушбу ҳолат ортидан фирибгарлик жинояти содир этилган.

Воқеага кўра, Галаосиё шаҳрилик Р.Ч.нинг қўл телефони рақамига нотаниш бир шахс қўнғироқ қилиб, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган катта терговчиси, деб таништирган. «Катта терговчи»нинг сўзига кўра, гўёки Р.Ч.нинг қизининг қоидабузарлиги сабабли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бунинг оқибатида бошқа бир ҳайдовчи оғир тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

«Беморнинг аҳволи жуда оғир, унга бир неча жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур. Бунинг учун зудлик билан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул юборинг, йўқса, қизингиз узоқ муддатга қамалади. Зарур пулларни олиш учун ўзимнинг ёрдамчи терговчимни уйингизга жўнатганман. Ярим соат ичида у уйингизда бўлади. Тезлаштиринглар», деган гапни эшитиб, довдираб қолдик. Аксига олиб, мусофирчиликда ишлаб юрган қизимнинг ҳам телефони ўчиқ. Энди аҳволимизни тасаввур қилаверинг... Ва биз шунча миқдордаги пулни топиш тараддудига тушдик...», — деган Р.Ч. ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида.

Р.Ч. ва унинг оиласидагилар ҳали ўзини ўнглаб ололмай туриб, «катта терговчи»нинг «ёрдамчиси» уларнинг дарвозасини тақиллатган.

«Ҳалиги «ёрдамчи» аёл бизни қизим билан улаб берди. Қизим билан жуда қисқа гаплашдик. Қизим ҳақиқатан ҳам шундай воқеа содир бўлгани, пул зарурлиги ва бемор оғир аҳволда эканини айтиб, телефонни қўйиб қўйди. Биз улар айтган миқдордаги пулни «ёрдамчи» аёлга бериб юбордик», — деди Р.Ч.

Билдирилишича, Р.Ч. қизи билан гаплашгач, «ёрдамчи» аёлга 7 000 АҚШ доллари, 12 000 000 сўм пул ва 27 770 Россия рублини  бериб юборган.

Орадан кўп ўтмай, Р.Ч. ушбу вазиятда яна қизининг қандай аҳволдалигини билиш учун кўмак сўраб, ҳудуддаги ҳуқуқ-тартибот органидаги танишларига чиққан. Бу қалтис вазиятда эса ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳолатга жиноят аралашган ёки аралашмагани билан қизиқишган. Афсуски, олиб борилган ҳаракатлар давомида Р.Ч. ва унинг оиласи фирибгарларга учрашганини аниқлашган. Худди шу вазиятда орадан вақт ўтмай, Р.Ч.га қизи ҳам қўнғироқ қилган. Ўзининг соғ-саломат ишлаб юрганини, ҳеч қандай йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлмаганини, зудлик билан ички ишлар ходимлари орқали масалага ойдинлик киритиш зарурлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, техник ва тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган. Ушбу жиноятни 1985 йилда туғилган, Тошкент вилоятида яшовчи М.А. исмли шахс ўзининг Россия Федерациясида бўлиб турган шериклари билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда содир қилганлиги аниқланган.

«Техника шу қадар жадаллашиб кетдики, афсуски, бу жадалликдан ғараз мақсадларда фойдаланаётганлар сони, жиноятлар тури ҳам кўпаймоқда. Фирибгарлик ва алдов йўли билан ўзгалардан йирик миқдорда пул ўзлаштириш учун ҳатто, яқин қариндош ёки таниш-билишларнинг овозидан нусха кўчириб, унга ўхшатиш, телефон орқали айнан шахснинг ўзи билан эмас, балки унинг ўхшатма овозидан фойдаланиш жиноятлари юзага келмоқда. Огоҳ бўлинг ва яқинларингиз билан доимий мулоқотда бўлиб, улар ҳолидан хабардор бўлишни унутманг! Йўқса, юқоридагидек ачинарли муаммолар гирдобида қолишингиз мумкин!» — деди Шуҳрат Жалолов.

Юқоридаги ҳолат юзасидан олиб борилган техник, тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан 2024 йилнинг 1 майидан 10 майига қадар Фарғона вилояти ҳудудида ҳам худди шу турдаги 6 та жиноят содир этилгани аниқланган.

Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳнинг республикамиз ҳудуди бўйлаб содир этилган ва фош этилмасдан қолаётган шу ва бошқа турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан техник, тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг