Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энг катта ўғриликлар

Энг катта ўғриликлар

Фото: «Топ рейтинги»

Ўғирланган бойликлар қиймати ва уларнинг атрофида кўтарилган шов-шувлар,  кўплаб жиноятлар тарихда қолган. Уларнинг бир нечтаси бўйича маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

* Аниқ далиллар ва ҳужжатлар сақланиб қолинган ҳамда тўлиқ очилган дастлабки катта ўғрилик сифатида 1831 йилнинг 19 мартида Нью-Йоркдаги «City Bank»дан ўмариб кетилган 245 минг доллар бўйича қайд этилган жиноятни айтиб ўтиш мумкин. Ҳозирда арзимасдек кўринса-да, бу ўз даври учун оламшумул маблағ эди. Ўша даврларда америкадаги ўртамиёна ишчи 30-40 доллар маош эвазига ишларди. Кўп вақт ўтмай жиноят очилди ва пулнинг асосий қисми қайтарилди. Уддабурон ўғри — англиялик муҳожир Эдвард Смит эса панжара ортига равона бўлди;

* 1963 йилнинг 8 августида Англияда бутун бошли поезд ўғирлаб кетилди. Почта эшелони қироллар оиласига тегишли эканлиги шов-шувларни янада ошириб юборди. Вагонларига қимматбаҳо юклар ортилган бу поездни «супуриб» кетиш учун ўғрилар жуда оддий ва самарали усулни танлашди —йўлдаги семафор (поезд светофори) рангини ўзгартириб қўйишди ва поезд тўхташи билан 15 киши унга ёпирилиб чиқишди. Бор-йўғи 20 дақиқа ичида жиноятчилар энг қимматли юклар ортилган икки вагонни хавфсиз жойга тортиб кетиб, ичидаги 2,6 миллион фунт стерлингга, ҳозирги даврнинг 60 миллион долларига тенг қийматли бойликларни қўлга киритдилар. Жиноятни очиш учун нафақат Лондон полициясининг, балки бутун Англия ҳукуматининг обрўси тикилди ва бутун мамлакат посбонлари оёққа турди. Тез орада жиноятчиларнинг аксарияти қўлга олинди ва жазога тортилди. Лекин тўданинг энг машҳур етакчиси Ронни Биггз полиция қўлидан қочиб кетишнинг уддасидан чиқди. Орадан 36 йил ўтганидан сўнг жиноятчи барибир тутилди ва жазони ўташ учун Англияга қайтарилди.

* 1990 йилда АҚШдаги  энг йирик музейлардан биридаги қимматбаҳо расмлар ўғирлаб кетилди. Жиноятчилар осонгина йўл тутдилар. Улар полиция кийимида музей ходимларига учрашиб, сигнализацияларни текшириб чиқмоқчи эканликларини билдирдилар ва тез орада жаҳон тасвирий санъати дурдоналарини олиб чиқиб кетдилар. Суратлар орасида Рембрандт, Моне, Дега сингари мусаввирларнинг ноёб асарлари бор эди ва уларнинг умумий қиймати 300 миллион долларга баҳоланди. Жиноят ҳозирги кунга қадар очилмади;

* 2008 йилнинг 10 февралида ҳам юқоридаги ўхшаш жиноят содир этилди. Цюрихда яшовчи Эмил Бюрленинг шахсий коллекциясидан Ван Гог, Сезанн сингари рассомларнинг 165 миллион долларлик суратлари ўмариб кетилди. Асосли маълумотлар учун 100 минг франк ваъда қилинди. Орадан икки кун ўтиб руҳий касалликлар шифохонаси ёнида турган автомобилдан суратларнинг аксарияти топилди. Лекин уларнинг иккитаси ҳанузгача қидирилмоқда. Гарчи «қора бозор»да ўғирланган суратлар қийматидан ўн баравар арзонга ҳам харидор топиш мушкул бўлса-да, шахсий коллекцияларини тўлдириш илинжида бўлган корчалонларнинг буюртмалари жиноятчиларни нафақат банкларга, балки музейларга ҳам етаклайверади;

* 2009 йилнинг 25 июнида Россиянинг Пермь шаҳрида инкассаторларнинг махсус автомобилидан 250 миллион рубль (деярли 10 миллион доллар) ўғирлаб кетилди. Дарҳол инкассаторлардан бири, жиноятдан кейин йўқолиб қолган Александр Шурман шубҳа остига олинди. Тез орада у қўлга олинди ва ўрмонга кўмиб қўйилган пуллар ҳам топилди. Пулларнинг 1,5 миллион рублини шаввоз ўғри яқин танишларига тарқатиб юборишга улгурганди. Судда Шурман 8 йилга кесилиб кетди. Энг қизиғи, пуллар тегишли бўлган банк судда ўғридан пуллар унда турган муддат учун фоизлар ундирилишини ҳам талаб қилди.

Аҳмоқона ўғриликлар

Кимдир «буюк» жиноятлари билан тарихда қолса, яна кимлардир аҳмоқона ўғирликлари билан бутун умр масхара бўлиб ўтадилар.

* АҚШда бир йигитча чўнтагини осонгина тўлдирмоқчи бўлди ва ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирига кириб, барча нақд пуллар шу ондаёқ унга берилишини талаб қилди. Агар талаби бажарилишдан бош тортсалар ҳаммани ўлдириб ташлашини ҳам писанда қилиб қўйди. Лекин шохобчанинг икки ходими унга қаршилик қила бошладилар. Бундан ғазабланган талончи шу ондаёқ полиция чақиришини айтиб қўрқита кетди. Ҳайратда қолган ходимлар таваккал қилиб яна қаршилик қилишди. Буни қарангки, йигитча ростдан ҳам полицияга қўнғироқ қилди...

* 2008 йилда америкалик полициячилар анча вақтгача бир ўғрини тутолмай юришганди. Ўғри жуда осон йўл тутарди. Асосан ойнаванд заргарлик дўконлари ёнига борар ва ғишт отиб ойнани синдириб, тиллаларни олиб қочарди. Айнан шу услуби кунлардан бирида унинг бошига етди. Навбатдаги мўлжалга олинган ойна зарбага чидамли бўлиб чиқди ва талончи отган ғишт қайтиб келиб ўзининг бошига урилди. Ўғри икки соат давомида ҳушсиз ётди, бу вақт унинг ҳибсга олинишига кифоя қилди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг