Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда жаҳоннинг йирик авиакомпаниялари қатнашадиган форум бўлади

Тошкентда жаҳоннинг йирик авиакомпаниялари қатнашадиган форум бўлади

Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар майдонида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» (UAALF-2020) биринчи халқаро авиация форуми ўтказилмоқда. Бугун Тошкент шаҳридаги «Hilton» меҳмонхонасида ўтказилган матбуот анжумани шу мавзуга бағишланди.

Матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Транспорт вазири Элёр Ғаниев, «Uzbekistan Airports» АЖ раиси Равшан Исмоилов бошчилигида ўтказилди.

Тадбир меҳмонлари сифатида хорижий давлатларнинг транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлар бошқаруви вакиллари, етакчи халқаро ва хорижий авиакомпаниялар, аэропортлар, авиация ва транспорт соҳасидаги компанияларнинг юқори лавозимли расмийлари иштирок этади.

Халқаро авиафорум ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти ҳамда Бирлашган Араб Амирликларидан жалб этилган «Fair Exhibition Organizers» компанияси (БАА).

Маълумот учун: «Fair Exhibition Organizers» (FEO) Al Zarouni компанияларининг бир қисми бўлиб, унга 1999 йилда асос солинган. Ҳозирги кунгача 150 дан ортиқ халқаро кўргазмани ташкил этган. Дунё бўйича ўзининг 15дан ортиқ офисига эга.

UAALF 2020 халқаро форумида Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Кувайт, Миср, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби кўплаб давлатлардан 60 дан зиёд экспонент, 300 делегат ва 1200 мутахассис, жумладан хорижий давлатларнинг транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлар бошқаруви вакиллари, етакчи халқаро ва хорижий авиакомпаниялар, аэропортлар, авиация ва транспорт соҳасидаги компанияларнинг юқори лавозимли расмийлари иштироки кутилмоқда.

Икки кунлик тадбирга дунёнинг 130 га яқин халқаро ташкилоти жалб қилинган, хусусан, «Boing» ва «Jetcraft» (АҚШ), «Air Charter Service» (Буюк Британия), «Bombardier Business jets» (Канада), «TLD» (Ҳиндистон), «Luftansa Consulting» (Германия), «EGIS» (Франция), «ATR» (Испания), «Kuwait Airways» (Кувайт), «Air Arabia» ва «BGT Events» (БАА), «Gulf Air» (Бахрайн), «Korean Air» ва «Asiana Airlines» (Жанубий Корея), «Azerbaijan Airlines» (Озарбойжон), «Aeroflot» ва «IrAero» (Россия), «Al Masriya» (Миср), «Zagros Airlines» (Эрон), «Pegasus Airlines» ва «Turkish Airlines» (Туркия), «Mitsubishi Corporation» (Япония), «Air Astana» (Қозоғистон) ва ҳоказо.

Форум доирасида ўтадиган кўргазмада аэропортлар, авиация ва логистика вакиллари ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этишади, зеро Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда авиақатновларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида ўзининг логистик имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, 20 февраль куни соат 14:30 дан 16:30 гача Транспорт вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Uzbekistan airways» АЖ, «Uzbekistan Airports» АЖ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, транспорт хизматлари кўрсатувчи туристик фирмалар ходимлари учун «Ўзбекистон фуқаро авиациясининг ривожлантириш: халқаро тажриба ва олинган сабоқлар» мавзусида семинар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Семинарга маърузачи сифатида халқаро эксперт, Украина давлат авиация хизмати собиқ раҳбари Денис Антонюк ва «SmartGov Consulting» Сингапур консалтинг компанияси ижрочи директори Азиза Умарова таклиф этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг