Аутодонорлик тартиби белгиланди
Адлия вазирлиги Донор қони ва унинг таркибий қисмларини зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби ҳақидаги низомни давлат рўйхатдан ўтказди (рўйхат рақами: 3763, 28.01.2026 й.).
Низомга кўра, аутодонорлик қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
- донорга аллоген қон (бегона қон) қуйишнинг имкони мавжуд бўлмаса;
- донорнинг қон гуруҳи кам учрайдиган бўлса;
- донор ёки унинг қонуний вакили аллоген қон (бегона қон) қуйишни рад этса.
Аутодонорлик донорнинг жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасаларида донор ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида бепул амалга оширилади.
Аутодонорликдан олдин донорнинг қони лаборатория текширувларидан ўтказилади.
Аутодонорлик қуйидаги даврлардан бирида амалга оширилади:
- жарроҳлик амалиётидан олдин (кўпи билан 30 кун олдин);
- жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнида (1-2 соат олдин);
- жарроҳлик амалиёти давомида (донор ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги олдиндан олинганда).
Донорда ОИВ (ОИТС) инфекция, Б ёки C вирус маркерлари, захм касаллиги ҳамда гематокрит кўрсаткичи 25 фоиздан камлиги аниқланса аутодонорликка йўл қўйилмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter