Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Долзарб муаммо: электрни тежаш борасида муҳим фактлар

Долзарб муаммо: электрни тежаш борасида муҳим фактлар

Фото: Xabar.uz

Энергия ресурсларидан рационал фойдаланиш муаммоси энергия истеъмоли маданияти пастлигича қолаётган ҳозирги шароитда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Исрофгарчилик шундоқ ҳам электр энергияси етишмаётган бир шароитда барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.

Мутахассислар келтирган рақамларга кўра, Ўзбекистондаги 7,4 миллион абонентнинг ҳар бири 100 ваттлик 1 дона чўғланма лампани кечаси атиги 8 соат ўчириб қўйса, бир йилда 2 миллиард 160 миллион 800 минг киловатт электр энергиясини (бу мамлакат аҳолиси умумий истеъмол ҳажмининг 13,5 фоизи деганидир), 1 дона ёруғлик чиқарувчи энергиятежамкор LED лампасини кечаси ёқиб қўйишдан тийилса, 306 миллион киловатт (умумий истеъмол ҳажмининг 1,9 фоизи) электр энергияси тежаб қолинади.

Бир дона чўғланма лампани замонавий LED лампасига алмаштириш орқали эса ойига 22,4 киловатт-соат, йилига эса 271,5 киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинади.

Шунинг ўзиёқ амалдаги 295 сўмлик тариф бўйича ҳисобланганда, ойига 6608 сўм (ёки йилига 79 минг 296 сўм) миқдорида маблағ тежаш имконини беради.

Агар бундай тежамкорлик аҳоли орасида оммавий тус олса, бу мунтазам ток ўчишларининг олдини олиш ҳамда электр билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.

Аҳоли вакиллари ҳатто маиший даражада бўла туриб, улкан ҳажмлардаги энергия тежамкорликка ёрдам бериши, биргина хонадонда электрдан тўғри фойдаланиш орқали бутун мамлакат миқёсидаги энергия самарадорликка ҳисса қўшиши мумкин.

Масаланинг яна бир жиҳати, энерготежамкорликни доимий маданиятга айлантириш учун молиявий мотивация ҳам бўлиши керак. Агар электр нархи бозор нархидан бир неча баробар арзон бўлса, тежамкорлик ҳақидаги маъруза ва насиҳатлар иш бермаслиги аниқ.

Аҳолини электр билан узлуксиз таъминлашда истеъмол маданиятини ошириш қанчалик муҳим бўлса, энергетик инфратузилмани модернизация қилиш ҳам худди шундай долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун нарх шаклланиши жараёнига бозор механизмларини жорий этиш, шу орқали қўшимча маблағ ва имкониятларга эга бўлиб, тизимни янгилаш лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг