Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат хизматларидан фойдаланиш қулай бўлади

Давлат хизматларидан фойдаланиш қулай бўлади

Фото: «ЎзА»

Президент 2018 йил 11 апрелда «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. «Норма» нашри мазкур қарорга шарҳ берди.

Тажриба ўтказилади

2018 йилнинг 1 июнидан айрим давлат хизматлари марказларида (уларнинг рўйхати тасдиқланган) тажриба ўтказилади. Марказларда талаб юқори бўлган давлат хизматларининг яна 70–100 тури жадал жорий этилади. Хизматлар кўрсатилиши Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбари томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик маъмурий регламентлар билан тартибга солинади.

 Тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари фақат марказлар орқали тақдим этилади. Ваколатли орган томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ҳақидаги аризаларни бевосита аризачилардан қабул қилиш тақиқланади.

Бу – муҳим! 2018 йил 1 июлгача электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари давлат хизматлари марказлари томонидан бепул берилади.

Адлия вазирлиги 2019 йил 1 июлга қадар тажриба натижаларига кўра, мазкур давлат хизматларини кўрсатишни республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш бўйича таклифлар киритади.

 Фуқаролар қандай идентификацияланади?

2019 йил 1 январдан бошлаб электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида идоралараро электрон ҳамкорлик амалга оширилаётганда қуйидагилардан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади: 

  • жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақами;
  • кўчмас мулк объектларининг кадастр рақами.

Давлат хизматларини олишга ариза тўлдирилаётганда уларни кўрсатиб ўтишга тўғри келиши мумкин.

Бунда ИИВга ўз ахборот тизимларида фуқароларнинг шахсий маълумотларини янгилаш топширилди. Шунингдек, вазирлик Давергеодезкадастр, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 3 ой муддатда ахборот тизимларидаги жисмоний шахсларнинг манзил маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва кўчмас мулк объектлари кадастр рақамига боғлаган ҳолда янгилайди.

 Давлат хизматларини олиш қулайроқ бўлади

2018 йил 1 сентябргача телефон орқали давлат хизматларини олишга келиб тушадиган мурожаатларни сақлаш имкониятини яратган ҳолда қўнғироқларни қайта ишлаш тизими яратилади ва амалга киритилади. Бу ҳужжатли қоғозбозликни камайтиради ва компьютерни яхши ўзлаштира олмаганлар учун янги имкониятларни очиб беради.

2018 йил 1 декабрга қадар талаб юқори бўлган электрон давлат хизматларини кўрсатиш учун ихтисослашган мобиль илова ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

2019 йил 1 январгача электрон давлат хизматларини кўрсатганлик учун бож, йиғим ва бошқа тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш механизмини жорий этилади.

Давлат хизматлари тарғиб қилинади

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб барча мактаб, лицей ва коллежларнинг охирги курсида (синфида) ёшларнинг зарур билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган «Давлат хизматларидан фойдаланиш маданияти» мавзусида ўқув семинарлари ва очиқ дарслар ўтказилади. Уларни ўтказишга давлат хизматлари марказлари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари жалб этилади.

Адлия вазирлиги ҳузурида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилди (штат бирлиги – 5 нафар). Унинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: 

  • аҳоли, айниқса, ёшларнинг, шунингдек қишлоқ жойларида ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • замонавий технологиялар ва ижодий ёндашувлардан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича инновацияларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка, тадбиркорлик субъектларига етказиш;
  • адлия органлари ва муассасалари фаолиятини кенг ёритиш бўйича ахборот-таҳлилий ва обзорли медиаматериалларни, шу жумладан, аудио ва видеороликлар, теле ва радиокўрсатувлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш ҳамда эфирга, шунингдек интернет тармоғига узатиш;
  • давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби бўйича жамоатчиликка маслаҳат ёрдамларини бериш, шу жумладан, қабул қилинган маъмурий регламентларнинг талабларини аниқ ва батафсил тушунтириш;
  • ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ваколатли органлар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятини ўрганишлар ва текширишлар, шунингдек қўпол қоидабузарликлар ва тизимли камчиликлар, айбдорларга нисбатан кўрилган чоралар, аризачиларнинг қайта тикланган ҳуқуқлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш;
  • аҳолининг барча қатламлари билан мулоқот ўрнатиш, давлат хизматларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловаларни кенг қўллаш орқали ушбу соҳанинг энг долзарб камчиликларини жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг