Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Устюртда кунлик 1 млн куб метр табиий газ олинадиган янги очилган «Ғарбий Қуйи Сургил» конида бўлди (фото+видео)

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Устюртда кунлик 1 млн куб метр табиий газ олинадиган янги очилган «Ғарбий Қуйи Сургил» конида бўлди (фото+видео)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 18 ноябрдаги ПҚ–4522-сонли «Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш йўлида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари Устюрт регионида табиий газ қазиб чиқарилишини ошириш ҳамда қилинаётган ишларнинг бугунги ҳолатини ўрганди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

2021 йилнинг илк кунлариданоқ, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг углеводород хомашёсига тобора ошиб бораётган талабини тўлақонли қондириш мақсадида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Натижада эса, сўнгги йилларда кузатилмаган натижага эришилди, яъни Устюрт регионининг «Ғарбий Қуйи Сургил» майдонидаги 1-сонли қудуқ 4111 метр чуқурликкача бурғиланди.

Жорий йилнинг 9 февраль куни ушбу қудуқда қуйи Юра қатламларининг 4111–4024 метр оралиғидаги нефть-газлилик истиқболларини синаш натижасида, саноат миқёсидаги табиий газ оқимини олишга эришилди.

2020 йил давомида углеводород захирасини ошириш борасида қилинган ишлар самарасини бериб, янги «Ғарбий Қуйи Сургил» газ конденсат кони очилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги қудуқдан кунлик 1,0 млн куб метр ҳажмдаги табиий газ оқими олинган бўлса, ушбу коннинг дастлабки углеводород захиралари 7,5 млрд куб метр табиий газ ҳамда 265 минг тонна газ конденсати миқдорида баҳоланмоқда.

Ушбу янги коннинг нефть-газлилик истиқболлари Устюрт региони бўйича белгиланган геология-қидирув ишларини кенг кўламда жадаллаштиришга замин яратиши билан бир қаторда, 2021 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Республика углеводород хомашё базасини қайта тўлдириш ва ривожлантириш борасидаги вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга хизмат қилади.

2021 йил давомида янги очилган «Ғарбий Қуйи Сургил» конининг ҳудудида геология-қидирув ишлари Дастури доирасида мўлжалланган ишлар давом эттирилади ва навбатдаги 2-сонли излов қудуғи бурғиланади ҳамда унинг нефть-газлилик истиқболлари баҳоланади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари ушбу конда бўлиб, ҳозирда у ерда қилинаётган ишлар ва коннинг самарадорлиги ҳолати билан танишди.

Бу ерда Бошқарув раиси ушбу коннинг очилишида меҳнати сингган ҳар бир ишчи-ходимга миннатдорчилик билдириб, уларга қўшимча шароитлар яратилиши бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, Устюрт регионида қўшимча излов-қидирув ишларини давом эттириш ва янги табиий газ захираларини излаб топиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Таъкидлаш жоизки, Бошқарув раисининг Устюртдаги конлар ва қудуқларда табиий газ ҳамда газ конденсати қазиб чиқарилишини ўрганиш бўйича ташрифи давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг