Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳарбий машғулотлари бошланди

Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳарбий машғулотлари бошланди

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ мамлакатимизнинг 45 нафар ҳарбий хизматчилари 2023 йилнинг февраль-март ойларида «Дўстлик-2023» биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувида иштирок этиш учун Нью-Деҳлидаги Индира Ганди номидаги халқаро аэропорти орқали Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Garhwal Rifles14-батальонига етиб келишди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон республикалари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик 2019 йилда, яъни Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги умумқўшин полигонида биринчи маротаба ўтказилган «Дўстлик» ҳамкорликдаги ўзбек-ҳинд ўқув машғулотларидан сўнг янги босқичга кўтарилган эди.

Шундан сўнг, ушбу ўқув машғулотларининг иккинчиси 2021 йилда Ҳиндистондаги Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказида ўтказилган бўлиб, Ҳиндистон билан ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жанговар операцияларни режалаштириш ва олиб боришда илғор тажрибалар билан алмашиш имконини яратган эди.

Учинчи бор ўтказилган «Дўстлик-2022» биргаликдаги ўқув машғулотлари Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг «Янгиариқ» умумқўшин полигонида ташкил этилиб, икки давлат ҳарбий хизматчиларининг янги билим ва тажриба алмашишга замин яратган эди.

«Дўстлик-2023» ҳамкорликдаги ўқув машғулотларининг тантанали очилиш маросими Ўзбекистон ва Ҳиндистон республикаларининг давлат байроқларини майдонга олиб чиқишдан бошланди. Шундан сўнг, икки иштирокчи мамлакат шарафига аввал Ҳиндистон, ундан кейин Ўзбекистон давлат мадҳиялари ҳиндистонлик ҳарбий оркестр садолари остида янгради.

Тантанали тадбирдан сўнг икки мамлакат ҳарбий контингенти вакиллари учун брифинг ҳамда жамоавий суратга тушиш тадбирлари ташкил этилди.

Ўқув машғулотининг илк кунидан иштирокчилар Ҳиндистон давлатининг тарихи, маданияти, ҳудудий бўлиниши, урф-одат ва анъаналари, ҳарбий салоҳияти ва мудофаа қудрати, армиянинг ташкилий тузилмаси ҳақида маълумот берилди.

Шундан кейин ҳамкорликдаги ўқув машғулоти иштирокчилари учун Ҳиндистон қуролли кучларида фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар таништирилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳамкорликдаги ўқувлар шу йилнинг 20 февралдан 5 март кунига қадар давом этади. Ҳамкорликдаги машғулотлар доирасида икки давлат ҳарбий хизматчиларининг шартли террористик гуруҳларини қидириб топиш, йўқ қилиш, тоғли тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда тоғли ўрмон шароитларида жанговар операцияларни бажариш каби махсус вазифалар ҳамда спорт ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг