Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Давр саволи: вақт тезлашмоқдами?

Давр саволи: вақт тезлашмоқдами?

Пойабзалимизгача ҳамма жойда соат бор...

Фото: « med.vesti.ru»

Охирги пайтлар ҳаммамиз вақт тезлашгани ҳақидаги фикрларни тез-тез тилга оладиган бўлиб қолдик. Бир қарашда бу фикрда мантиқ йўқдек, ҳеч қачон 25 кунда бир ой ўтмаганидек, 50 дақиқада бир соат вақт ўтиб қолмайди.

Лекин нега унда ҳаммамиз бирваракайига бу жараённи ҳис қилмоқдамиз? Бунинг аниқ жавоби йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Лекин айрим фикрларга эътибор қаратсак.

Масалан, ҳозир вақтнинг тез ўтаётгандек туюлишига ҳар қадамда кўзимиз тушаётган соатлар сабабчи бўлмаяптимикан? (соат деганда вақтни ўлчовчи асбоб — хронометр назарда тутилмоқда). Ахир нима узлуксиз ўлчанаверса, қадрли, нима қадрли бўлса, тез сарфланаётгандек туюлмайдими?

Яқин-яқинда ҳам соат тақиш бойлик белгиси бўлиб, кишининг анча илғорлаб кетганини англатарди. Ота-боболаримизнинг суратхоналардаги соатларни вақтинча тақиб, қўлларини иякларига тираб тушган суратларини ҳаммамиз кўрганмиз.

Ҳозир телевизор ҳам аниқ вақтни кўрсатиб пўписа қилади, ҳамиша ёнимизда юрувчи уяли телефонлар экранининг ярмини ўтаётган ва ортга қайтмайдиган фурсатларни англатаётган рақамлар эгаллаб олган, тикилаётган компьютерларимизнинг бир четида ўтаётган вақтимиз ўлчанмоқда. Камига бир вақтлар ҳавас билан деворларга илинган ва ҳануз тушиш нияти бўлмаган йирик соатларимиз ҳар дақиқада бонг уриб туришибди. Хуллас, пойабзалимизгача ҳамма жойда соат бор.

Агар шулар бўлмаса, табиат ҳодисаларига қараймиз ва тонг отиши, кун ботиши сингари жараёнларга руҳан тайёрланамиз, аниқ муддатларга кўпам боғланавермаймиз ва, табиийки, ўтган фурсатларга бунчалар ачинмаймиз, шошмаймиз...

Балки биз шошаверганимиз, умрни узлуксиз ўлчайверганимиздан вақт тезлашаётганини ҳис қилаётгандирмиз. Яна бир фикр шуки, балки беҳад кўпайган соат(хронометр)ларнинг ҳар бири ўз ишини «ўта аъло даражада уддалаб», бизга аталган вақтни бўлакларга бўлиб юлиб олиб кетаётгандир... Балки, балки...

Ҳарнечук шуниси аниқки, икки нарса чексиз, бири само, бири вақт!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг