Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Республикамизда хизматлар соҳаси жадал ривожланмоқда

Республикамизда хизматлар соҳаси жадал ривожланмоқда

Жаҳон тажрибасидан маълумки, хизмат кўрсатиш соҳасида кам харажат билан тез муддатда бизнесни йўлга қўйиш, даромадларининг реал ўсишини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини бошқа тармоқларга нисбатан кўпроқ ташкил этиш мумкин.

Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2022 йилда қабул қилинган «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори соҳада кичик корхоналар ва микрофирмаларни имтиёзли кредитлаш, имтиёзли солиқ ставкаларини жорий этиш, янгича хизмат турларини ташкил этиш юзасидан инфраструктураларни яхшилаш ҳамда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали хизматлар хажмини янада кенгайтириш учун рағбат бўлмоқда.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий йилнинг I йиллигида 469,6 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 фоизга ўсди.

2023 йилнинг январь-июнь ойлари якунларига кўра, ЯИМ таркибида катта бўлмаган ўзгаришлар кузатилган бўлсада, ЯИМ (ЯҚҚ) таркибида хизматлар соҳасининг улуши 44,1 % дан 47,1 % га ошганини кўришимиз мумкин.

ЯИМнинг бошқа тармоқарига назар ташлайдиган бўлсак, жумладан, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши 20,9 % дан 20,1 % га, саноатнинг улуши 28,0 % дан 26,3 % га, қурилиш тармоғининг улуши 7,0 % дан 6,5 % га камайди.

Ушбу ЯИМда тармоқларнинг ялпи қўшилган қийматларининг ҳажми 444,4 трлн.сўм бўлиб, тармоқлар кесимида қуйидагича улушни ташкил этади:

Юқоридаги рақамларга асосан, иқтисодий фаолият турлари бўйича ЯИМда энг юқори улуш хизматлар соҳасида ўз ифодасини топмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 8 ойида тармоқлар кесимидаги ўсиш кўрсаткичлари 2022 йилнинг мос даврига нисбатан ўзгаришлари қуйидагича акс этган:

- хизмат кўрсатиш соҳаси + 58,7 трлн.сўмга;
- қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги + 12,9 трлн.сўмга;
- саноат соҳаси + 12,6 трлн.сўмга;
- қурилиш соҳаси + 3,3 трлн.сўмга ошган.

Иқтисодий тармоқларда хизматлар соҳасининг ўсиш суръати юқори бўлганлиги сабабли, ушбу соҳадаги ўзгаришлар ҳамда ривожланишлар келгусида ҳам янада ўсиши прогноз қилинмоқда.

Хизматлар соҳаси ўсиш тенденцияси-давлат томонидан яратилаётган имконият ва шароитлардан оқилона фойдаланиш билан биргаликда, соҳага кенг қамровда тадбиркорларни жалб қилиш ва бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим аҳамият касб этувчи омиллар ётади.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-август ойларида хизматлар соҳасида 40 168 та (2022 йилнинг январь-август ойларига нисбатан 2 244 тага кўп ташкил этилган) кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, 1 сентябрь ҳолатига ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 336 613 тага етди.

Республикамизда жорий йилнинг ўтган 8 ойида хизматлар ҳажми 288,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,5 фоизга, аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 110,1 фоизга ўсиб, 7,9 млн. сўмга етган.

Бугунги кунда, мамлакатимизда фаолият юритаётган корхоналарнинг 70,4 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келмоқда ҳамда жами банд бўлган аҳолининг 55 фоизидан ортиғи хизматлар соҳасида ишлаб келишмоқда.

Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича тегишли чораларни кўриш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ўзмиллийбанк» АЖ билан биргаликда масъул этиб белгиланган сўнг, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қуйидагиларга эришилди.

Жумладан, 2023 йилнинг 8 ойлигида корхона ва ташкилотлар томонидан жами 116,8 трлн.сўмлик хизматлар кўрсатилди. Ўтган йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 89,3 трлн.сўмни, даврий ўсиш эса 18,2 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, хизматлар соҳасида молия, алоқа ва ахборотлаштириш, таълим ва транспорт хизматларидаги ўзгаришлар бошқа турдаги хизматларга нисбатан юқори ўсиш бўйича натижаларни қайд этган.

Мисол учун, қуйидаги диаграммаларда бир неча йиллик ўсиш тенденциялари билан юқори ўсишни қайд этган хизматларни кўришимиз мумкин:



Тошкент шаҳрида хизматлар соҳаси хажмининг жадал суръатлар билан ўсишининг кузатилиши амалга оширилган ишлар ҳамда аввалдан белгилаб олинган чора-тадбирлар натижаси сифатида кўриш мумкин.

Бу борада, давлат раҳбарининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ўзмиллийбанк» АЖ билан ҳамкорликда режали ишларни амалиётда тўғри тадбиқ қилинаётганлигининг белгисидир.

Айтиш жоизки, 2021 йилдан бугунги кунга қадар соҳада янги лойиҳаларни ташкил этиш, фаолиятини кенгайтириш ҳамда уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзмиллийбанк» АЖ тижорат банклари билан биргаликда 28 мингдан зиёд тадбиркорлар учун 50,4 трлн.сўм, шундан жорий йилнинг 8 ойида 6,4 мингта тадбиркорларга эса 13,3 трлн.сўмлик кредит маблағларни йўналтирилди.

Бунинг натижасида, 2023 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 28,4 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, ушбу соҳада фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 76 мингтага етди.

Умуман олганда, 2021 йилдан бугунги кунга қадар корхона ва ташкилотлар томонидан жами 357 трлн. сўмлик хизматлар кўрсатилди, хизматлар ҳажми эса 2020 йилга нисбатан 2 баробарга ўсди.

Хулоса қилиб айтганда, хизматлар хажмининг ўтган йилларга нисбатан жадал ўсиб бориши аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар хажмининг юқори ўсишишига ҳамда аҳоли даромадларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 2023 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали жумладан, янги тадбиркорларни жорий қилиш, лойиҳаларни тўлиқ ишга туширилиши, мавжуд тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтириш, корхоналар фаолитини расмий секторга ўтказилишини таъминлаш ҳамда соҳа йўналишларида фуқароларни ўзини ўзи банд қилиш орқали жами 445 мингта иш ўринларини яратилиши кўзда тутилган.

Шу муносабат билан, ўтган 8 ой давомида юқорида кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида хизматлар соҳасида 290 мингта иш ўринларини яратилганлиги ижобий натижалардан биридир.

Шунингдек, 2022 йил якуни билан аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар хажми 47 млн. сўмни ташкил этган, ушбу кўрсаткич жорий йил якуни билан 57 млн. сўмга етказилиб, 2020 йилга нисбатан 3 баробарга кўпайиши прогноз қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқларнинг ижросини масъуллар томонидан ўз вақтида самарали бажарилиши орқали мақсадли параметр кўрсаткичларига эришиш натижасида аҳоли бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, янги хизмат турларини жорий қилиш, шунингдек аҳоли жон бошига кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг сонини ошишига сабаб бўлмоқда.

Бу орқали жамиятимизнинг яшаш тарзи яхшиланиб, уларнинг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатиш мақсад қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг