Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу соҳа гўёки эгасиз қолгандек!

Бу соҳа гўёки эгасиз қолгандек!

Фото: «Xabar.uz»

Журналистлик бутун дунёда энг хавфли ва ҳатто соғлиқ учун зарарли, шунингдек, халқ дардига дахлдор шарафли касблардан ҳисобланади. Ҳар йили жаҳонда ҳақ сўзи ёки қонли фожеаларнинг илдизларини фош этгани учун кўплаб журналистлар қурбон бўладилар. Ўзимизда ҳам қайсидир зўравоннинг «палагини» босиб қўйиб, таъқибга учраган ҳамкасбларимиз кам эмас. Хуллас, журналистлик ҳурматга лойиқ касб. Чунки журналистни қалами, кўз нури ва оёғи боқади. У фақат ойлик билан тирикчилик қилади, демакки, ҳалол яшашга маҳкум.

Кейинги пайтларда электрон оммавий ахборот воситаларида (тўғрироғи, айрим сайтларда) «мажбурий обуна» ҳақида тинимсиз «айюҳаннос» солинмоқда. Бир фактни қайта-қайта келтиришдан ҳам уялмаяптилар. Оқибат шу бўлдики, мавсум баҳона бирон-бир ташкилот ёки корхонага бориб, ўз нашрингизга обуна бўлишни таклиф этсангиз, «Қўйинг ака! Интернетни ўқимадингизми? Мажбурий обуна қилгани учун фалон «Районо»нинг мудири, фалон идоранинг бошлиғи ишдан кетибди», дейишгача бориб етишмоқда. «Ҳой, мусулмон, бирон нашрга обуна бўлишни таклиф қилиш – бу мажбурий обуна дегани эмас-ку», десангиз, ҳурматли «сайтчи»ларнинг гапларини рўкач қилишади. Бу, бизнингча, нотўғри!

Газета ва журналларни тарғиб қилиш ҳам мумкин бўлмаса, хўш, унда улар дардини кимга айтсин?! Аслида-ку «салла деса, каллани олувчилар» аҳволни шу даражага келтирдилар. Аввало жамиятимиз, халқимиз бу «васваса»ларга тайёр эмас эди. «Сайтчи»лар айтган ўша «мажбурий обуна» туфайли (аслида бу тўғри эмас, инкор этмаймиз) чекка-чеккалардаги ўқув юртлари, маҳаллаларгача асосий нашрлар етиб борарди (чунки обуна нархлари қиммат бўлгани учун ҳеч ким якка тартибда обуна бўлмай қўйган). Одамлар идоралардаги, кутубхоналардаги «подшивка»лардан, зарур бўлганда, фойдаланиб турардилар. Энди «сайтчи»лар шунга ҳам «барҳам бермоқдалар». Улар ҳатто «босма нашрларнинг даври ўтди, кераги йўқ», дейишгача боришмоқда. Тавба-тавба, энг ривожланган давлатлардаги миллионлаб нусхаларда чиқадиган газеталарни унутишган чоғи бу «космополитлар»! Бундан кўра, бориб гуручнинг курмагини теришса бўлмасмикин! Чунки бу «ўтар гап»сиз ҳам юртимизда муаммолар тиқилиб ётибди: баъзи жойларда мудом мажбурий меҳнат, электр энергиясини чекловлар давом этмоқда, кўмир қиммат, газ йўқ, порахўрлик ва ҳоказо... Йўқ, уларга тарсаки уришса ҳам «жавоб» қайтмайдиган мавзу – объект керак. Бошни оғритиб ўтиришармиди!

Энди муддаога кўчайлик: «мажбурий обуна» деганда, асосан, шу пайтгача расмий нашрларга (давлат газеталари ҳам дейишади) ёндашувни тушуниб келганмиз. Ҳокимликларда ҳар йили «мажбурий обуна» қилинадиган газета ва журналлар рўйхати шакллантирилиши ҳам рост. Лекин бу рўйхатларга партиялар, тармоқ газеталари, хусусий нашрлар мутлақо яқин йўлатилмаган.

Аслида «давлат газеталари» ҳам мустақилликнинг бошидан шу пайтгача бюджетдан бир тийин олмай, миллий сиёсатга, яъни ҳукуматга холис хизмат қилиб, яшаб келмоқда. Уларнинг «ош-нон» юки, мана, йигирма етти йилдирки, халқ елкасида. Хўш, «сайтчи» биродарлар бунга нима дейдилар?! Аввало ушбу муаммонинг ечимини топиш, «журналистлар бирдамлигига» таяниб, улар учун ижтимоий ҳимояланган чинакам демократик муҳитни яратиш зарур эмасми?! Чунки кўплаб хусусий нашрлар (ривожланиб кетган бир-иккитасидан ташқари) 1000-3000 адад билан зўрға рўзғор тебратмоқдалар. (Мустақилликнинг дастлабки йилларида қанча-қанча журналистлар ишсиз қолганини унутмайлик! Ҳозир эса вилоят ва туманлардаги нашрлар журналист кадрларга муҳтож. Чунки у ерларда ишловчиларнинг ойлик маошлари жуда оз миқдорда.) Энди шуни ҳам кўп кўринг, ҳурматли «демократ ҳамкасблар»! Ахир алоҳида соҳалар ходимларининг иш ҳақлари муҳтарам Юртбошимиз томонидан неча баробар оширилди. Илло шундай бўлиши ҳам керак, биз уларга ҳавас қиламиз холос!

Хўш, муаммонинг ечими қаерда?! Бизнингча, аввало мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча нашрлар учун соғлом ижодий муҳит, ўзларини тарғиб-ташвиқ қилишларига кенг шароит яратилиши керак. Расмий нашрлар давлат бюджетидан таъминланиб, обуна нархлари арзонлаштирилиши лозим. Шунда якка тартибдаги обуначилар кўпайиб, газеталар хонадонларга ҳам етиб боради.

Бу тажрибани партиялар нашрлари ҳам ўйлаб кўрсалар бўлади.

Хусусий ёки жамоат ташкилоти шаклидаги, айниқса, маърифат улашувчи нашрлар ҳам давлат ҳимоясига олиниши керак. Кўпчилик билан маслаҳатлашиб, бунинг механизмини ишлаб чиқса бўлади. Балки бирон фонд, унда нуфузли комиссия тузилиб, йил охирида ночор қолган жиддий нашрларга ёрдамлар уюштириш мумкиндир. Ёки фақат хусусий, айниқса, маънавий-маърифий нашрларга обуна қилиш билан шуғулланувчи ташкилот тузилар. Албатта, буларнинг бари вақтинча, ҳозирги «обунавий кризис»дан ўтиб олиш учун. Шароит, муҳит яратилиб, нашрлар замонга мослашиб олгач, ҳаммаси ўз ўзанига тушади, иншаоллоҳ!

Бугун, рост гап, журналистлар, газета ва журналлар ёрдамга муҳтож! Барча таҳририятлар нима қилишларини, эртага қандай аҳволга тушишларини билмай, ночор қолишган. Гўё соҳанинг эгаси йўқдек. Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар бу муаммонинг ҳам ечими топилишига умид уйғотади.

«Сайтчи» биродарлар! Сал нафас ростлаб туринг, энди!

Наби Жалолиддин,
35 йиллик иш стажига эга журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг