Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга лимон қандай кириб келган?

Ўзбекистонга лимон қандай кириб келган?

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда лимон кенг миқёсда етиштирилиб, экспорт ҳам қилинади.

Фото: «fn24.ru»

Халқимиз «қиш меваси» дея эъзозлайдиган лимон бугун бозорларимизда сероб. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Чунки юртдошларимиз аллақачон мазкур цитрус мевани уй шароитида етиштиришнинг ҳадисини олишган. Аммо бундан ярим аср аввал буни фақат орзу қилиш мумкин эди, холос. Ёши улуғ кишилар яхши эслашади: илгари Ўзбекистонга лимон чет давлатлардан олиб келинар, ушбу шифобахш неъматни сотиб олишга эса ҳамманинг ҳам қурби етавермасди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда лимон кенг миқёсда етиштирилиб, экспорт ҳам қилинади.

Соҳа тўғрисида гап кетганда Ўзбекистон лимончилик мактабига асос солган халқ академиги Зайниддин Фахриддиновнинг ишларини эслаб ўтмай бўлмайди.

Зайниддин Фахриддинов 1922 йилнинг 8 февралида Тошкент вилояти Салор қўрғонида дехқон оиласида таваллуд топган. 6-синфни тугатиб, отасининг ёнида ишлаган. Ўша пайтдаги қийинчиликлар туфайли наинки олий маълумот, ҳатто ўрта маълумот ҳам ололмайди.

Отаси Фахриддин оға бир умр деҳқончилик билан шуғулланиб, касбига бўлган меҳрини ўғлининг қалбига жо қилган. Эндигина 12 ёш бўлишига қарамай, Зайниддин ўзи мустақил равишда мева-сабзавот кўчатлари экиб, юқори ҳосил олишга эришган. Айниқса, атиргул кўчатлари ўстиришга алоҳида меҳри тушади. Ерга наъматак уруғи сепиб, униб чиққан ниҳолларни пайвандлаб, бир кунда 1000 – 1200 донагача атиргул кўчатларини тайёрлаган. Ёш Зайниддин қизиқувчанлиги туфайли 10 ёшида отаси билан баҳслашади ва беш-олти йилдан сўнг ҳосил берадиган ёнғоқнинг ўқ илдизини кесиб, қандоқда ўстиради ва икки йилдан сўнг ҳосил олади. Ўғлининг ушбу ҳаракатидан қувонган отаси ҳайратини яшира олмай: «Болам, сендан келажакда зўр боғбон чиқади!», — дейди. Бу ният мурғак болакай қалбида ниш ураётган орзу-умидларга куч, қанот беради.

Лимон ўсимлиги намунасини иқлимлаштириш ҳаракати 1932 йили бошланган эди. Ўшанда юртимизга Грузиядан келган 15 нафар олим маҳаллий мутахассислар кўмагида цитрус экинини экиб, кўпайтиришга киришади. Бироқ уч йиллик синов кутилган натижани бермайди. Яъни Ўзбекистонда қиш қаттиқ келиши оқибатида дарахтларни совуқ уради. Ҳафсаласи пир бўлган олимлар ўсимликларни кўмиб ташлашга қарор қилишади.

Жараённи яқиндан кузатган Фахриддин бобо эндигина ўнга кирган ўғлига: «Зайниддин, ўсимлик тўғри парваришланса, тупроғимизда албатта ҳосил беради», — дейди. Бу сўзлар бўлғуси боғбоннинг лимонга меҳри тушишига катта туртки бўлганди. Орадан йиллар ўтса-да, мазкур инжиқ ўсимликни кўпайтириш фикри унинг хаёлидан бир зум ҳам кетмайди. Бироқ кўчатни қаердан олади? Буни қарангки, боғбон наъматакка атиргулни пайванд қилиш орқали етиштирган атиргул кўчатларига Грузияда талаб ортиб кетади. Натижада унинг орзуси рўёби сари йўлакча очилади.

1957 йили Зайниддин Фахриддинов атиргул кўчатини Грузияга олиб бориб, ўрнига лимон ниҳолларини олиб келади. Экишда эса анъанавий усуллардан воз кечиб, траншеяни қўллайди. Яъни ернинг бир ярим метр тупроғини олиб ташлаб, усти ёпиқ ҳолда, иситкичсиз парваришлай бошлайди.

Чин дилдан қилинган меҳнат самараси узоқ куттирмади. 1960 йилнинг октябрида лимон дарахтларидан нишона ҳосил узиб олинди. Шу тариқа Зайниддин Фахриддинов изланишлари туфайли юртимизда боғдорчиликнинг янги тармоғи – лимончиликка асос солинди. Селекционер «Новогрузин» навига «Мейер» навини улаш орқали янги «Ф-1 Тошкент» навини яратишга муваффақ бўлади. 1967 йилда Ўзбекистон иқлимига мос келадиган лимон кўчати мева беради. Лимон меваси таркибида 4 фоизгача лимон кислотаси бўлиб, пўсти билан истеъмол қилса бўлади. Селекционернинг «Ф-1 Тошкент», «Ф-2 Яланғоч», «Ф-3 Ўзбекистон» навлари 450 граммдан 2,5 килограммгача бўлган.

1965 – 1995-йилларда Тошкент вилоятининг ҳозирги Қибрай туманида умумий майдони салкам 70 гектарлик иссиқхона бунёд этилиб, лимонзорлар яратилади. Унинг ҳар гектаридан 30 тоннадан ҳосил олинади. У нафақат республикамиз аҳолиси дастурхонига тортиқ этилади, балки экспорт ҳам қилинади. Ҳозирги кунда 1200 гектар ерга лимон кўчатлари экилиб, 60 минг тонна ҳосил олинади. Бундан 2400 тоннаси экспорт қилинади.

Ўзбек олими, академик яратган ўндан ортиқ лимон нави, «Ўзбекистон» апельсин нави, «Тошкент» мандарин нави нафақат юртимиз, қолаверса, чет давлатларда ҳам етиштирилади.

Бу покиза боққа кирсанг, баҳри дилинг равшан бўлур.

Халқ селекционери, академик Зайниддин Фахриддинов лимоннинг «Ф-2 Юбилейний», «Золотая яблока», «Ф-1 Тошкент» сингари маҳаллий навларини яратган. Навлар серҳосиллиги, меваси йириклиги, ўзгача мазаси билан ҳозиргача истеъмолчилар орасида алоҳида қадрланади. Боғбон ўз даврининг бир қанча давлат мукофотлари, яъни ЎзФА фахрий академиги, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном», «Соғлиқни сақлаш аълочиси» каби унвон ва мукофотлар билан тақдирланган. Буларнинг барчаси машаққатли изланишу узлуксиз меҳнат самарасидир.

Ўзбек боғдорчилиги довруғини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшган бу заҳматкаш инсоннинг изланишлари нафақат соҳа вакиллари ёки журналистлар, балки ёзувчилар, жамоат арбобларининг ҳам қизиқишига сабаб бўлган ва улар ҳайратланиб ўз дил сўзларини ёзиб қолдиришган:

Бу покиза боққа кирсанг, баҳри дилинг равшан бўлур.

Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

* * *

Бу шифобахш ажойиб тарихий боғни яратувчи ақли расо миришкор деҳқондир.

Шароф Рашидов, давлат ва жамоат арбоби

Раъно Ходжаева, фан номзоди.

«Халқ сўзи» газетасидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг