Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилади

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилади

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 июнь куни «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонга имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида бир ой муддатда асосий касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлари қайта кўриб чиқилишини ҳамда ҳар чоракда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилишини таъминлайди.

2018 йил 20 июлга қадар муддатда танқидий ўрганиш ўтказилиб, юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби белгиланади.

Бош прокуратура 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда мамлакатда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда қўллашга тақиқ мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиб, бундай тақиқларни жорий этишнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улар келгусида қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2018 йил 20 июлга қадар муддатда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхатини тасдиқлайди.

Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шадманов зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг