Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши тезлаштирилади

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши тезлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Швейцариянинг Женева шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Шу вақтга қадар ташриф кун тартиби бўйича халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, 2023 йил 14 март куни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокаралар ўтказди.

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш масалалари, жумладан, жорий йилнинг 14-15 март кунлари Ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо бўлишини жадаллаштириш мақсадида ЖСТга аъзо барча давлатлар билан товар ва хизматлар бозорларига кириб бориш юзасидан икки томонлама музокараларни фаоллаштириш ва уларнинг якунлари бўйича тегишли баённомаларни имзолаш зарурлиги қайд этилди.

ЖСТ Бош директори Ўзбекистон ҳукуматининг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасидаги саъй-ҳаракатларини, шу жумладан, йирик аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб бораётганини олқишлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг фаол ташаббускорлиги туфайли ташкилот билан ҳамкорлик ижобий динамикага эга бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 6-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Икки кун давомида бўлиб ўтадиган мазкур йиғилишда республика савдо режимининг барча жиҳатларига тааллуқли 10 дан ортиқ янги ҳужжатлар кўриб чиқилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг