Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Амир Темурнинг ушалмаган орзуси ёки Бухородаги улкан тарих

Амир Темурнинг ушалмаган орзуси ёки Бухородаги улкан тарих

Фото: Xabar.uz

Бухоронинг Ғиждувон тупроғида узоқ асрларнинг сирларини ўзида сақлаган бир табаррук ном бор: Хўжа Абдухолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний. Бўз тўқувчиликдан бошланган йўл уни бутун бир тариқатга асос солган маърифат мактабига олиб келди. Буюк қадамжо, улкан тарих бор унда. Ғиждувондаги Хўжа Абдухолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний зиёратгоҳи бугун ўтмиш ва янги давр бунёдкорлигини бирлаштирган муқаддас манзилга айланган.

Ғиждувон тупроғига қадам қўйган инсон борки, бу заминнинг оддий ҳудуд эмаслигини дарҳол ҳис қилади. Бу манзил етти пирнинг муборак қадамжоларидан бири. Шу қутлуғ маскан бағрида Хўжагон тариқатига улкан ҳисса қўшган, буюк мутасаввуф олим, соҳибкаромат авлиё Хўжа Абдухолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний ором топган.

У зот 1103 йилда Ғиждувон туманида таваллуд топиб, 1179 йилда шу туманда вафот этган. Тасаввуф тарихида у, нафақат, Хўжагон тариқатининг асосчиси, балки, унинг йирик назариётчиларидан бири сифатида ҳам эътироф этилади. Номаълум муаллиф қаламига мансуб «Зикри воқиоти Хўжаий Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарида қайд этилишича, Абдулхолиқ 9 ёшида Қуръони каримни ёд олган, 10 ёшидан дарвешлар зикрида фаол иштирок этган. Биринчи устози асли бухоролик бўлган имом Садриддиндан тафсир илмини ўрганган. 22 ёшида буюк шайх Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид тушган.

Буюк мутасаввуф бутун умрини тасаввуф ва сўфийлик маданиятига бағишлаб, 5 та асар ёзган. Тарихий манбааларга кўра, унга «Хўжаи жаҳон», «Зикр қалб султони», «Икки олам Хўжаси», «Қутби замон», «Офоқи замон» каби юксак сифатлар берилгани бежиз эмас.

Бўз тўқувчидан чиққан «Хўжаи жаҳон»

Хўжа Абдухолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувонийнинг ҳаёти фақатгина тасаввуф, сўфийликдан иборатгина бўлиб қолмай, у ҳалол меҳнат намунаси ҳам ўрнак бўлган. Ҳазрат бўз тўқиш билан шуғулланган. Хўжагон тариқати Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъат ва хурофотга қарши қатъий кураш олиб борган, сохта пиру-муридликни рад этган. Инсонни тамаъ ва миннатдан қайтариб, ҳалол меҳнат билан кун кечиришга, Аллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаган.

Бўзчиликдан пирликкача бўлган йўл унинг учун осон кечмаган. Бу йўл ғоятда қийинчиликлар, сабр ва матонат билан босиб ўтилган.

Амир Темурнинг ушалмаган орзуси

Тарихда қайд этилишича, Амир Темур Хитой юришидан қайтгач, Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига мадраса ва мақбара қуришни ният қилган. Бироқ, унинг бу нияти амалга ошмай қолган. Аммо бу ният амалга ошмай қолган. Орадан вақт ўтиб, набираси Мирзо Улуғбек 1433 йилда Ғиждувон шаҳрида ҳазрат шарафига мадраса тиклаб, кутубхона ва тошҳаммом қурдирган. Бухоро амири Амир Абдуллохон томонидан эса Ғиждувоний шарафига масжид, минора ва ҳовуз барпо этилган. Бироқ, собиқ иттифоқ даврида бу муқаддас маскан қаровсиз қолиб, эътибордан четда бўлган.

Қайта тирилган масжид

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти кўрсатмаси асосида ҳазрат таваллудининг 915 йиллиги муносабати билан зиёратгоҳда йирик реконструкция ишлари лойиҳалаштирилган эди. Масжид тўлиқ қайта таъмирланди.Қурилиш ва ободонлаштириш жараёнида муҳим бир ҳақиқат, яъни ҳазрат онасининг даҳмаси тошлар остида қолиб кетгани ойдинлашди. Онасининг даҳмаси ҳазрат қабри ёнига кўчирилиб, атрофи ўраб олинди.

Пир қабри устидаги айвон олиб ташланиб, 25 квадрат метр ҳажмда, тўрт томони нақшинкор дарвозали ҳазира тикланди. Қутлуғ қадамжо атрофида 4 гектарли хиёбон барпо этилди, суғориш тизими ўрнатилди. Зиёратгоҳнинг ички 2,5 гектар ҳудуди ободонлаштирилиб, 12 минг квадрат метр айланма ва бурчакли йўлакларга тош ётқизилди. Орқа томони 285 метрли ғиштин девор, олд қисми эса 440 метр айланма узунликдаги темир панжара билан ўраб чиқилди.

Билдирилишича, мақбара олдида 4 минг кишилик жомеъ масжиди барпо этилган. Шимол, шарқ ва жануб томонлардан кириш дарвозалари ўрнатилган. Реставрацияга муҳтож ҳолга келган Улуғбек мадрасаси ва минора ҳам сайқалланган. Шунингдек, 50 ўринли ошхона, таҳоратхона ва кушхоналар янгидан қурилган.

Маълум қилинишича, Абдулхолиқ Ғиждувоний қабри илгари Абдулазизхон даврида ҳазира билан ўраб олинган бўлган. Аммо, ўтган асрнинг 70-йилларида бу деворлар бузиб ташланган. Бухородаги етти пир зиёратгоҳлари девор билан ўралган бўлса-да, фақат Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи очиқ қолган эди.

2019 йил март ойида бунёдкорлик ишлари якунланиб, зиёратгоҳ гўзал ва бетакрор кўринишда зиёратчиларга топширилган.

Янги давр, янги нафас

- 2025 йил 1 апрелда қабул қилинган «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, мамлакат бўйлаб 16 та шаҳар ва туманни комплекс ривожлантириш белгиланди. Улар қаторида Бухоро вилоятининг тадбиркор ва ҳунармандлар юрти сифатида ном қозонган Ғиждувон тумани ҳам бор. Қарор ижроси доирасида туманда 30 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳалар шакллантирилди. Хусусан, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғун ҳолда «Ғиждувон қўрғони»ни қайта тиклаш, «Қўрғон» ва «Чорсу» маҳаллалари негизида туризм маҳалласини ташкил этиш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Миллий анъаналар, тарихий меъморчилик ва замонавий инфратузилма уйғунлигини таъминловчи махсус лойиҳа ишлаб чиқилди,-дейди бу ҳақда «Xabar.uz»га маълум қилган Ғиждувон тумани ҳокими Фарҳод Умаров.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ғиждувоний маҳалласида табиий газ, электр, ичимлик суви ва канализация тармоқлари тўлиқ янгиланган. Ички кўчаларга тошлар ётқизилган. Қадимий дарвозалар ҳам қайта тикланган. Деворлар, ҳунармандчилик маркази ва савдо-туризм объектлари реконструкция қилинган.

- Халқаро экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти бошчилигида XIX асрга оид «Бозори қаймоқ», «Болойи қассобон», «Бобораҳимбой» масжидлари, XVI асрга мансуб «Эски тош ҳаммом»да таъмирлаш ва тиклаш ишлари якунланди. Бу ишлар туманнинг туристик жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, янгиланиш ва тараққиёт жараёнлари одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, тинч ва фаровон ҳаётга бўлган шукроналик туйғусини кучайтирмоқда,-дейди туман ҳокими.

Ғиждувон бугун ҳам катта тарих. Ўтмиш билан келажакни боғловчи тирик кўприк. Бу кўприкнинг таянчи эса ҳалол меҳнат, маърифат ва руҳий покликни тарғиб этган улуғ пир Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний номидир.

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг