Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Етти хонга бир ясовулбоши ва 40 тилло маош

Етти хонга бир ясовулбоши ва 40 тилло маош

«Бўри баковул экан, тулки ясовул экан», деб бошланадиган эртакни кўпчилик эшитган. Аммо ушбу битиклар эртак эмас, балки ҳаётий ҳақиқат, тарихий факт. У Хива хонларидан етти нафарига ясовулбошилик қилган, давлатдаги муҳим мансабни эгаллаган тарихий шахс – Раҳматулло ясовулбоши ҳақида. Бу инсоннинг эгаллаб турган мансаби «тулки»ликни талаб қилиши эса хонлар давридаги сарой ўйинлари боис янада эътиборли бўлган...

Хива хонлигидаги энг муҳим давлат амалдорларидан бири ясовулбошилик мансаби бўлиб, ушбу амал эгаси, хон фармонига мувофиқ, аскарларга қўмондонлик қиларди. Уруш бўлган тақдирда ясовулбоши аскарларни жангга бошлаб борар, тинч даврларда эса хонлар фуқароларнинг турли илтимосларини қабул қиладиган маросимларда ҳозиру нозир эди.

Ясовулбоши, шунингдек, ёвумуд ва човудур сингари туркман уруғларидан тузилган аскарий қисмларга ҳам бошчилик қилган. Шу боис, хонликда иккита ясовулбоши мансаби бўлиб, бири кўчманчи аскарий қисмларга қўмондонлик қиларди. Иккинчиси эса миршаблар орқали пойтахт Хивадаги Ичан қалъани қўриқлаб турган. Шу мақсадда қалъанинг тўртта дарвозасида ясовулбоши бошчилигидаги миршаблар гуруҳи фаолият кўрсатарди.

Хива хонлиги тарихида энг узоқ вақт ясовулбошилик қилиб, донг қозонгани Раҳматулло ясовулбоши бўлган. Унинг бобоси Қурбон Ниёз ясовулбоши ҳам кўп йиллар Хива хонларига садоқат билан хизмат қилган эди. Отаси Муҳаммад Ниёз Оллоқулихоннинг (1825–1842 йиллар ҳукмдори) энг ишончли амалдорларидан бўлиб, хоннинг кўп юришларида ғалаба қозонишига ёрдам берган.

1839 йил 10 ноябрдаги жанглар вақтида у вафот этади. Оллоқулихон ясовулбошининг ўғлида ҳам отаси каби уддабуронлик, мардлигу матнонат борлигини сезиб, шу тариқа Раҳматуллони энг муҳим давлат амалдорлари қаторига қўшади.

Ана шу тарзда Раҳматулло ясовулбоши 1890 йилгача 7 нафар хон салтанатида хизмат қилади. Ўша замон анъанасига кўра, Раҳматулло ясовулбоши бўлгани боис камарига пичоқ тақиб юрарди. Унинг даврига келиб, эски пайтдаги каби ясовулбошининг кумуш қалпоқлик асо олиб юриши бекор қилинганди.

Раҳматуллонинг бир нечта ёрдамчиси бўлиб, улар ясовуллар деб аталарди. Агар хон бир арз юзасидан келган шикоятни текширишга фармон берса, ҳодиса юз берган жойга шикоятчи билан бирга ясовул ҳам борарди. Ясовулбоши Ичанқалъа мудофааси учун жавобгар шахс бўлгани сабабли, агар шикоятни текширишга ўзи боришига тўғри келса, саройдан бошлаб босилган ҳар бир тош (18 чақирим) масофа учун арзчидан ўз фойдасига уч ярим танга ундириб оларди...

Раҳматулло човдур ва ёвмуд туркманларидан иборат 2 минг нафар аскарга қўмондонлик қилган ва мунтазам равишда урушларда қатнашган. Хусусан, ясовулбошилик мансабида турган 1839 йилдан 1890 йилгача бўлган даврда Хивада еттита хон: Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон, Абдуллахон, Қутлимуродхон, Сайид Муҳаммадхон ва Ферузхон каби ҳукмдорлар ҳам бор эди. Уларнинг аксарияти ҳар йили Чоржўй, Марв ва Эронга юриш қилиб турар, гоҳида қўшни хонликлар – Бухоро ҳамда Эроннинг уларга ҳужуми бўлиб турардики, бу даврда Раҳматулло Хива қўшинига бошчилик қилиб, урушларда иштирок этарди.

1873 йили Чор Россиясининг босқини даврида Раҳматулло ясовулбоши қўшини русларга шунчалик талафот етказганки, Хива хонлиги эгаллангач, айнан у асирга олиниб, Россияга сургун қилинади. Раҳматулло шу тахлит ватан мудофассида кўрсатган қаҳрамонлиги учун 7 йил Казалида ҳижрон азобида ўртаниб яшайди. Фақатгина Ферузхоннинг император Александр 2 га қилган илтимосларидан сўнггина у авф этилиб, 1880 йилда Хивага қайтиб келади. Феруз уни яна ясовулбоши қилиб тайинлагач, Раҳматулло олдингидек ўз ишини масъуллик билан бажариб юраверди.

«Материали по истории туркмен и Туркмении» китобида ёзилишича, «Ишончли саркардалардан бўлган Раҳматулло ясовулбоши ёвмуд ва йимрали қўшинларига бошлиқ бўлиб тайинланган» (ўша асар, 2-том, 507-бет, М-Л, 1938 йил).

Шунингдек, ясовулбоши Хивада миршаблар, қамоқхона ва хонни қўриқловчи шотирларга ҳам раҳбарлик қилар, махфий фармонларни ҳам айнан унга ишониб топширарди.

Табиийки, хоннинг энг ишончли одами бўлгани боис, Раҳматуло хазинадан анчагина маош ва эҳтиёжи учун керакли харажатларни олиб турган. Хива хонлиги архив маълумотларига кўра, 1845 йилда Раҳматулло ясовулбоши ўз мушрифи жомли Ғозидан 4.550 ботмон буғдой, 213 ботмон кунжут, 30 ботмон жўхори, 116 ботмон тариқ, 30 ботмон шоли, 4 ботмон мош, 4 ботмон пахта, жами 5.047 ботмон дон олган.

1849–1852 йилнинг рамазон ойида Раҳматулло ясовулбошининг омборида 2.747 ботмон дон бўлгани архив ҳужжатларида қайд этилган. Шунингдек, хонлик архив маълумотларига кўра, Раҳматулло ясовулбоши 1848–1856 йилларда 40 тиллодан, 1857 йилдан бошлаб эса 10 тиллодан маош олиб турган. Табиийки, бу маош ва юқоридаги харажатлар бир оила учун каттагина даромад эдики, шу боис, ясовулбоши хонга садоқат билан хизмат қиларди.

1890 йилда эса Хива хонлари тарихида энг узоқ муддат ясовулбошилик қилган, бунинг устига 7 нафар хоннинг хизматида бўлган мард ва ватанпарвар Раҳматулло касаллик туфайли вафот этди.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг