Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Наманганда йиғилиш ўтказмоқда: тафсилотлар

Президент Наманганда йиғилиш ўтказмоқда: тафсилотлар

Фото: Президент матбуот хизмати.

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

“Ҳар сафар бу вилоятга келганимда, одамлардаги кўтаринки кайфиятни, каттаю-кичик доимо ҳаракатда, изланишда юрганини кўриб қувонаман.Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим”,- деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.

Сўнгги йилларда Наманганда салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. 

Эртага бошланадиган камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форумга Наманган шаҳри мезбонлик қилаётгани бежиз эмаслиги қайд этилди. 

Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайди. Бу, энг аввало, яратилган шароит ва вилоят аҳолисининг машаққатли меҳнати билан бўлгани таъкидланди.

Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция кирди, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошди. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда.

Давлат раҳбари вилоятда барча драйвер соҳаларни ривожлантириш учун ресурс ҳам, шароит ҳам етарли эканини кўрсатиб ўтди.

Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 14 та туман ва шаҳар ҳокимлари олдида йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси тургани қайд этилди. 

Норин туманидаги 5 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Шўрариқ маҳалласи мисолида “оғир” маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириб, шаҳар муҳитини олиб кириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. 

Хусусан, бундай маҳаллаларда замонавий маҳалла гузари қуриб берилади, болалар ва спорт майдончалари, сервис объектлари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил этилади. Кўчалар асфальт қилинади ва ёритилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади.

Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг