Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега Фарғонада автобус йўлкираси 500 сўм?

Нега Фарғонада автобус йўлкираси 500 сўм?

Иллюстратив сурат.

Фото: «Olx.uz»

Сарлавҳани ўқиб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ахир йўлкира қанча арзон бўлса, йўловчига, яъни халқимизга шунча фойдали эмасми? Нархни оширишдан нима наф? Аммо бу транспорт деганлари ўз-ўзидан юриб кетавермайдида. Бунинг учун мунтазам сарф-харажат қилиб туриш лозим. Айнан шу автобусларнинг йўлкираси Тошкент ва Самарқандда 1200 сўм, қўшни вилоятлар бўлган Наманган ва Андижонда 1000 сўм бўлса, бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? Ёки Фарғона транспортлари ҳаво ёки қуёш нури ёрдамида ҳаракатланишни ўрганишдимикан?..

Таҳририятимизга Фарғона шаҳрида транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналардан мурожаат келиб тушди. Уни ўрганиш чоғида автобуслар ҳамон ўша 500 сўм йўлкира илинжида амал-тақал қилиб юриб турган бўлса-да, хизмат кўрсатувчи корхоналар инқироз ёқасига келиб қолганлиги, нархлар зудлик билан қайта кўриб чиқилмаса, тез орада жамоат транспорти йўқолиш хавфи пайдо бўлганини англаш мумкин. Келинг, мурожаат билан танишамиз.

«Фарғона шаҳрида автобусларда йўловчи ташиш билан шуғулланаётган автокорхоналар Фарғона вилояти ҳокимлигининг 2015 йилдаги қарорига асосан бир йўловчи учун 600 сўм белгиланган бўлишига қарамай, йўловчиларга қайтимга майда пул йўқлиги туфайли ҳозирги кунга қадар 500 сўм йўлкира тарифида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бундан ташқари бизни ёнилғи масаласи ҳам қийнамоқда. Пропан газини шаҳар ичи йўналишларида фаолият кўрсатаётган автокорхоналар учун ёпиқ биржа савдоларида «Ўзавтотранс» агентлиги тақсимотига асосан 700 сўмдан сотиб олардик. Ҳозир бу имтиёз ҳам тўхтатилган. Пропан газини автобусларга етказиб бериш учун автомобилларга газ қуйиш шохобчалари (АГҚШ) орқали тижорат нархларида, бир литрини 1800 сўмдан, метан газини АГҚШлардан 1700 сўмдан сотиб олишга мажбур бўлмоқдамиз.

Яъни инфляция давом этмоқда, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материаллари қиймати, ишчилар маоши ва қўшимча харажатлар кун сайин ортиб бормоқда. Аммо йўлкирамиз ўша-ўшалигича турибди. Шу боис бизнинг кейинги фаолиятимиз катта сўроқ остида қолмоқда.

«Керакли жойларга мурожаат қилмадингизми?» деган табиий савол туғилади. Албатта мурожаат қилдик.

Автокорхоналар томонидан шаҳар ичи йўналишларида йўлкира тарифини қайта кўриб чиқиш масаласида шу кунга қадар:

1) Ўзбекистон Президентига уч марта;

2) Ўзбекистон адлия вазири Р.Давлетовга;

3) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоиловга;

4) Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошевга;

5) Вазирлар Маҳкамаси раиси А.Ариповга;

6) Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари О.Раматовга;

7) «Ўзавтотранс» агентлиги бошлиғи Д.Деҳқоновга 2 марта;

8) Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевга 2 марта мурожаат қилдик.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг молия бошқармаси барча ҳисоб-китоблар асосида Фарғона вилояти шаҳарлар ичи йуналишларида автобусларда йўловчиларни ташиш хизмати тарифини бир киши учун 1000 (минг) сўм миқдорида белгилашни тавсия қилиб, хулосасини 2018 йил 15 январь куни Фарғона вилояти ҳокимлигига Молия вазирлиги билан келишиш учун юборган.

Лекин ҳозирги кунга қадар вилоят ҳокимлиги ушбу хулосани Молия вазирлигига юбормаганлиги боис Фарғона вилояти шаҳар йўналишларидаги тарифлар автокорхоналар томонидан 500 сўм йўлкира тарифида юраётганлигига қарамай 2015 йил ҳолатида, яъни 600 сўм миқдорида қолиб кетган ва автокорхоналар зарарга кириб, ўз фаолиятини тўхтатишмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг 1 майидан шаҳар ичи йўналишларида бир йўловчи учун тариф бошқа вилоятларда, жумладан Самарқанд вилоятида 1200 сўм, Наманган вилоятида 1000 сўм, Андижон вилоятида 1000 сўм этиб белгиланган.

Биз бутун куч-ғайратимизни шу фаолиятга, шаҳримиз аҳлига сифатли хизмат кўрсатишга қаратганмиз. Аммо бозор иқтисодиёти шароитида ҳеч ким ўз зарарига ишлай олмайди. Фарғона йўловчи ташиш тизимида автобусларни сақлаб қолиш учун бу масалани албатта кўриб чиқиш ва зудлик билан ечиш вақти етди. Мутасаддилардан бу борада зарур чора-тадбирлар кўрилишини кутиб қоламиз.

Ҳурмат билан:

«Фарғона автотрансхизмат» МЧЖ бош директори А.Камолов,

«Фарғона олтин водий навкари» МЧЖ директори С.Ҳусаинов,

«Фарғона фаворит автотранс» МЧЖ директори Ф.Отахонов,

«Бек йўловчи транс» МЧЖ директори Б.Тошпўлатов,

«Моҳларойим ривож транс» МЧЖ директори О.Дадобоев».

* * *

Мурожаатга 65 саҳифали турли хил ҳужжатлар, ташкилотлардан олинган жавоблар илова қилинган. Масала тушунарли бўлгани учун биз уларни эълон қилишни лозим топмадик. Аммо воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг