Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунё нигоҳи яна Тошкентда. Навбатдаги халқаро йиғилиш

Дунё нигоҳи яна Тошкентда. Навбатдаги халқаро йиғилиш

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 4-5 май кунлари Тошкентда Осиё-Тинч океани минтақаси «ABU» (Asia Pacific Broadcasting Union) Маъмурий Кенгашининг 105-йиғилиши бўлиб ўтади.

Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистонга минтақа ахборот маконидаги етакчи телекомпаниялар ва медиа корпорациялари раҳбарлари, жами 50 га яқин олий мартабали меҳмонлар ташриф буюришади. Ўтган йиллар давомида бу каби форумлар Абу Даби, Истанбул, Деҳли, Бали ва дунёнинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтган. Энди навбат — Тошкент шаҳрига.

«ABU» йиғилиши 4 май куни «Hyatt Regency» Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Шу куннинг ўзида юқори мартабали меҳмонлар шарафига Ўзбекистон ҳукумати томонидан тантанали қабул маросими ҳам режалаштирилган. Шунингдек, дастурда Самарқандга ташриф буюриш, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг диққатга савозор жойларига хорижий операторлар гуруҳлари учун медиа-турлар ўтказиш ўрин олган. Хусусан, «TRT» (Tуркия), «Doordashan» (Ҳиндистон), «CCTV» (Хитой), «Qozog'iston RTRK» телеканаллари Ўзбекистон ва унинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида махсус лойиҳалар тайёрлашни режалаштиришмоқда.

«ABU»нинг учрашувини Тошкентда ташкил этишдан асосий мақсад — телевидение ва радиоэшиттириш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг жаҳон медиа майдонидаги ролини кучайтириш ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришдан иборат. Бундай кўламдаги тадбир минтақадаги етакчи теле- ва радиоэшиттириш ташкилотлари томонидан мамлакатимизга қизиқишини ошириш ва шу орқали Ўзбекистондаги, жумладан, телевидение соҳасидаги ўзгаришларни Осиё-Тинч океани минтақасининг кўп миллионли аудиториясига етказиш учун замин яратиши кутилмоқда.

Осиё-Тинч океани минтақаси радиоэшиттиришлар уюшмаси (ABU) 1964 йил 1 июлда ташкил этилган телевидение ва радиоэшиттириш ташкилотлари уюшмаси бўлиб, сиёсий ва тижорат мақсадларини кўзламайди. Бугунги кунда бутун дунёдаги телерадиоэттирувчиларни бирлаштирувчи энг йирик ташкилот — «ABU»нинг асосий мақсади телевидение янгиликларини алмашиш, қўшма телевизион лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш орқали телерадиоэшиттириш ташкилотларининг ривожига ҳисса қўшиш ва халқаро форумлар, спорт тадбирларини ёритиш, минтақавий мусобақалар ва тадбирларни ёритиш этиш учун ҳуқуқни қўлга киритишда кўмаклашиш ҳисобланади.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси 2004 йилдан буён АBU таркибига киради. 2015 йилдан бошлаб MTРK «KBS» (Корея), «NHK» (Япония), «CCTV» (Хитой), «RTM» (Малайзия) каби етакчи телекомпаниялар қаторида Маъмурий Кенгашнинг маслаҳатчиси ҳисобланади. 2015 ва 2017 йилларда MTРK Тошкентда икки медиа форум ташкил этди ва бутун дунёдан 100 дан зиёд хорижий меҳмонларни қабул қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг