Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

110 миллион сўмлик арзон уйлар бир юмалаб 210 миллион сўмга айланди

110 миллион сўмлик арзон уйлар бир юмалаб 210 миллион сўмга айланди

Фото: «Uza.uz»

Бундан қурилиш ташкилотлари ва масъул идоралар раҳбарлари мамнун бўлишлари мумкиндир. Аммо аҳолига жабр бўлмоқда. Буни улар билишармикан, ҳис қилишармикан?..

Президентнинг «2017–2021-йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ намунавий лойиҳадаги уйларнинг арзон намуналари жорий қилиниб, биринчи ва иккинчи типдаги уйлар учун бошланғич бадал пули 25 фоиздан 15 фоизга камайтирилди. Бундан эҳтиёжманд оилаларнинг боши осмонга етганди.

Аммо орадан бир оз вақт ўтгач ўша қувончдан асар ҳам қолмади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бошланишида 2 сотих, 3 хонали уйнинг баҳоси 95-110 миллион сўм ва бошланғич тўлови имтиёзли равишда 15-16,5 миллион сўм миқдорида белгиланди. Икки-уч ёки уч-тўрт нафар фарзанди бор ёлғиз оналар, кам таъминланган, эҳтиёжманд, бир сўз билан айтганда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ушбу 15-16,5 миллион сўмни амаллаб тўлашга имкон топаётганди.

Ростини айтганда қариндош-уруғ, қўни-қўшни, дўст-биродарлари ушбу уйга муҳтож оилага давлат томонидан арзон уйлардан бири берилаётганини эшитиб, ҳеч бўлмаганда бошланғич тўловини тўлашга қўлларидан келганча ёрдам беришаётганини эшитган эдик. Афсуски, орадан бир йил ўтиб, ушбу арзон уйларнинг нархи бир баробар оширилганини, яъни 200-210 миллион сўм, бошланғич тўлови эса 31,5 миллион сўм қилиб белгиланганини қандай тушуниш мумкин? Бундай фикрларни журналист сифатида эмас, иш билан «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Тошкент вилоят филиалига борганимда уй учун бошланғич тўловни тўлаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг ҳасратини эшитиб қоғозга туширдим, холос.

— Гарчи туман ҳокимиятидан қўлингга ҳақли равишда уй учун тавсиянома олсангу, топган даромадингдан йиққан-терганларингни қўшиб-чатиб ҳам уйнинг бошланғич бадалини тўлай олмасанг одамга алам қилар экан, — дейди Тошкент туманидан Ноила Маърупова. — Бир йил аввал 2 сотих, 3 хонали уйнинг бошланғич бадали 15-16,5 миллион сўм деб белгиланганди. Қарангки, бир йил ичида 31,5 миллион сўмга, яъни икки баробар ошиб турса. Ахир кам таъминланган, боқувчиси йўқ, ойлик маошидан ташқари даромади бўлмаган фуқаро амаллаб 16 миллионни йиғди-ю бир йилда нарх ўзгариб турибди-да! Энди нима қилиш керак? Ойига 500-600 минг сўм олиб ишлаётган, халққа меҳнати сингаётган, умри бир иш билан ўтишга мажбур, этаги тўла фарзандли уйга муҳтож оилалар ёхуд ёлғиз она қайси пулига имтиёзли уйнинг бошланғич бадалини тўлай олади?

Ахир мўъжазгина 2 сотихли ери бор 3 хонали уй учун 31,5 миллион сўм ўртача иш хақи 500-600 минг сўм бўлган одамларга тўғри келармикан?

Ишлаяпман-ку, бўлиб-бўлиб кредитни амаллаб тўлайман-да, чунки ўз уйим, ўз ватаним бўлади деб қувончдан кўзи ёнган фуқароларимизнинг айримлари белгиланган бошланғич бадални эшитиб энди ё қариндошидан қарз олмоқда, ё аризаларини қайтариб олишмоқда. Тўғри-да, ўзимни мисол қиладиган бўлсам бир ой ишлаб олаётган 500-600 минг сўмимга фарзандларимни едириб-ичирайми, кийинтирайми, боғчасига, мактабига пул тўлайинми?..

Ноила Маърупова шундай дер экан, кўзларидан чиқаётган ёшларни тўхтата олмасди.

— Энди бу уйни ким олса олсин, мен банк айтаётган 31,5 миллионни тўлай олмас эканман, — деди у.

— Сизга яна бир савол бераман. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-қарори билан муҳтож хотин-қизларга имтиёзли шартларда арзон уйларни бериш тартиби тасдиқланди. Шундан хабарингиз борми?

— Хабарим бор. Республика хотин-қизлар қўмитасига бордим. Улар «Бу қарордан хабаримиз бор. Фонд тузилган. Аммо фонднинг маблағи ҳали шакллантирилмаган» дейишди.

Биз биргина фуқаронинг фикрини келтирдек холос, аслини, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг фикрини билмоқчи бўлганларга банкка бориб, аччиқ бўлса-да, асл ҳақиқат, асл ҳолатни ўз кўзлари билан кўришларини тавсия этардик...

Тоштемир Мурод

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг