Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанкда ребрендинг: «Эскича ёндашув натижа бермай қўйди»

Ўзсаноатқурилишбанкда ребрендинг: «Эскича ёндашув натижа бермай қўйди»

Фото: «Ўзсаноатқурилишбанк»

Жорий йилнинг 19 ноябрида «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ребрендинг ҳақида эълон қилди. Банк ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, жараён нафақат банк логотипи ва фирма услубининг, балки бизнес-жараёнлар, хизмат кўрсатиш ва маҳсулот линейкасининг такомиллаштирилганини билдиради. 

Ребрендинг дастурини ишлаб чиқиш Россия банклари ва Бутунжаҳон банк гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC)нинг хорижий экспертларини жалб қилиш орқали амалга оширилди.  

Тайёргарлик босқичида банк фаолиятининг айни дамдаги ҳолати батафсил таҳлилдан ўтказилди. Сўровномалар натижалари шуни кўрсатдики, хизмат кўрсатиш сифати банкни танлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Иккинчи ўринга респондентлар кўрсатилаётган молиявий хизматлар тезлигини қўйдилар. Замонавий ва доимий ҳаракатда бўлган жамият узоқ навбатларда туришни ва банк ходимлари билан батафсил музокаралар олиб боришни истамаслиги аён бўлди. Тарифлар ва уларнинг аҳамияти эса учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ўринни маҳсулот линейкасининг кенглиги ва интернет-банкнинг функционаллилиги, бешинчи ўринни эса — офис қулайликлари каби омиллар эгаллади.

Таҳлил якунларига кўра, банк томонидан 12та муҳим бизнес-йўналишларни қамраб олувчи трансформация режаси ишлаб чиқилган.

«Ишдаги эски ёндашув натижасизликка олиб келди, шунинг учун Ўзсаноатқурилишбанк трансформацияни жорий этишга қарор қилди. Биз банк бизнесининг халқаро стандартларини татбиқ этмоқдамиз, кредитлар олишга имкониятларни кенгайтириб, стратегик инвесторларни жалб қилмоқдамиз. «Яшил банкинг» доирасида биз фаолияти атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган компанияларни қўллаб-қувватлаймиз.  Хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш трансформациянинг муҳим бандига айланади. Аксарият мижозлар нарх туфайли эмас, балки банк ходимларининг ёмон муносабатлари сабаб банкдан кетиш ҳоллари тез-тез учраб туради. Ходимларни янгича услубда ишлашга ўргатиш қийин масала бўлсада, уни уддалай олишнинг имкони бор», — дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ стратегия ва маркетинг бошқармаси бошлиғи Абдураҳимов Отабек.

Матбуот-анжуманида қайд этилишича, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ушбу оралиқ босқичдан ўтиб, кейинги сифат поғонаси – маҳсулотларни сотиш эмас, балки мижоз билан муносабатлар қуришни кўзда тутувчи модель бўйича ишлашни режалаштирган. «Ўзсаноатқурилишбанк» молиявий хизматлар тезлигини оширишга ахборот тизимини тўлиқ ўзгартириш, бизнес-жараёнларни қайта кўриб чиқиш ва филиалларнинг жиҳозланишини модернизация қилиш орқали эришишни кўзлаган. Банк иш графигидан тушлик танаффуси олиб ташланиб, ходимлар смена бўйича иш режимига ўтказилди, бу мижозларга ўзлари учун қулай бўлган вақтда банкка мурожаат қилиш имконини беради. Маҳсулот линейкаси ҳам жиддий трансформацияни бошидан кечириб, янада соддароқ ва қулай бўлади, шунингдек банк сектори учун янги, ўзига хос хизматлар билан тўлдирилади. 

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ янги стратегияси доирасида офисларнинг тузилиши, формати ва хизмат кўрсатиш мантиғини тўлиқ алмаштиради.  Биноларнинг бир қисми қайта қурилди, қолганлари эса 2018 йилнинг охиригача ва 2019 йил давомида  реконструкция қилинади. Ривожланишнинг янги стратегик режасига кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ - сифатли хизмат кўрсатувчи, ахборот технологияларини кенг қўлловчи ва бизнес-жараёнларни халқаро стандартларига мос равишда юритувчи биринчи замонавий молиявий институтга айланиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг