Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бозорларда қайси маҳсулотларга талаб ошгани маълум қилинди

Бозорларда қайси маҳсулотларга талаб ошгани маълум қилинди

Фото:«Xabar.uz»

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг маиший техника, кийим-кечак, бошқа шу турдаги маҳсулотлардан ҳам кўра кўпроқ озиқ-овқатга бўлган талаби ўсиб кетди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан олиб борилган мониторинг ва таҳлил натижаларига кўра, жорий йилнинг март, апрель, май ойларида нарх-наволар қуйидагича бўлмоқда:

18 март ҳолатига кўра тухум маҳсулоти Бухоро, Қашқадарё вилоятларида 800 сўмдан 1000 сўмгача сотилган. Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятларида эса 1 дона тухум ўртача 500 сўмдан 700 сўмгача баҳоланган. Ушбу ҳолат апрель ойида ўзгаришсиз қолди. Айни кунларда энг қиммат нарх Тошкент шаҳрида қайд этилган яъни 1100 сўмдан сотилмоқда.

Мол гўшти эса Республикамиз бозорларида 2 ой ичида ўртача 40 минг сўмдан 60 минг сўмгача сотилмоқда. Шундан энг арзон сотилган 1 кг мол гўшти Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келмоқда. Яъни 37 минг сўм. 6 май ҳолатига кўра энг қиммат сотилган ҳудуд сифатида Тошкент шаҳри рўйхатга олинган. 1 кг мол гўшти – 66 минг сўм. Қўй гўшти эса 70 минг сўм.

Ҳудудлардаги бозорларда ўсимлик ёғининг ўртача нархи 85 минг сўмдан 13 минг сўмгача сотилган. Апрель ойида эса энг юқори кўрсатгич пойтахтимизда – 15 минг сўм сотилгани қайд этилди, 6 майда эса Тошкент шаҳри ва вилоятида 14 минг сўмгача сотилди.

Республикамиз бозорларида гуручнинг энг арзон нархи 3 минг сўм, энг юқори нархда сотилгани 25 минг сўмни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг март ойида олиб борилган кузатувлар натижасига кўра, биргина Андижон вилоятида 25 минг сўмгача сотилган. Қолган ҳудудларда эса ўртача 14 000 ва 18 000 сўм оралиғида харидорларга тақдим этилган.

Апрель ойига келиб эса гуруч нархи анча арзонлашди ва 3 минг сўмдан 17 минг сўмгача сотилди. Бироқ 17 минг сўм қайд этилган ҳудуд Фарғона вилояти бўлди. 6 май ҳолатига кўра, нарх-наво деярли ўзгаришсиз сақланиб қолди. Мазкур ойда ўртача 3 минг сўмдан нав турларига қараб, 17 минг сўмгача сотилди.

Энг зарурий полиз маҳсулотларидан бири бўлган картошканинг март ойидаги нархи барқарорлашганини кузатиш мумкин. Яьни 1500 сўмдан 5000 минг сўмгача сотилди. Апрель ойида картошка нархи биргина Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида 12 000 сўмгача сотилди. Бошқа вилоятларда эса ўртача 3500 сўмдан 6 000 сўмгача нархланган.

Ҳозирги кунда эса картошканинг энг арзон нархи Сирдарё вилоятида кузатилмоқда – 2 000 сўм, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Қашқадарё ва Хоразм ҳудудларидаги бозор расталарида 3 минг сўмдан, сифатига қараб, 5 000 сўмгача сотилмоқда. Тошкент шаҳрида эса 9 000 сўм, Самарқанд вилоятида 12 000 сўмга харидлар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган ва коронавирусга қарши кураш бобида катта самарага эга деб таърифланган полиз экинларидан яна бири саримсоқ пиёздир. Ушбу маҳсулот нархи март ойида 10 минг сўмдан 100 минг сўмгача сотилди.

Энг қиммат нархда баҳоланган ҳудуд Жиззах вилоятидаги деҳқон бозорларига ҳиссасига тўғри келади. Саримсоқ пиёз Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Тошкент шаҳри ва вилоятида ўртача 70 ва 80 минг сўмга сотилган. Апрель ойида ҳам саримсоқ пиёзга бўлган талаб деярли ўзгаришсиз қолди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятларидаги бозорларда энг арзон сотилган деган хулосага келинди – 10 ва 20 минг сўм атрофида. Май ойида пишиқчилик мавсуми бошланиб, нархлар пастлай бошлади: 7 минг сўмдан 80 минг сўмгача сотилди.

Бундан ташқари, пандемия сабабли бугунги кунда антисептик гель, тиббиёт ниқоби ҳамда хўжалик совунига нисбатан аҳоли ўртасида талаб ортгани ҳисобига қуйидаги маҳсулотларнинг ҳам нарх-навоси ўрганилди.

Дорихоналарда тиббий ниқобларнинг камайгани ва аҳолининг унга нисбатан талаби кескин ортгани туфайли нархлар динамикаси ҳам ўзгариб турибди. Март ойи ҳолатига кўра, тиббий ниқоблар 1000 сўмдан 4500 сўмгача сотилди. Апрель ойида бу кўрсатгич юқорилади: Жиззах вилоятида 12 минг сўмгача сотилган ҳолатлари ҳам кузатилди.

Республикамизнинг бошқа бозор ҳудудларида ўртача 2500 сўмдан 10 минг сўмгача нархланган бўлса, май ойига келиб бу кўрсатгич арзонлашиб, ўртача 700 сўмдан 2000 сўмгача сотилди. Спирт аралашмасидан иборат антисептик гель март ойида 700 сўмдан 5800 сўмгача кўтарилди. Ўтган ойда эса 15 минг сўмдан 25 минг сўмгача етди. 6 май ҳолатига кўра, 1000 сўмдан 10 000 сўмгача сотилди.

Хўжалик совуни март ойида 1500 сўмдан 4 000 сўмгача сотилди. Апрель ва май ойларида нархлар ўзгаришсиз қолди.

Ҳурматли ватандошлар!

Агарда сиз озиқ-овқат махсулотларини мазкур кўрсатилган нарх-наводан ҳам юқори миқдорда сотилаётганига гувоҳ бўлсангиз Ўзбекистон истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефонига мурожаат этишингиз мумкин ва қонуний чоралар кўрилиши кафолатланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг