Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бувайдада ҳам уч эгизак бор, бироқ...

Бувайдада ҳам уч эгизак бор, бироқ...

Фото: «Xabar.uz»

Фарғона вилояти Бувайда туманининг Олтинқўрғон қишлоғида 2017 йилнинг 4 сентябрида уч эгизак дунёга келган. Уларга миллий анъанадан келиб чиқиб, Фотимахон, Ҳасанбой ва Ҳусанбой дея исм қўйилган. Бу ҳақда  ўз вақтида туманнинг «Бувайда кўзгуси» газетасида ҳам бонг урилган эди.

Алқисса,  жажжи гўдаклар улғайишмоқда: улар бир ёшу беш ойлик бўлишди.

Аммо...

Эгизакларни йўқлаб борган кунимиз уччаласи ҳам касал экан.  Оддий шамоллаш. Бироқ оиланинг шарт-шароитидан келиб чиқилса, шу оддий шамоллашга кетадиган дори-дармон сотиб олиш ҳам катта муаммо. Чақалоқларнинг бувиси Маҳбуба аяга астма хасталиги ёпишган, бирор жойда ишлай олмайди. Қолаверса, ёши ҳам катта. Болаларнинг отаси Маъруфжон ака оддий уста. Топгани қозон қайнатишга аранг етади. Қишли-қировли кунларда усталар учун иш йўқ ҳисоби. Оила бекаси-ку чақалоқлардан ортиб бирор юмуш бошини тутиши имконсиз нарса. Хуллас, оила моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож.

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда ёш болалари бор, камҳарж оилалар ижтимоий муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилиб, бундай хайрли ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани инкор этиб бўлмас ҳолат. Шу маънода уч нафар эгизак вояга етаётган хонадоннинг бугунги шароити маҳаллий давлат ҳокимияти, ўзини-ўзи бошқариш органи масъулларининг диққатидан четда қолаётганини оғриқ билан таъкидлаш мумкин.

Юртимизда туғилаётган қўша-қўша эгизаклар, уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлардан кўнгилга қувонч ва фахр тўлади, албатта. Уларнинг ота-онаси етти ухлаб тушига кирмаган сийловларга бурканаётгани-чи?! Ўшандай эътибор-у ғамхўрликларга Бувайдадаги эгизаклар вояга етаётган хонадон ҳам муносиб эмасми? Бугун совуқ уйда шамоллашдан азият чекаётган шу гўдаклар  вояга етиб, юрт фахрига лойиқ инсонлар бўлиб етишиши мумкинми? Албатта! Бунинг учун «Боланинг бегонаси бўлмайди» ҳикматини ёддан чиқармасак бўлгани...

Шарифа Мадраҳимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг