Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Истанбулда Марказий Осиё мамлакатларида қурғоқчиликка қарши комплекс кураш муҳокама қилинди

Истанбулда Марказий Осиё мамлакатларида қурғоқчиликка қарши комплекс кураш муҳокама қилинди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Глобал Экологик Жамғарма (GEF)нинг молиявий кўмаги билан CACILM-2 – «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» минтақавий лойиҳасини амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳанинг Ўзбекистондаги жамоаси минтақанинг бошқа мамлакатлари вакиллари билан биргаликда Марказий Осиёда қурғоқчиликка қарши комплекс курашишни режалаштириш бўйича Истанбулда ўтказилган семинарда иштирок этди.

Қайд этилишича, 2000-2016 йилларда Марказий Осиёда қурғоқчиликдан кўрилган иқтисодий йўқотишлар 2 миллиард доллардан ошган. Ҳукуматлараро комиссия маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши аллақачон қурғоқчиликнинг тезлиги, интенсивлиги ва давомийлигини ошириб, кўплаб иқтисодиёт тармоқларига, жумладан озиқ-овқат ва энергия ишлаб чиқаришга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

«Олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, яқин келажакда бу соҳадаги ҳаракатсизлик баҳоси бугунги ҳаракат баҳосидан 10 баравар юқори бўлади, яъни ландшафтни тиклаш ва қурғоқчилик хавфини бошқариш дастурларига бугун инвестиция қилинган бир доллар келажакда ўн долларни тежайди», – деди CACILM-2 лойиҳасининг минтақавий мувофиқлаштирувчиси Маҳмуд Шоумаров.

Семинарда қайд этилганидек, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси Қурғоқчиликка қарши кураш ташаббусини йўлга қўйди ва бу ўз навбатида қурғоқчиликка қарши кураш бўйича миллий режаларни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли дастурни бошлади. Ўзбекистонлик иштирокчилар олган билим ва тажрибаларидан мамлакатда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлашда фойдаланишларини таъкидладилар.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистонда лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор миллий ҳамкорлар билан ҳамкорликда қурғоқчилик ва шўрланишга энг мойил ҳудудлар – Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида мутахассислар шўрланиш жараёнларини бошқариш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқмоқдалар, шу жумладан, жойларда шўрланишни камайтириш бўйича инновацион ёндашувлар ва технологиялар, шунингдек,шўрга ва қурғоқчиликка чидамли экинлар экиш йўлга қўйилмоқда. ФАО томонидан замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхоналар ва бошқа даромад олиш воситалари маҳаллий деҳқон ва фермерларга топширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг