Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон иқтисодиёти: бизни нималар кутмоқда?

Ўзбекистон иқтисодиёти: бизни нималар кутмоқда?

Фото:«Xabar.uz»

Тошкент давлат иқтисодиёт университети анжуманлар залида бугун, 28 май куни «Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестицион фаоллик ва  инновацион ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияда хорижий мамлакатларнинг  таниқли иқтисодчи олимлари, хусусан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон фанлар академиясининг академиклари, Германия, Буюк Британия, Австралия, Индонезиядан келган олий таълим муассасалари ректорлари ва иқтисодчи олимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ва хорижий компаниялар вакиллари ҳамда Ўзбекистондан ЎзФА академиклари, илмий-тадқиқот институтлари директорлари, амалиётчи мутахассислар ҳамда нуфузли олий таълим муассасаларининг ректорлари ва ўқитувчилари иштирок этишди.

Конференцияда Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи устувор йўналиши – «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш» бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳақидаги маърузалар тингланди. Маърузачилар мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш, солиқ-бюджет ислоҳотларини олиб боришга асосий эътибор қаратилганига алоҳида тўхталдилар.

Анжуманда 2017 йилда сўмнинг эркин айирбошланиши таъминланганлиги қайд этилгани ҳолда, ташқи савдони либераллаштириш  ва самарадор бозор иқтисодиётини яратиш мақсадида бож ставкалари икки баробар пасайтирилиши натижасида иқтисодий ўсишнинг таъминланиши билан боғлиқ прогнозлар конференция иштирокчиларига етказилди.

Маълумки, ўтган йилнинг ўзида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, алоҳида туман ва шаҳарларни ривожлантириш бўйича қирқдан ортиқ дастур қабул қилинди, ҳар бир туман учун 2077 та йирик лойиҳа тасдиқланди. Шунингдек, 11 та иқтисодий зона ташкил этилди ва умумий қиймати 419,5 млн. долларлик 108 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ўтган йили қулай инвестицион муҳит ва ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Биринчидан, ҳамкор мамлакатлар ва халқаро молия институтлари билан муносабатлардаги ёндашув ўзгартирилди. Олий даражадаги ташрифлар чоғида Хитой билан 23 млрд. доллар, Россия билан 16 млрд. доллар, Жанубий Корея билан 10 млрд. доллар, Туркия билан 3,5 млрд. доллар, Қозоғистон билан 2,2 млрд. доллар, Қирғизистон билан 455 млн. доллар миқдорида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш бўйича икки томонлама шартномалар имзоланди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан тўлақонли муносабатлар тикланди, банк кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка 190 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Турли йўналишларда 20 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди. Европа инвестиция банки, Франция ривожланиш агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ўзбекистон янги тузилган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Иккинчидан, ташқи савдодаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Хусусан, олдиндан тўловсиз ва кафолат мажбуриятисиз экспорт қилиш тартиби жорий этилди. Ортиқча ва эскирган рухсат берувчи талаблар бекор қилинди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш механизмлари соддалаштирилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республиканинг ташқи савдо айланмаси 2017 йилда 26 млрд. 907 млн. АҚШ долларини, жумладан экспорт 13 млрд. 893 млн. 600 минг АҚШ долларини, импорт 13 млрд. 13 млн. 400 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Ялпи мажлисда бир қатор масала ва муаммолар муҳокама қилинди, жумладан, глобал иқтисодиётда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий тенденция ва ҳодисалар, уларнинг миллий иқтисодиётга таъсири; инсон капитали: уни ошириш йўллари ва ҳисоблашнинг халқаро усуллари; минтақаларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш; қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш; валюта бозорини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар; ташқи савдони эркинлаштириш ва самарали бозор иқтисодиётини яратиш мақсадида халқаро андозаларга мос равишда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат; давлатнинг иқтисодиётга аралашувини қисқартириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг аҳамиятини ошириш каби масалалар кўриб чиқилди.

Конференциянинг биринчи босқичи, ялпи мажлиси якунланди. 29 май куни конференция Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Банк-молия академияси, Халқаро Вестминстер университетида давом эттирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг