Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ID-карта ва хорижга чиқиш паспорти уйгача етказиб берилади

ID-карта ва хорижга чиқиш паспорти уйгача етказиб берилади

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, авторақам бериш хизматлари сайёр тарзда (фуқароларнинг уйига бориб) амалга оширилади.

«Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (321-сон, 31.07.2023 й.) қабул қилинди.

Қарор билан давлат хизматларини кўрсатиш бўйича қуйидаги 2 та маъмурий регламент тасдиқланган:

1. Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича.

Регламентга мувофиқ, сайёр давлат хизматидан фойдаланишни истовчилар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг расмий веб-сайти, «Call-марказ», мобил иловаси ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат этади.

Шунга кўра, мурожаат этувчи сайёр давлат хизматларини ҳамда ушбу хизматлар кўрсатилиши лозим бўлган бўш кунни танлайди.

Бунда сайёр давлат хизматлари мурожаат этувчининг хоҳишига кўра, қўшимча тўлов асосида (хизмат кўрсатилиши учун тўлов олдиндан тўланган ҳолда) кўрсатилади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига хизматлар 10 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаси қуйидагилар киради:

– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

– I ва II гуруҳ, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар;

– муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;

– ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар;

– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

– ижтимоий хизматларга муҳтож деб топилган шахслар.

Агар мурожаат этувчилар хоҳлаган кунда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаат этувчилар огоҳлантирилади ва унга бошқа кунни танлаш таклиф этилади.

2. Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича.

Регламентга кўра, транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари қўшимча тўлов асосида 1, 3 ёки 5 кунда кўрсатилади (тўлов хизмат кўрсатилишидан олдин амалга оширилади).

Бунда хизмат кўрсатганлик учун қўшимча тўлов миқдорлари қуйидагича:

  • 1 кунда кўрсатилганда – БҲМнинг 4 баравари;
  • 3 кунда кўрсатилганда – БҲМнинг 3 баравари;
  • 5 кунда кўрсатилганда – БҲМнинг 2 баравари.

Хизмат кўрсатиш масофаси 10 километрдан ошганда, ҳар бир километр учун қўшимча тўлов БҲМнинг 5 фоизи миқдорида тўланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур сайёр давлат хизматлари 2023 йил 1 декабрдан йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 октябргача ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқароларнинг яшаш жойига почта жўнатмаси сифатида жўнатиш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 ноябргача:

  • миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишда, республика ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Call-марказ» ташкил қилинади;
  • ЯИДХП ва «Автомототранспорт ҳисоби» ахборот тизимини интеграция қилиш бўйича технологик йўриқнома ишлаб чиқилади;
  • миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун электрон аризани юбориш ёки қўшимча тўлов асосида хизмат кўрсатувчи ходимни яшаш жойига чақириш имконини берадиган дастурий таъминот (мобил илова) ишга туширилади;
  • юридик шахслар томонидан ЯИДХП, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий веб-сайти ҳамда дастурий таъминоти (мобил иловаси) орқали янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун ишончнома, ариза юбориш ҳамда тўловларни электрон шаклда тўлаш йўлга қўйилади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг