Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга АҚШдан пахта сотиб олиш нега кераклиги айтилди

Ўзбекистонга АҚШдан пахта сотиб олиш нега кераклиги айтилди

Бир муддат олдин Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегациясининг АҚШ расмийлари билан учрашувда GSM-102 дастури доирасида Ўзбекистонга Қўшма Штатларда етиштирилган пахтани етказиб бериш масаласини муҳокама қилгани хабар қилинган эди.

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон ўзининг йирик ишлаб чиқариш ҳажмларига қарамай, АҚШдан пахта харид қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабар фаол муҳокама қилинмоқда. Бу ҳолат ажабланарли туюлади. Сабаби – мамлакат анъанавий пахта экспортчиси бўлиб келган. Лекин бу бу ерда гап Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳоннинг премиум бозорларидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадам ҳақида кетмоқда.

Қуйида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти раҳбари Иномжон Абдураҳмонов Ўзбекистонга пахта импорти кераклигининг сабаблари ва бу мамлакатга қандай фойда келтириши ҳақида сўз юритади.

***

Тўқимачилик саноатининг жадал ўсиши

Сўнгги йилларда Ўзбекистон тўқимачилик саноатида катта ижобий ўзгаришлар рўй берди. 2017-йилдан буён пахта ипи ишлаб чиқариш ҳажми 412 минг тоннадан 970 минг тоннагача, трикотаж мато ишлаб чиқариш 68 минг тоннадан 312 минг тоннагача, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш эса 960 миллион донадан 3,1 миллиард донагача ошди. Бу кўрсаткичлар мамлакат ичида пахтани чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот экспортини рағбатлантириш сиёсати натижасидир. Ҳақиқатан ҳам, агар 2016 йилда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қарийб 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 2,8 миллиард долларга етди. Бу эса тармоқнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлиги ошганидан далолат беради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган пахта ҳосилининг барчаси маҳаллий корхоналарда қайта ишланиб, пахта толаси ички қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етган. Ўзбекистон тўқимачилик фабрикаларининг маҳсулотлари ҳозирда 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. Барча имкониятлар хом ашёни етиштиришдан тортиб тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ циклни ривожлантиришга қаратилган.

Шу билан бирга, бундай ютуқлар янги вазифаларни ҳам юзага чиқарди. Эндиликда Ўзбекистон тўқимачилик саноати АҚШ ва Европа Иттифоқининг премиум бозорларида ўз ўрнини мустаҳкамлаши лозим. Бу бозорларда юқори сифат стандартлари, хом ашёнинг келиб чиқишини кузатиш имконияти (traceability) ва ишлаб чиқаришнинг экологик барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Бундай глобал брендлар талабларига мос келиш учун фақат ички имкониятлар етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли махсус навли пахтани импорт қилиш зарурати юзага келган.

Импорт – маҳаллий ишлаб чиқариш ўрнини босиш учун эмас, балки қўшимча имкониятлар очиш учун

Кўпчиликда савол туғилади: агар мамлакатда пахта етарли бўлса, нега уни импорт қилиш керак? Муҳим жиҳати шундаки, импорт ҳеч қачон маҳаллий хом ашёни алмаштириш учун мўлжалланмаган. Аксинча, у фақат аниқ буюртмаларни бажариш учун керак бўладиган жойларда уни тўлдиради. Ўзбекистон ҳар йили 1–1,15 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқаради ва бу ҳажмнинг барчаси аллақачон маҳаллий фабрикаларда қайта ишланади. Бошқача айтганда, маҳаллий пахта тўлиқ ички эҳтиёж учун ишлатилмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда мамлакатда кўплаб янги тўқимачилик корхоналари ишга туширилди ва уларнинг умумий қуввати тез суръатларда ошмоқда. Натижада фабрикаларнинг ўртача қувватдан фойдаланиш даражаси ҳозирча 75 фоиз атрофида. Бу эса тармоқда фойдаланилмаган қувватлар мавжудлигини англатади ва уларни айнан қўшимча хом ашё ҳисобига ишга солиш мумкин. Импорт қилинадиган пахта фақат юқори сифат ва сертификатлашнинг халқаро стандартлари талаб қилинадиган ишлаб чиқариш линиялари ва шартномаларга йўналтирилади. Шундай қилиб, ташқи бозордан пахта хариди маҳаллий фермерларга рақобат туғдирмайди (уларнинг маҳсулоти аллақачон тўлиқ истеъмол қилинмоқда), балки сифатнинг янги босқичига чиқиш учун мақсадли восита бўлиб хизмат қилади.

Жаҳон етакчилари тажрибаси

Ўз хом ашёсини импорт билан уйғунлаштириш стратегияси аслида янгилик эмас – уни етакчи тўқимачилик давлатлари муваффақиятли қўллаб келмоқда. Масалан, Туркия, Бангладеш, Ветнам, Ҳиндистон, Индонезия, Камбоджа, Мексика ва ҳатто Хитой ҳар йили АҚШ, Бразилия, Австралия ва Африка давлатларидан катта ҳажмда пахта импорт қилади.

Нега улар бундай қиладилар? Жавоб жуда оддий: ўз енгил саноатини глобал мижозлар талабларига жавоб берадиган сифатли хом ашё билан таъминлаш учун.

Масалан, Туркия катта пахта ишлаб чиқарувчиси бўлишига қарамай, юқори сифатли толани барибир четдан сотиб олади. Бу эса турк фабрикаларига Европанинг мода гигантлари билан барқарор ҳамкорлик қилиш имконини беради. Бангладеш эса деярли пахта етиштирмайди, аммо бутунлай импорт хом ашёга таяниб, дунёда кийим-кечак экспорти бўйича иккинчи ўринда туради. Ветнам импорт пахтаси туфайли АҚШ бозорига энг йирик беш тўқимачилик етказиб берувчидан бирига айланди, Туркия эса Европа Иттифоқининг тикув маҳсулотлари бўйича асосий ҳамкорларидан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди. Бу мисоллар шуни кўрсатадики, глобал мода бозорида муваффақият қозониш учун мамлакат бутун пахтани ўзи ишлаб чиқариши шарт эмас. Энг муҳими – якуний буюртмачига талаб қилинган сифат ва етказиб бериш ишончлилигини тақдим эта олишдир, ҳатто бунинг учун хом ашёнинг бир қисмини ташқи бозордан харид қилишга тўғри келса ҳам.

Бундан ташқари, муайян навли пахтани импорт қилиш орқали ушбу давлатлар ўз маҳсулотларини қўшимча қиймат берадиган махсус ёрлиқлар билан белгилаш имкониятига эга бўладилар. Жаҳон бозорининг премиум сегментларига чиқиш стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Made with U.S. Cotton» ташаббуси халқаро сифат талаблари, келиб чиқишини кузатиш (traceability) ва экологик барқарорлик стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган.

Америка пахтасининг афзаллиги

Нега ўзбек тўқимачилари эътиборида айнан Америка пахтаси бўлмоқда? Гап шундаки, АҚШдан келадиган пахта толаси барқарор юқори сифати билан машҳур бўлиб, U.S. Cotton Trust Protocol – етказиб бериш занжирини стандартлаштириш ва кузатишнинг замонавий тизимига мос келади. Сертификатланган америка хом ашёсидан фойдаланиш якуний маҳсулотни «Made with U.S. Cotton» деган нуфузли ёрлиқ билан белгилаш ҳуқуқини беради. Бир қатор йирик брендлар учун бу шунчаки маркетинг эмас, балки ҳамкорликнинг мажбурий шартидир. Масалан, Levi’s, Ralph Lauren, PVH, Puma, Gap, Tesco каби компаниялар коллекцияларнинг бир қисми ушбу дастурга кирувчи пахтадан тайёрланишини талаб қилади. Шундай қилиб, Америка пахтасини харид қилиш ўзбек фабрикаларига илгари имкони бўлмаган глобал брендлар билан шартномалар тузиш йўлини очади.

Сотиб олинадиган хомашё дунёга машҳур Strict Middling пахта нави ҳисобланади. Бу ўзига хос хусусиятларга эга юқори навли пахта навидир. Толаси узун ва қалин, бир хил очиқ ва тоза рангларда. Айнан шундай пахта кўплаб брендларнинг премиум кийимлари учун талаб қилинади. Уни ҳар қандай хом ашёдан олиб бўлмайди – у маълум шароитларда етиштирилган ва қайта ишланган бўлиши керак. Жаҳон бозорида бу навнинг ишончли етказиб берувчилари сифатида АҚШ, қисман Австралия ва Бразилия тан олинган. Ўзбекистон учун эса АҚШдан Strict Middling партиясини импорт қилиш миллий тўқимачилик саноати нуфузини ошириш ва премиум сегментга чиқиш йўлидаги бевосита қадам ҳисобланади.

Молиявий жиҳатини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Америка пахтасини харид қилиш АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг GSM-102 дастури доирасида режалаштирилмоқда. Бу кредит кафолатлари механизми бўлиб, унга кўра ўзбек корхоналари хом ашёни 12–18 ойгача тўловни кечиктириш шарти билан олиши мумкин. Амалда, америка томони битим суммасининг 98 фоизигача бўлган қисмини суғурталайди ва ишлаб чиқарувчиларга пахтадан фойдаланиш, кейин эса келажакдаги экспорт тушумидан қийматини тўлаш имконини беради. Бундай схема ривожланаётган бозорлар учун фойдали ва мослашувчан бўлиб, кўплаб мамлакатлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишда кенг қўлланади. Ўзбекистон учун GSM-102да иштирок этиш компаниялар айланма маблағларига дарҳол юклама туширмасдан юқори сифатли хом ашёга имтиёзли молиявий шароитлардан фойдаланишни англатади.

Strict Middling навини ҳозирча ўзимизда етиштириш имкони йўқ

Савол туғилади: керакли сифатдаги пахтани бевосита Ўзбекистон далаларида етиштирса бўлмайдими? Афсуски, яқин йилларда Strict Middling даражасига эришиш бир қатор объэктив сабаблар туфайли қийин. Биринчидан, бутун тармоқ эҳтиёжини фақат маҳаллий хом ашё ҳисобидан қоплаш учун пахта экиладиган майдонларни кескин кенгайтириш ва ҳосилдорликни сезиларли ошириш зарур бўлади. Бундай агротехнологик ўзгаришлар тез амалга оширилмайди – мутахассислар баҳосига кўра, бунга камида 5 йил давомли тинимсиз меҳнат керак бўлади. Иккинчидан ва энг асосийси, Strict Middling нави фақат муайян табиий-иқлим шароитларида ва толани қайта ишлаш технологияларида ҳосил бўлади. Пахтанинг сифати – унинг узунлиги, мустаҳкамлиги, бир хиллиги ва ранги – бевосита иқлимга, қуёш нури миқдорига ва ҳосил пишиш ҳамда йиғим-терим давридаги намлик даражасига боғлиқ. Ўзбекистон ўртача навли пахта етиштириш учун қулай иқлимга эга, аммо энг юқори нав учун зарур бўлган шароитларни табиатан таъминлаш қийин.

Шу сабабли, яқин истиқболда юқори навли пахтани импорт қилиш, худди шундай навни ўзимизда етиштиришга уриниши билан солиштирганда, анча реал ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ ечим ҳисобланади. Бу, албатта, маҳаллий пахта навларини яхшилаш ва селекция бўйича узоқ муддатли дастурларни бекор қилмайди, аммо ҳозирги бозордаги имкониятларни бой бермасликка ёрдам беради.

Ишлаб чиқарувчилар учун фойда

Ўзбек тўқимачилик корхоналари учун импорт пахтадан фойдаланиш нафақат сотув ҳажмларини, балки ишлаб чиқариш жараёнини ҳам янги босқичга олиб чиқади. Юқорида айтилган кечиктирилган тўлов схемаси (12–18 ой) доирасида хом ашё харид қилиш фабрикаларга ўз маблағларини чалғитмасдан қувватларни ишга солиш имконини беради. Оддий қилиб айтганда, завод сифатли толани олади, дарҳол ундан маҳсулот ишлаб чиқади, экспорт қилади ва фақат шундан сўнг – тушган тушумдан – пахта учун тўлов қилади. Бу ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун жуда қулай: экспорт шартномаларидан келадиган маблағлар айланмаси ҳисобига кетма-кет 2–3 ишлаб чиқариш циклини бажариш имконияти пайдо бўлади.

Албатта, элита америка пахтаси оддий хом ашёга қараганда қимматроқ – унинг нархи маҳаллий пахтага нисбатан қарийб 15–20% юқори. Аммо муҳим жиҳати шундаки, уни барча буюртмалар учун эмас, фақат энг фойдали, юқори маржага эга контрактлар учун сотиб олинади. Бундай ҳолларда хом ашё учун қўшимча харажатлар тайёр маҳсулотнинг юқори нархи билан ўзини тўлиқ оқлайди. Аслида, импорт ўзбек фабрикаларига илгари ўтказиб юборилган глобал брендлар буюртмаларини олиш имконини беради. Шу билан бирга, маҳаллий пахта асосидаги базавий ишлаб чиқариш сақланиб қолади – у оммавий сегмент маҳсулотларининг асосий ҳажмини таъминлайди.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, GSM-102 каби импортни молиялаштириш схемалари корхоналарни бозор хавфларидан ҳимоя қилади. АҚШ ҳукумати кафолатлари тўловсиз қолиш мумкин бўлган ҳолатларнинг катта қисмини қоплайди, узоқ муддатли тўлов эса нарх ва талаб тебранишларини юмшатади. Натижада, ўзбек ишлаб чиқарувчилари иш режаларини қўрқмасдан туза олади, шартномаларни бажариш учун зарур хом ашёга эга бўлишини билади ва шунга мослашиб, пул оқимларини бошқаради. Буларнинг барчаси пахта импортини мажбурий чорадан пухта ўйланган бизнес қарорига айлантиради.

Глобал имидж ва интеграция

Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг жаҳон бозорининг премиум сегментларига чиқиши фақат алоҳида фабрикалар даражасида эмас, балки мамлакат миқёсида ҳам фойда келтиради. Гап Ўзбекистоннинг сифатли маҳсулот етказиб берувчи ишончли ҳамкор сифатидаги халқаро имиджини мустаҳкамлаш ҳақида кетмоқда. Агар «Made with U.S Cotton» ёрлиғига эга ўзбек маҳсулотлари АҚШ ва Европа Иттифоқи дўконларида пайдо бўлса, бу бошқа глобал чакана савдо тармоқлари ва дистрибюторларнинг ишончини оширади. Аллақачон GSP+ имтиёзларини олиш Европа Иттифоқи каби мураккаб бозорлар учун Ўзбекистон тўқимачилик экспортини оширишга имкон берди – қисқа вақт ичида ЕИга экспорт ҳажми тахминан 74 миллион доллардан 140 миллион долларга ўсди. Америка ҳамкорлари билан ишлаш эса АҚШ бозорига чиқишда ҳам худди шундай ижобий натижа бериши мумкин.

Стратегик жиҳатдан бундай қадам мамлакатнинг глобал таъминот занжирларига интеграциялашишига ёрдам беради. Ўзбекистон сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, пахта плантацияларида мажбурий меҳнатдан воз кечилиши ва бизнес муҳитининг яхшиланиши туфайли жаҳон тўқимачилик саноати харитасида тобора сезиларли ўрин эгалламоқда. Юқори сифатли хомашё импорти ва халқаро барқарорлик протоколларига (масалан, U.S. Cotton Trust Protocol) риоя қилиш Ўзбекистон тўқимачилик секторини замонавий, масъулиятли бизнес юритувчи ўйинчи эканлигини тасдиқловчи яна бир далил бўлади. Бу янги инвесторлар ва буюртмаларни жалб этади: мамлакат аста-секин глобал брендлар ишлаб чиқаришни жойлаштириши ва унинг самарадорлиги ҳамда стандартларга мослигига ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлган минтақавий «sourcing-hub»га айланади.

Хуллас, кийим-кечак экспортчилари олдинги қаторларида бўлиш Ўзбекистоннинг экспорт обрўсини юксалишига олиб келади. Бу эса логистика ва дизайнга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Nike ёки H&M каби брендлар учун етказиб берувчи бўлиш – бу “юқори лига”да ўйнаш демакдир, ва бундай даражадаги реклама жуда катта аҳамиятга эга. Шу тариқа, Ўзбекистон иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича давлат устувор йўналишларига мос равишда хомашёга боғлиқ бўлмаган экспортнинг узоқ муддатли ўсиши учун пойдевор яратмоқда.

Ўйланган қадам – келажакка сармоя

Хулоса қилиб айтганда, режалаштирилган пахта импортини мажбурий чорадан кўра ривожланишнинг пухта ўйланган стратегияси сифатида кўриш керак. Бу орқали мамлакат тўқимачилик саноатини янги босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган ресурсларга эга бўлади – премиум сегментларга чиқиш, технологик даражани ошириш ва қиммат буюртмаларни жалб этиш имконини беради. Бу жараёнда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зарар кўрмайди, аксинча, янги имкониятлар ва қувватларнинг тўлиқ ишлатилишидан фойда кўради. Умумий қилиб айтганда, юқори сифатли пахта толаси импорти – бу Ўзбекистоннинг жаҳон мода саноатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган прагматик қадамдир.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон сифат ва обрўга инвестиция қилмоқда – бу эса албатта ўз самарасини берадиган сармоядир.

Манба

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг