Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент: инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда

Президент: инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бошланди. Давлат раҳбари йиғилишда инвесторлар билан мулоқот нафақат маслаҳатлашув майдони, балки амалий ислоҳотлар механизмига айланганини таъкидлади.

Президент аввало Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассога Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани ҳамда кенгаш фаолиятига самарали раҳбарлик қилаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар раҳбарларига ҳам алоҳида эҳтиром изҳор қилинди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда кенгаш оддий маслаҳат механизми эмас, балки Янги Ўзбекистон билан жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприкка айланган. Бугун кенгаш мустақил ассоциация мақомига эга бўлиб, тўлақонли институт сифатида фаолият юритмоқда.

Ўтган бир йил давомида кенгаш иштирокчилари сони 54 тадан 85 тага етган. Улар иқтисодиётнинг 23 та тармоғини қамраб олган ҳолда ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этмоқда.

Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси кенгашнинг Ижроия қўмитаси таркибида фаол иш олиб бормоқда.

«Эътиборли томони, барча аъзоларимизнинг кенгашдаги фаоллиги тобора ошмоқда. Бу мазкур инвестиция платформасига бўлган юксак ишончнинг яққол далилидир. Сизлар билан ўтган йили ҳам учрашиб, кўп масалаларни муҳокама қилган эдик. Аввалги мажлисда илгари сурилган 21 та ташаббус бўйича аниқ ечимлар қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидламоқчиман: инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди», – деди Президент.

Давлат раҳбари қайд этганидек, инвесторлар таклифлари асосида Солиқ кодексига қулай ўзгартишлар киритилди. Компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молиявий назоратдан чиқарилди, асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий компаниялар учун қатор мажбурий талаблар бекор қилинди. «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мослаштириш дастури тайёрланди.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун тенг ва адолатли шароитларни таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларни қабул қилиш йўлида ҳам янги қадамларни ташламоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг