Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туроб Жўраев: «Ҳаммани иш билан таъминлаймиз! Иш излаб четга кетганлар ҳам қайтади»

Туроб Жўраев: «Ҳаммани иш билан таъминлаймиз! Иш излаб четга кетганлар ҳам қайтади»

Фото: «Xabar.uz»

1 апрел куни Тадбиркорларга кўмаклашиш марказида Самарқанд вилояти ҳокими Туроб Жўраев матбуот анжумани ўтказди.

Анжуман аввалида вилоят ҳокими Самарқандни ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев берган топшириқлар ва бажариладиган ишлар юзасидан журналистларга батафсил маълумот берди.

− Президентимиз шу йил март ойида Самарқандга ташриф буюрганида вилоятда бажарилаётган ишлар, муаммолар, халқнинг турмушини ўрганиб, Самарқандни ривожлантириш, халқнинг фаровонлигини кескин ошириш чоралари ҳақида кўрсатмалар берди. Бу борадаги топшириқларни алоҳида «Самарқандга ташриф баёни» сифатида тақдим қилди. Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро тараққиёт банки каби халқаро институтларни жалб қилиб, вилоятимиз тадбиркорлари учун 400 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Вилоятни ривожлантириш учун яна 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди, − деди Туроб Жўраев. – Бу пулларни асосан боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланаман, ишлаб-чиқариш корхонаси очаман, иш ўрни яратаман деган тадбиркорларга имтиёзли кредит шаклида берамиз.

Фото: «Xabar.uz»

Вилоят ҳокими барча тадбиркорларга суғориладиган ерлар берилмаслиги, лалми ерлар, чўл ва адирлардан ер ажратилишини айтиб ўтди. Томорқадан фойдаланиш, ёнғоқзор, чилонжийдали боғ барпо қилиш, товуқхона, молхона, иссиқхона қуриш ниятида бўлганларга барча шароитлар тақдим этилиши айтилди. Экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқармоқчи бўлган тадбиркорлар учун қўшимча имтиёзлар берилиши маълум қилинди.

− Республикани ривожлантириш жамғармасидан берилаётган 50 миллион доллар маблағ ҳисобидан биринчи навбатда вилоятдаги ички йўлларни тартибга соламиз, ичимли сув таъминотини яхшилаймиз, электр токи ўчиб қолмаслиги учун янги потстанциялар қурамиз, симёғочларни, электр симларини янгилаймиз, газ таъминотини яхшилаймиз. Бир нечта олий ўқув юрти учун янги бинолар қурамиз ёки капитал реконструкция қиламиз, − деди вилоят ҳокими. – Шаҳардаги кўп қаватли уйларда аҳвол яхши эмаслигини ҳам биламиз. Кўпининг юқори қаватларига сув чиқмаслигини ҳам, лифтлар яхши ишламаслигини ҳам биламиз. Ана шу камчиликларни бу йил бартараф қиламиз. Совуқ сув ва иссиқ сув таъминотини, қишда иситиш ишларини кескин яхшилаймиз. Кўп қаватли уйларни капитал таъмирлаймиз, хавфсизлигини таъминлаш учун кодланадиган мустаҳкам эшиклар ўрнатамиз.

Ҳоким «Обод қишлоқ» дастури ҳақида ҳам маълумот берди. Нуробод туманининг Жом қишлоғидаги бунёдкорлик ишлари ҳақида гапириб, бундан кейин ҳар йили ҳар бир тумандан иккитадан қишлоқ ана шу дастур асосида обод қилинишини айтди.

Вилоятни, айниқса, қишлоқларни обод қилиш ҳақида гапира туриб, вилоят ҳокими қизиқ далилни келтирди:

− «Бритиш-Американ-Тобакко» компанияси Ургут тумани аҳолисига тамаки эктириб, уни Фарҳод шаҳарчамизда сигарет қилиб, йилига 600 миллиард сўм миқдоридаги солиқни Тошкент шаҳридаги бир туманга тўлайди. Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси юз йилдан бери Самарқандда фаолият юритиб, у ҳам 40 миллард сўм солиғини Тошкент шаҳридаги бир туманга тўлайди. Нуробод, Қўшработ, Пахтачи туманидаги конлар ўз солиғини Навоий вилоятига тўлайди, умуман, вилоятда ишлаб, бошқа шаҳарларга тўланадиган солиқ бир триллион етти юз миллиард сўм экан. Мен президентдан ана шу солиқлар ўзимизга тўланишини таъминлаб беришини илтимос қилдим ва илтимосим ижобий ҳал қилинди, − деди ҳоким. – Энг қизиғи, ана шу Нуробод, Қўшработ, Пахтачи туманлари дотацияда ўтиришибди. Энди у туманлардаги корхоналар солиғи ўша туманларнинг ўзида қолдирилса, дотациядан ҳам чиқишади, ривожланиб ҳам кетишади.

Вилоят ҳокими вилоятдаги ишсизлик ва яратиладиган иш ўринлари ҳақида алоҳида тўхталди:

− Вилоятда 3715000 аҳоли яшайди, 95000 киши расман ишсиз. 2018 йилнинг ўзида 120000 иш ўрни яратамиз, бу қатъий режа. Бу борада барча секторлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилган. Мана кўрасизлар, келаси йил иш излаб бошқа мамлакатларга чиқиб кетган ёшларимиз ҳам қайтиб келишади. Ҳаммани иш билан таъминлаймиз!

Вилоят раҳбари Ўзбекистон президенти берган топшириқлар асосида вилоят маданияти, санъати, ёшларига оид қилинадиган ишлар, режалар ҳақида ҳам батафсил сўзлади.

Фото: «Xabar.uz»

ОАВ ходимлари, тадбиркорларнинг саволларига вилоят ҳокими ва тегишли идоралар раҳбарлари жавоб беришди.

− Қорамолчилик фермаси очиб, сут, гўшт маҳсулотлари етиштириб, голландия технологияси асосида пишлоқлар ишлаб чиқармоқчиман, − деди ургутлик бир йигит. – Электри, гази ўчмайдиган, шаҳарнинг ичидан ер берсангиз?

− Қорамолчилик фермасига шаҳардан ер берилмайди, − деди вилоят ҳокими. – Нуробод, Қўшработ туманлари ҳудудидан ўн гектар эмас, минг гектар ер сўра, бераман. Пишлоқ чиқарадиган корхонангга, майли, шаҳардан жой бераман.

− Мен Оқдарёнинг Пичоқчи қишлоғиданман, биласиз, бу қишлоқ аҳли ёнғоқфурушлиги билан донг таратган, бутун дунёга ёнғоқ шу ердан кетади, − деди бир йигит. – Уч гектар ер берсангиз, бир бозор қурсам ва аҳолимиз замонавий бозорда ёнғоқ сотса, ҳозир тонналаб ёнғоқни ерга тўкиб савдо қилади.

− Сизларнинг ёнғоқбозорларингиз жаҳон бозорига айланиб кетганини мен эмас, президент ҳам билади, бу борада алоҳида кўрсатма олганман, − деди Туроб Жўраев. – Бошқа тадбиркорлар, «Нега пичоқчиликларга сувли ердан жой бериб, бизга бермайсиз?» деб ҳайрон бўлманглар, халқимизда «Элнинг бозори билан мозорига тегма» деган гап бор. Бозорини сувсиз ерга кўчирсак, бозор йўқ бўлади, у ерга ҳеч ким бормай қўяди. Шунинг учун бу йигитга уч эмасу, икки гектар ер берамиз, бозор эмас, савдо мажмуаси қурсин. Сабаби, отини бозор десанг, 51 фоизи давлатнинг ҳисобига ўтиб, яна даромаднинг катта қисми марказга кетиб қолади.

Вилоят ҳокими шу ернинг ўзида Оқдарё туман ҳокими ўринбосарига топшириқ берди:

− Эртанинг ўзида бу йигит айтган ердан икки гектар ерга қарор чиқаринглар. Ўзим имзолаб бераман!

Фото: «Xabar.uz»

«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири ҳам вилоят ҳокимига савол берди:

− Кредитлар долларда берилгани билан банклар тадбиркор билан сўмда ҳисоб-китоб қилади. Яхши биласиз, долларнинг давлат курси 4200 сўм бўлганда давлатдан доллар шаклида кредит олганлар долларнинг курси 8000 сўмга чиққанда мазалари қочиб қолди. Айримлари олган технологиясини ёки қурган корхонасини сотса ҳам энди банкдан қарзини уза олмайди. Ҳозир кредитга доллар олаётган тадбиркорлар мабодо шундай аҳволга тушиб қолса, яъни долларнинг курси кутилмаганда яна икки баравар ошиб кетса, хонавайрон бўлиб қолмайдими? «Сизларнинг тадбиркорликларингизга мен гарантия» дедингиз, бундай ҳолда тадбиркор куйиб қолмаслигига ҳам кафолат берасизми?

− Аввало яхши ният қилайлик, яхши ният билан бошлаган ишимиз худо хоҳласа яхшилик билан тугайди, − деди вилоят ҳокими. − Қолаверса, энди бундан буёғига доллар курси кескин «сакрамайди». Икки баравар ошиб кетиши мумкин эмас. Мабодо шундай бўлиб қолса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаймиз, ўзимиз ёрдам берамиз, уларни ноқулай аҳволга солиб қўймаймиз. Ҳатто улар олган кредитларига қўядиган гаровнинг ҳам 50 фоизини давлат ўз зиммасига олади.

Матбуот анжумани вилоят раҳбарининг вилоятда бўлаётган хайрли ишларни холисона ёритиб бораётганлиги ҳамда бугунги анжумандаги фаол иштироки учун журналистларга миннатдорчилик изҳор қилиши билан ниҳоясига етди.

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири.

Самарқанд шаҳри.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг