Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Суднинг оқлов ҳукми ва БМТнинг қарори талаблари қачон бажарилади?

Суднинг оқлов ҳукми ва БМТнинг қарори талаблари қачон бажарилади?

Хидирназар Аллақулов — иқтисод фанлари доктори, профессор

Фото: «Xabar.uz»

Иқтисод фанлари доктори, профессор, Термиз давлат университетининг собиқ ректори Хидирназар Аллақулов таҳририятимизга мурожаат қилиб, 14 йилдан бери бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланмаётганидан шикоят қилди. Қўлида суднинг оқлов ҳукми, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг унинг ҳокимият томонидан ўтказилган босим туфайли ишдан кетишга мажбур бўлгани, шу муносабат билан унинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини тиклаш ва етказилган моддий-маънавий зарарни ундириш ҳақидаги қарори бор. Бироқ афсуски унинг қўлидаги суд қарори ҳам, халқаро даражадаги ҳужжат талаблари ҳам ижро этилмасдан келмоқда. Қуйида муаллифнинг мурожаатини аслича эътиборингизга ҳавола қиламиз.


Мен Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 24 майдаги қарори билан Термиз давлат университети (ТерДУ)нинг ректори этиб тайинланган эдим. Ректорлик фаолиятимга қадар ТерДУда содир этилган ноқонуний ишларга, университет ва унинг атрофидаги коррупцияга ваколатим доирасида қарши курашиб, чек қўйдим.

Тест синовларида мутлақо қатнашмаган ёки етарли балл тўплай олмаган ёхуд ҳужжатларини бошқа шаҳарлардаги олий ўқув юртларига топшириб, тест синовларида етарли балл тўплай олмаганлиги учун талабаликка қабул қилинмаган абитуриентлар ректорнинг талабаликка қабул қилиш ҳақидаги буйруқларисиз (!) университет талабалари таркибига киритилиб, ноқонуний ўқитилиб, дипломлар бериб келинган. Боз устига, бир хил фамилиядаги абитуриентларнинг тест синовларида тўплаган баллари алмаштирилган. Етарли балл тўплай олмаган абитуриентларга кириш буйруқлари чиқарилиб, етарли балл тўплаганларга эса буйруқлар чиқарилмасдан, ўқитилиб келинган.

Ноқонуний ўқитилиб келинган талабалар рўйхатини илова қилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси, Президент девони ва бошқа идораларга маълумотномалар тақдим этдим. Муаммонинг ҳал этилишини сўрадим. Лекин орадан икки йил ўтса-да, бу муаммо ҳал этилмасдан, очиқ қолдирилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, ҳокимият вакиллари ва бошқа шахслар мендан бу «талабалар»га кириш буйруқлари чиқариб, қонуний қабул қилинган талабалар сафига қўшишимни талаб қилишди. Мен уларнинг талабларини бажармадим.

ТерДУда шундай муаммо борлигини юқори идоралар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар яхши билишган. Аниқланишича, бундай «талабалар» сони 917 нафар бўлган. Лекин ўзларини билмаганга олиб келишган. Чунки бундай «талабалар» сафида уларнинг ўзларининг ҳам фарзандлари, қариндошлари ва «таниш»лари бор эди. Шу муаммони кўтариб чиққаним уларга ёқмади. Менинг ўзимни айбдор қилмоқчи бўлишди.

Абитуриентларни талабаликка қабул қилишда адолатли усул қўлладим. Бўш (вакант) жойлар учун контракт тўлови асосида ўқиш истагида бўлган абитуриентлар қатъий баллар кетма-кетлигида қабул қилинди. Маҳаллий ОАВлар орқали баллар бўйича мунтазам эълонлар бериб борилди. Абитуриентларнинг уйларига телеграммалар юборилди. Акс ҳолда 168 балл тўплаган бир ёқда қолиб, 68 балли «даъвогар»ларнинг омади чопган бўларди. Бу усул ҳам уларга ёқмади. Чунки бу усул мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларида жорий этилгудек бўлса, уларнинг «тор» манфаатлари йўлига тўсиқ бўлар эди.

Шунингдек, абитуриентларни талабаликка қабул қилиш бўйича олий таълим муассасаларига ажратиладиган давлат квотасидан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қўшимча ўринлар ҳам муайян «шарт»лар бажарилиши эвазига бериб келинди. Бундай «шарт»ларни бажариш эвазига қўшимча ўринлар олиш учун абитуриентларнинг ота-оналарининг олдига шундай «шарт»ларни қўйишим керак эди. «Шартлар»ни бажариш эвазига қўшимча ўринлар олишни рад этдим. Менинг ректорлик давримда бирорта ҳам қўшимча ўринлар олинмади. Бу ҳам уларга ёқмади.

ТерДУнинг ғазнаси ва банкдаги ҳисоб рақамидан Сурхондарё вилояти прокуратураси ва вилоят хўжалик судининг мансабдор шахсларининг ҳимоясида бўлган университетнинг мансабдор шахслари, фирма ва банк муассасаси раҳбарлари томонидан талон-торож қилинган расмий курсда 600 000 (олти юз минг) АҚШ долларига тенг пулни университетга қайтартирдим. ТерДУ ва унинг атрофида содир этилган ноқонуний қилмишларнинг кўлами кенг. Юқорида келтирилгани каби ғайриқонуний қилмишлар рўйхатини қўлимдаги ўзгармас, ўз кучини йўқотмайдиган ва рад этиб бўлмайдиган ҳужжат-далиллар асосида давом эттиришим мумкин. Аммо кичик бир мақола доирасида барча ғайриқонуний қилмишларни баён этишнинг имкони йўқ.

Сурхондарё вилоят прокуратураси 2004 йил 26 апрель куни қасддан менга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, мансаб совуққонлиги ва хизмат сохтакорлиги содир этган деб жиноят иши қўзғатди. Бош прокуратура жиноят ишини алоҳида назоратга олди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилаётганига қарамасдан, «Ўзбекистон овози» газетасининг 2004 йил 20 май сонида «Республика прокуратураси диққатига» деган таҳдидли рукнда мен ҳақимда «Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими? Ёки давлат бюджетидан ажратилган маблағлар айрим жойларда қандай талон-торож қилинаётгани ва ўғирланаётгани ҳақида» сарлавҳали фельетон чоп этилди.

Ўша пайтдаги Олий ва ўрта махсус таълим вазири, ҳозирги кунда Президентнинг давлат маслаҳатчиси 2004 йил 14 июнь куни қўзғатилган жиноят иши ва фельетонни асос қилиб, ректорлик лавозимидан кетиш ҳақида ваколатга эга бўлмаган Бош вазир ўринбосари Алишер Азизхўжаев номига ариза ёзишимни талаб қилди. Бу Президент девони талаби эканлигини таъкидлади. Мен ариза ёзмаслигимни билдирдим. Ўша пайтдаги Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўзимни эмас, фарзандларим тақдирини ҳам ўйлашга мажбурлигимни, акс ҳолда бундан-да ёмон оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Юқорида келтирилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар, босим ва тазйиқлар туфайли ариза ёзишга мажбур бўлдим. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 июндаги қарори билан ректор лавозимидан озод этилдим.  

Босим туфайли ариза ёзишга мажбур бўлганимни судларнинг мажлисларида тасдиқлаб, саккиз нафар гувоҳ, улар қаторида вазир ўринбосари академик Шавкат Аюпов ҳам бор, кўргазмалар ва тушунтириш хатлари беришди.

Прокуратура 2004 йил 23 июль куни қасддан менга нисбатан олти эпизодли айблов эълон қилиб, жиноят ишини судга ўтказди. Муносаб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат олиш орқали очиқда қолдириш эҳтиёт чораси қўлланди.

Устимдан суд жараёнлари олиб борилаётганига қарамасдан, «Ўзбекистон овози» газетасининг 2004 йил 28 сентябрь сонида айбсизлик презумпцияси талабларига зид равишда «Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими?»  сарлавҳали иккинчи фельетон чоп этилди ва мен «бош айбдор» деб эълон қилиндим. Шу сабабли жиноят ишининг назорати янада кучайтирилди.

Жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг туман судларидан бошлаб Олий суд билан жами 14 та суднинг 30 нафардан ортиқ судьяси уч йил мобайнида кўриб чиқиб, мени суд қилишди. Ушбу судларнинг барчаси мени ҳақ, прокуратура органлари ва матбуотни ноҳақ деб топишди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туман суди қўйилган айблар бўйича мени мутлақо айбсиз деб эътироф этди ва 2006 йил 23 февраль куни Жиноят процессуал кодекснинг 83-моддаси 1, 2 ва 3-бандларига кўра оқлов ҳукми чиқариб, эълон қилди. ЖПКнинг 304 — 314-моддалари тартибида ҳуқуқларим тикланиши ва менга нисбатан етказилган зарар қопланиши шарт эканлигини оқлов ҳукмида кўрсатди.

Аммо прокуратура органлари оқлов ҳукмини қабул қилолмади. Протестлар келтиришди. Шу сабабдан яна бир ярим йилга яқин судма-суд юриб сарсон-саргардон бўлдим.

Деҳқонобод туман прокурори киритган протест ва Бош прокуратура икки марта келтирган протестлар судлар томонидан рад этилиб, оқлов ҳукми яна уч марта қайта тасдиқланди.

Сўнгги марта жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди апелляция инстанцияси оқлов ҳукмининг асосли ва қонуний эканлигини тасдиқлаб, 2007 йил 5 июнь куни ажрим чиқарди. Уч йил давом этган суд жараёнларига нуқта қўйилди ва оқлов ҳукми узил-кесил қонуний кучга кирди.

Суд ҳужжатлари ва оқлов ҳукмида: «Университетда узоқ йиллар давомида абитуриентларни талабаликка қабул қилиш қоидалари қўпол равишда бузилиб, айрим талабалар ноқонуний йўл билан ўқитилиб, уларга ноқонуний дипломлар бериб келинган. Х.Аллақулов эса ректор сифатида фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ушбу ноқонунийликларга қарши курашиб, бу ҳолатларга чек қўйган... Х.Аллақулов Термиз давлат университетидаги талон-торож ва ноқонунийликларга чек қўйганлиги учун манфаатдор гуруҳлар ва шахслар туҳмат уюштирган. Прокуратура томонидан юқори идораларга тақдимномалар киритилган. Прокуратура қандай йўл билан бўлса-да, Х.Аллақуловни айбламоқчи бўлган», — деб ёзилган.

Прокуратура нафақат менга нисбатан қасддан айбловлар эълон қилди, балки бошқа шахслар, банк муассасаси ва фирмаларнинг раҳбарлари томонидан университетнинг расмий курсда 600 минг АҚШ долларига тенг талон-торож қилинган пулларини ва бошқа жиноятларни тасдиқловчи ҳамда мен терговда ва Президент девонига тақдим этган ҳужжатларнинг нусхалари ва берган кўргазмаларимни қасддан тергов материалларидан чиқариб, йўқ қилган. Бу ҳужжатлар менинг қўлимда мавжуд. Прокуратуранинг мансабдорлари содир этилган ҳақиқий жиноятларни яшириб, жиноятлар содир этди. Қонунга хиёнат қилди. Адолатга тупурди.

Суд оқлов ҳукми билан бирга Вазирлар Маҳкамасига «Х.Аллақуловнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини тиклаш мақсадга мувофиқ ва лозим» деган мазмунда хат киритди. Лекин оқлов ҳукми ва суднинг хати мутлақо эътиборсиз қолдирилди. Аввалги ишимга тикланмадим. Бинобарин, топталган шаъним, қадр-қимматим ва ишчанлик обрўм тикланмади.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳридаги судларга киритган даъво аризаларим ва Олий судга назорат тартибида киритган шикоятларим рад этилиб, ҳуқуқларим тикланмади.

Бош прокурор Рашид Қодиров ва биринчи Президент номларига киритган шикоятларим ва мурожаатларимга ҳаттоки жавоб хатлари ҳам олмадим.

Шаъним учун БМТ Бош ассамблеясининг резолюцияси билан 1966 йилда қабул қилинган, Ўзбекистон 1995 йилда ратификация қилган, қўшилган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт билан берилган ҳуқуқларимдан фойдаланиб, Женева бориб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетига 2011 йил мурожаатномам ва илова қилинган ҳужжатларни тақдим қилдим.

Комитетдан 2014 йил 20 июнь санаси билан хат олдим. Хатда мурожаатномам иш сифатида расман рўйхатга олингани, нусхаси ва илова қилинган ҳужжатлар давлатга юборилгани, олти ой муддат белгилангани, давлатдан шу муддат ичида кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ёки фикри ҳақида маълумот бериш сўралгани, давлатнинг ҳар қандай жавоби менга тақдим этилиши билдирилди.

Мен-ку шаъним, ор-номусим деб комитетга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Давлатнинг халқаро миқёсдаги обрўси бор. Давлат арбоблари давлат обрўсини юқори тутади. Ўзининг бир фуқароси билан халқаро миқёсда тортишиб, судлашиб юрмаса керак. Менга нисбатан адолатни миллий қонунлар талабларига асосан давлатнинг ўзи қарор топтиради. Бу ҳақда комитетга маълум қилиб, мурожаатномамни кўрмасдан қолдиришни сўрайман деган фикрда эдим.

Лекин мен ўйлагандек бўлиб чиқмади.

Давлат Ўзбекистон номидан «Х.Аллақуловнинг мурожаатномасини комитетда кўриб чиқиш номақбул» деган мазмунда комитетга тўрт марта вербаль ноталар, яъни имзосиз жавоблар юборган. Комитетнинг қарорида худди шундай деб ёзилган.

Комитетдан 2016 йил 25 ноябрь санаси билан хат олдим. Хатда: «Иш ҳужжатлари кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш учун тайёр. Комитетнинг 2017 йил 3-28 июль кунлари Женевада бўладиган 120-сессияси муҳокамасига қўйилади», — дейилган эди.

Бу вақтга келиб Ўзбекистонда ҳолат ўзгарди. Халқнинг руҳиятида, бинобарин менинг ҳам руҳиятимда кўтаринкилик ҳосил бўлди. 2017 йил «Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Энди адолат ўз она ватанимда, давлатимнинг ўзи томонидан қарор топтирилади деб ишондим. Президент Шавкат Мирзиёев номига икки марта мурожаатнома тақдим этиб, оқлов ҳукми ва комитетнинг хатини  илова қилдим.

Биринчи Президентнинг 1992 йил 9 мартдаги П-137- ва 2005 йил 7 майдаги П-2209-фармойишларига кўра ректорларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ваколати фақат Президентда.

Президентдан менга нисбатан адолат халқаро конвенцияга биноан комитет томонидан эмас, миллий қонунларга асосан ўз давлатим томонидан қарор топтирилишига ёрдам беришни сўрадим. Бундан ташқари, Президентнинг шахсий қабулини ҳам сўрадим. Аммо менинг ушбу мурожаатларим Бош прокуратура ва «Ўзбекистон овози» газетасига юборилган. Улардан эса аввалгиларидек рад жавоблари олдим. Мурожаатларим Президент Шавкат Мирзиёевга етказилмаган деган фикрдаман.

Комитет 2017 йил 3-28 июль кунлари Женевада бўлган 120-сессиясида мурожаатномамни кўриб чиқиб, 19 июль куни хулосалар ва қарор қабул қилди.

Комитет қарорининг 6.3-бандида: «Комитет Х.Аллақуловнинг ҳокимият томонидан ўтказилган босим туфайли лавозимидан озод қилиш тўғрисида ариза беришга мажбур бўлганлиги, ишдан бўшатишда процессуал қонунларга риоя қилинмаганлиги ва миллий судлар гувоҳларнинг унинг фойдасига берган кўрсатмаларини инобатга олмаганлиги ҳақидаги важларини эътиборга олади. Комитет меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхасини Х.Аллақулов ҳеч қачон олмаганлиги туфайли сўнгги муддатни ўтказиб юборганлиги ва бу буйруқни у биринчи босқич судида унинг даъвоси рад этилган 2008 йил 28 августда биринчи марта кўрганлиги ҳақидаги важларини ҳам эътиборга олади», — деб ёзилган.

Қарорининг 8-бандида: «Комитет факультатив протоколнинг 5-моддаси 4-бандига мувофиқ иш кўриб, унга тақдим этилган фактлар иштирокчи-давлат пактнинг 14-моддаси 1-бандини, 2-моддаси 3-банди билан биргаликда ва пактнинг 17-моддасини алоҳида ва 2-моддаси 3-банди билан биргаликда бузганлиги ҳақида далолат беради деб хулоса қилади», — дейилган.

Қарорнинг 9-бандида: «Пактнинг 2-моддаси 3-бандига мувофиқ иштирокчи-давлат Х.Аллақуловга ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларини тақдим этиши шарт. Бу пактда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари бузилган шахсларга тўлиқ ҳажмда қоплашни талаб қилади. Ушбу ҳолатда иштирокчи-давлат, жумладан: а) Х.Аллақуловга адекват, яъни тўлиқ ҳажмда компенсация тақдим этиши, шу жумладан маҳрум бўлган иш ҳақи ва олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари ва унинг обрўсига етказилган зиён, судда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари ва ушбу тақдимномада кўрсатилган бузилган ҳуқуқлари учун; b) Х.Аллақуловга унинг обрўси, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси тикланиши учун сатисфакция(қониқиши)нинг тегишли воситаларини шаҳар судининг 2009 йил 16 январь кунидаги қарорига мувофиқ тақдим этиши шарт. Шу билан бирга иштирокчи-давлат келажакда бундай ҳуқуқбузарликлар бўлмаслигининг олдини олиш чораларини кўрмоғи шарт», — дейилган.

Қарорнинг 10-бандида: «Иштирокчи-давлат факультатив протокол иштирокчисига айланиб, комитетнинг пактнинг бузилган ҳолатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш ваколатини тан олганлиги, пактнинг 2-моддасига мувофиқ иштирокчи-давлат ўзининг ҳудуди ёки унинг юрисдикциясидаги барча шахсларга пактда тан олинган ҳуқуқларни таъминлаш ва ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда самарали ва бажарилиши шарт бўлган ҳуқуқий ҳимоя воситалари билан таъминлаш мажбуриятини олганлигини эътиборга олиб, комитет иштирокчи-давлатдан 180 кун ичида комитетнинг мулоҳазаларини амалга ошириш учун кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот олишни истайди. Иштирокчи-давлатга комитетнинг мулоҳазаларини чоп этиш ва расмий тилларига таржима қилиш ва иштирокчи-давлатда кенг тарқатиш ҳам таклиф этилади», — дейилган.

Комитетнинг қарори Ўзбекистонга 2017 йил август ойида келиб тушган.

Конституция бўйича миллий қонунлардан халқаро конвенциялар устун туради. Комитетнинг қарори бўйича Президент, Бош вазир ҳамда Президентнинг давлат маслаҳатчилари ва арбоблари номларига тўққиз марта мурожаатномалар тақдим этдим. Уч марта видеотасмага ёзилган 2 соату 18 дақиқалик видеонутқимни киритдим. Президентнинг шахсий қабулини ҳам сўрадим. Лекин бугунги кунга қадар давлат идоралари ва органларидан бирон-бир жавоб олмадим.

Комитет қарорини бажарса бажараман, бажармаса бажармайман деб ёки қарор нотўғри бўлса, нотўғри чиқарилган деб давлат комитетга ва менга жавоб берсин. Нега давлат ҳануз жим?

Жамоатчилик орасида турли фикрлар ва муносабатлар туғилган ёки жиноий жавобгарликка тортилиб, суднинг ҳукми билан айбдор деб топилган шахслар давлатнинг юқори лавозимларига тайинландилар. Уларга нисбатан менинг асло эътирозим йўқ. Бу шахслар балки ҳақдир, лавозимларига лойиқдир. Лекин уларга нисбатан суднинг оқлов ҳукми ёки комитетнинг қарори борми?

Бироқ нега уларга нисбатан қилинган адолат менга келганда оқсаб қолаяпти? Нега бир томонлама ёндашилади?

Ўзингиз хулоса қилинг. Оқлов ҳукми ва комитетнинг қарори бўла туриб, аввалги ишимга тикламаслигим адолатданми?

Шундай экан, суднинг оқлов ҳукми ва комитетнинг қарори талаблари қачон бажарилади?

Давлат ва унинг органлари йўл қўйган хатолар туфайли 14 йилдан буён ишсизман, жабр чекиб келаяпман ахир!

Суднинг оқлов ҳукми ва комитетнинг қарори, бинобарин мурожаатномаларим ҳануз Президент эътиборига етказилмаяпти деган фикрдаман. Президент Шавкат Мирзиёевдан аввалги ишим — ректор лавозимига, бинобарин шаъним, қадр-қимматим ва ишчанлик обрўм тикланишига эътибор қаратишини ва менга нисбатан адолатни узил-кесил қарор топтиришда ёрдам беришини сўрайман.

Хидирназар Аллақулов
иқтисод фанлари доктори, профессор

Изоҳлар 6

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг