Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу йил уч марта пилла етиштирилади

Бу йил уч марта пилла етиштирилади

Фото: «Uz24.uz»

«Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг маълум қилишича, шу кунларда пилла парвариши бўйича биринчи мавсум бошланган. Иккинчи мавсум июль-август, учинчи мавсум эса октябрь-ноябрь ойларига мўлжалланмоқда. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

— Ўтган йили синов тариқасида икки марта ипак қурти уруғи парваришлаб, мўл ҳосил етиштирдик, — дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Олим Жумаев. — Жорий йилда уч марта, келгуси йилларда эса тўрт мартадан ортиқ «кумуш тола» етиштирамиз. Ўтган йили пилладан бир йилда икки марта ҳосил оламиз деганимизда шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди, бироқ, биз буни уддаладик. Бу йилги мавсумлар ҳам кўнгилдагидек ўтади. Озуқа базасини шакллантириш учун жорий йилда ҳориждан келтирилган ва маҳаллий навларда 19 миллион 100 минг туп тут кӯчати экилди. Хитойдан яна 20 миллион дона кўчат келтирилади.

Бу йилги мавсум янгилиги тизимда кластр жорий этилгани. Авваллари ипак қуртини қайта ишлаш корхонаси шартнома асосида туман пилла корхонасига, у фермерга, фермер шартнома билан хонадонга бериши жараёнида турлича нарх ва сарсонгарчилик келиб чиқарди. Янги тизимда бундай ҳолатларга чек қўйилади. «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси барчасига бош-қош бўлади ва хонадонлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра ташкил этилган уюшма бугун бир ёшда. Қисқа фурсатда эришилган натижаларни кузатиб, пиллачилик тизими юксалганига гувоҳ бўласиз.

Ахир, тут баргидан экологик тоза ва шифобахш чой ишлаб чиқаришни бошлаган ҳам, инновацион пиллахона кўриб, тутзорларни кенгайтираётган ҳам мазкур уюшма вакиллари. Тутзорларда паррандачилик, қуёнчилик, асаларичиликни ривожлантириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга бел боғлаган ҳам шу уюшманинг мутахассислари. Косметика ва тиббиёт саноати учун ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқаришни бошлаш,сайёҳлар учун ҳудудларда касаначилик маҳалласини ташкил этиш учун Европадаги давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қўйилган қадамлар ҳам яқинда ўз самарасини беради.

Яна бир гап. Ўтган йилдан буён уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланаётган фуқаролар даромад солиғидан озод қилинган. Пиллачилик тармоғи ишчилари ва пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларнинг қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига киритилгани соҳа ходимларини қувонтирди. Бундай имтиёзлар бир вақтлар мажбуран тарқатилган пилла қуртини эндиликда боқишни истовчилар сонини икки баробарга оширди.

Уюшма Ўзбекистон халқаро ипакчилик комиссиясига аъзо бўлди.Тизимда ипак қурти уруғи етиштириш борасида ҳам янги лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда.

Хомашёнинг кўпайиши, албатта, уни қайта ишлашни ҳам талаб этади. Уюшмада ип йигирув ва ипак мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Бухоро вилоятларидаги қайта ишлаш корхоналари иш бошлаш арафасида.

Энг муҳими, уюшмага Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлари ишончли ҳамкор сифатида қарамоқда. Бу эса жорий йилда мўлжалланаётган 42 миллион доллардан зиёд маҳсулотни экспортини таъминлашга хизмат қилади.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг