Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура танқидий мақоласи учун таҳдидга учраган «Xabar.uz» мухбирини ҳимояга олди

Бош прокуратура танқидий мақоласи учун таҳдидга учраган «Xabar.uz» мухбирини ҳимояга олди

Фото: «Uznews.uz»

Каттақўрғонлик ўқитувчи Диана Еникееванинг фожиавий ўлими тафсилотларини ёритганидан сўнг «Xabar.uz»нинг Самарқанд вилоятидаги махсус мухбири Каримберди Тўрамуродга номаълум шахслар томонидан босим ва таҳдидлар бўлаётгани, у яшайдиган кўп қаватли уйнинг «домком»идан ўзини вилоят ИИБдан деб таништирган икки нафар шахс журналист ҳақида суриштиргани ҳақида хабар берган эдик.


Мавзуга доир:
«Xabar.uz» суриштируви: 23 ёшли ўқитувчининг ўлимида ким айбдор?


Каримберди Тўрамурод ўзининг «Facebook»даги саҳифасида ёзишича, бугун унга Ўзбекистон Бош прокуратурасидан қўнғироқ қилишгани, унинг ҳимояси ва хавфсизлиги назоратга олинганини айтишган.

«Дўстлар, хавотирлар ортда қолди! Бугун менга Тошкентдан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан қўнғироқ бўлди. «Сизни вилоят прокуратурасига чақиришади, ким қанақа таҳдид қилган бўлса, ҳаммасини ёзиб беринг, хавотир олманг, сиз ҳимоядасиз ва хавфсизлигингиз назоратимизда. Ўзингизга нисбатан салгина шубҳали ҳаракатни сезсангиз, мана шу телефонга тўғридан-тўғри чиқинг ва биз сиздек журналистларни ҳимоя қила оламиз», дейишди. Жуда хурсанд бўлдим. Ниҳоят, енгил нафас олдим», — деб ёзади у.

Журналистнинг маълум қилишича, шу куннинг ўзида уни Самарқанд вилоят прокуратурасига чақиришган ва у ўзига нисбатан кимлар томонидан қандай таҳдидлар бўлганини, уларга тегишли чора кўришларини сўраб ариза ёзган. «Менга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора томонидан хайрихоҳлик билан қилинган муомала ва эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди», — дейди Каримберди Тўрамурод.


Мавзуга доир:
23 яшар ўқитувчининг ўлими тафсилотларини суриштирган журналист ўзига босим ва таҳдид бўлаётганини айтмоқда


У мушкул вазиятда уни қўллаб-қувватлаганларга миннатдорлик билдиради. Уларни дуо қилади. «Сизлар билан биргаликда шу юртни, шу элни деб, Ҳақ йўлида, адолат тантанаси йўлида янада куч-ғайрат билан ишлаймиз, Ўзбекистон тараққиёти, тарихи саҳифаларида янги саҳифа очаётган, халқимиз неча йиллар орзу қилган ҳур, обод ва маъмур, адолатли давлатни тиклаш йўлида шижоат билан тинмай ишлаётган, энг муҳими, халқнинг, шу жумладан, биз, журналистларнинг ҳам ишончини уйғота олган президентимиз Шавкат Мирзиёевга камарбаста бўлиб, имконимиз етганича эл дардига дармон бўлиб, меҳнат қиламиз!», — дея сўзларини якунлайди журналист.

«Facebook» фойдаланувчилари мазкур хабарни хурсандчилик билан қарши олганини кўриш мумкин. Жумладан, Абдубосит Якубов «Янги сиёсат ҳам жойларга сиз каби журналистлар орқали кириб боради. Сиздек журналистлар купаяверсин!», деган бўлса, Исмоил Абдуллоҳ исмли фойдаланувчи: «Прокуротура ишлаяпти экан. Офарин!» деб ёзади.

Отабек Усонов номли фойдаланувчи: «Қани эди, таҳдид қилганларга чора кўрилса ва бу бўйича очиқ ҳисобот берилса, бошқаларга далда, ишонч, бу каби пасткашларга ўрнак бўлар эди», дея муносабат билдирган бўлса, Фаррух Бердиқулов: «Аллоҳ Сизни ва сиз каби инсонларни паноҳида сақласин. Бу хабарингиздан жуда севиндим. Бу ҳолат сизни янада кўп ишларни амалга оширишга, адолат учун курашишга берилган сигналдир. Ишларингизга омад!» дея тилак билдирган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг