Ички ишлар ходимлари ўқотар қурол ўрнига электрошокер билан таъминланади

Ички ишлар ходимлари ўқотар қурол ўрнига электрошокер билан таъминланади

Фото: «AstroMeridian.Ru»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 февраль куни «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, икки ҳафта муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ва уларнинг ички ишлар бўлимлари тўғрисидаги низомлар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади, унда ҳар бир соҳавий хизматнинг аниқ вазифа ва функциялари, шунингдек, бошқарма ва бўлимлар бошлиқларининг ҳар бир ўринбосари ваколатлари ва жавобгарлигининг аниқ доираси белгиланади.

Бир ой муддатда ички ишлар бўлимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чоралар самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолаш тўғрисидаги низом ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Бир ой муддатда ички ишлар бўлимларининг секторлараро ва туманлараро, шу жумладан, республиканинг бошқа минтақаларидаги ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича уйғунлашган механизмни назарда тутувчи тартиб белгиланади. Бир ой муддатда Тошкент шаҳар патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари нарядларининг ягона дислокацияси ички ишлар бўлимлари фаолият юритишини ҳисобга олган ҳолда танқидий қайта кўриб чиқилади.

2018 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг Илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари фаолиятини мақсадли ўрганиб, улар ишини ташкил этиш бўйича илмий асослантирилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилиши таъминланади.

Икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент шаҳрида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритилиб, бунда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш ҳолатини қайд этиш ва баённомалар тузилиши назарда тутилади.

Пиёдаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш маданиятини юксалтириш, шу жумладан, комплекс тушунтириш ишларини ўтказиш ва уларни ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортиш орқали таъсирчан чоралар амалга оширилади.

Шунингдек, икки ой муддатда мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бўлимлари ходимларини босқичма-босқич табель ўқотар қуроли ўрнига қўллашнинг қатъий тартиби ва шартларини белгилаган ҳолда электрошок воситалари билан таъминлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг