Ҳудудларда жамоат транспорти ривожланмоқда

Бугунги кунда ҳаётимизни жамоат транспортисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз транспорт тизими тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Қарор асосида тизимни модернизация қилиш, аҳолининг жамоат транспорти қатновларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш, унинг қамровини кенгайтириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Жараёнда «Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти етакчи молиявий шерик сифатида фаол иштирок этмоқда.
ПҚ-59-сонли қарор доирасида жамоат транспортини бошқаришда мутлақо янги ёндашув — брутто-шартнома тизими жорий этилди. Ушбу тизимга мувофиқ, ташувчилар ҳаракатларининг самарадорлиги ва сифат кўрсаткичлари автоматлаштирилган тарзда назорат қилиниб борилади.
Соҳада биринчи навбатда ҳаракат таркибини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. «Ўзмиллийбанк» АЖ ушбу лойиҳани амалга ошириш учун транспорт корхоналарига имтиёзли кредит ажратиб келмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига бугунги кунда автобус парклари янги, замонавий, хавфсиз, қулай ва экологик талабларга жавоб берувчи транспорт воситалари билан таъминланмоқда.
Шунингдек, автоматлаштирилган диспетчерлик ва назорат тизимлари орқали ҳар бир автобуснинг ҳаракат йўналиши, вақти, йўловчи сони ва техник ҳолати доимий мониторинг қилинади. Транспорт хизмати тарифлари эса «Босиб ўтилган йўл», «Хизмат кўрсатиш сифати» каби мезонларга асосан шакллантирилиб, шаффофлик ва натижавийликни таъминлайди.
Бу тизим нафақат харажатларни оқилона бошқариш, балки йўловчилар учун қулай ва ишончли хизмат кўрсатишга ҳам хизмат қилмоқда.
2023-2025 йилларда ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2025 йил
1 август ҳолатига кўра, жами 1832 та автобус сотиб олинди. Уларнинг умумий қиймати 296 млн долларни ташкил этди. Шундан 1432 таси табиий газда ва 400 таси электрда ҳаракатланади.
Ҳарид қилинган автобуслар ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида 1000 та, Самарқанд вилоятида 263 та, Жиззах вилояти 90 та, Қашқадарё вилоятида 86 та, Фарғона вилоятида 48 та, Сирдарё вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 66 та, Қорқалпоғистон Республикасида 22 та, Навоий вилоятида 67 та, Бухоро вилоятида 44 та, Тошкент вилоятида 41 та ва Хоразм вилоятида 80 тани ташкил қилмоқда.
Автобус йўналишлари янги тармоғининг жорий этилиши, харакат таркиби сиғимининг оширилиши ва янгиланиши, янги табақалаштирилган тариф режалари жорий этилиши ҳамда соҳани молиялаштиришнинг янги «брутто-шартнома» тизимига ўтилиши ҳисобига автобуслар хизматидан фойдаланаётган кунлик йўловчилар сони 2,2 млн. ошди (аввал 500 минга яқин йўловчини ташкил этган). Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 4 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Жорий йил якунига қадар қўшимча равишда 330 та автобус харид қилиниши режалаштирилган. Бу лойиҳалар учун жами 34 млн доллар миқдорида қўшимча кредит маблағларини йўналтириш ҳамда 700 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Тошкент вилоятига 107 та, Андижон вилоятига 100 та, Сурхондарё вилоятига 35 та, Фарғона вилоятига 24 та, Бухоро вилоятига 12 та ва Сирдарё вилоятлариги 52 та харид қилиниши режалаштирилган янги автобусларнинг 230 таси табиий газда, 100 таси эса электрда ҳаракатланади.
ПҚ-59-сонли қарор ижроси доирасида Ўзмиллийбанк томонидан республика миқёсида транспорт соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, автобуслар хариди ва етказиб берилиши тизимли ва босқичма-босқич йўлга қўйилган. Йил охиригача амалга ошириладиган ишлар натижасида умумий автобуслар парки янада кенгаяди ва жамоат транспорти хизмати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади.
Мамлакатимизда урбанизация жараёни тезлашиб, йирик шаҳарларнинг кўпайиб бораётгани ҳамда аҳоли сонининг ўсиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж йил сайин ортмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, маданиятини юксалтириш, уни бугунги давр ва шароитга мослаштиришни тақозо этади. «Ўзмиллийбанк» АЖ каби молиявий институтларнинг фаол иштироки эса, шубҳасиз, бу жараённи янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter