Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ банки томонидан ҳудудларда Банк хизматлари марказлари ташкил этилмоқда

Халқ банки томонидан ҳудудларда Банк хизматлари марказлари ташкил этилмоқда

Фото: Халқ банки ахборот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тижорат банкларининг жойлардаги 70-100 нафар ходим ишлайдиган филиаллар ўрнига 10-15 нафар штатдан иборат ихчам «Банк хизматлари марказ»ларини кўпайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Халқ банки ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу топшириқ ижросидан келиб чиққан ҳолда аҳолига банк хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва мижозларга қулайликлар яратиш мақсадида аҳоли гавжум жойларда «Банк хизматлари марказлари» ташкил этилмоқда. Яқинда акциядорлик тижорат Халқ банки Хоразм вилояти филиали томонидан Урганч шаҳрида ана шундай «Банк хизматлари маркази» фаолияти йўлга қўйилди.

Фото: Халқ банки ахборот хизмати

Урганч шаҳрида ташкил этилган марказда юридик ва жисмоний шахсларга кенг кўламли банк ва консалтинг хизматлари кўрсатилиш йўлга қўйилди. Хусусан, жисмоний шахслар учун микроқарз, овердрафт ва бошқа кредитларни расмийлаштириш, пластик карточка очиш имконияти яратилди.

— Ушбу марказда мижозларга ҳисоб рақам очиш, кредит бериш учун ариза олиш, омонатни расмийлаштириш, барча турдаги тўловлар ҳамда халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти яратилган, — дейди Халқ банкининг Хоразм вилояти филиали раҳбари Жамол Юсупов. — Натижада, мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ошиб, уларнинг банк хизматларидан фойдаланишга кетадиган вақти камайди.

Ушбу «Банк хизматлари маркази» банкоматлар билан таъминланган бўлиб, дам олиш кунисиз фаолият кўрсатади. Бу ерда бозор аҳолиси банкомат хизматидан фойдаланиши, коммунал, уяли алоқа операторлари, интернет ва бошқа хизматлар учун тўловларни амалга ошириши мумкин.

Фото: Халқ банки ахборот хизмати

— Энди турли тўловлар ҳамда банк хизматлари учун узоққа боришга  ҳожат қолмади, — дейди Комила Эгамбердиева. — Уйимизнинг ёнида ташкил этилган марказда кредит тўловларини сўндириши, пластик карта очиш, омонат бўйича ва жамғариб бориладиган пенсия таъминот тизимидаги тушган тўловлар ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятлари ҳам мавжуд экан.

Қайд этиш жоизки, Халқ банки томонидан босқичма-босқич бундай марказлар барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган. Албатта, бу каби марказлар мамлакатимиз аҳолиси учун қулай, тезкор ҳамда ишончли банк хизматларини кўрсатади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг